Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жазоир элчиси: Ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун улкан имкониятлар мавжуд

Жазоир элчиси: Ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун улкан имкониятлар мавжуд

Тошкентда Жазоир инқилобининг 70 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Хорижий давлатлар дипломатлари, Ўзбекистон сиёсат, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари қатнашган анжуманда Жазоир Халқ Демократик Республикасининг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Ирқий нутқ сўзлади.

«Жазоир Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни, ҳар томонлама қайта уйғонишни, Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этишга бел боғлаган, катта умид ва мақсадларга интилиб яшаётган қардош ўзбек халқининг эркинлик, демократия, ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт, фаровонлик ва тинчлик-хотиржамлик йўлидаги саъй-ҳаракатларини зўр қизиқиш билан кузатмоқда», – деди элчи.

Икки давлат ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётганини қайд этган дипломат, айни чоқда, робиталарни барча соҳаларда янада юксак чўққиларга кўтариш йўлида улкан салоҳият ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

«Мен ушбу минбардан туриб, Жазоир олий раҳбариятининг мамлакатларимиз ўртасида барча соҳаларда биродарлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги мустаҳкам ва чинакам сиёсий иродасини етказмоқчиман», – деди Муҳаммад Ирқий.

Жазоир миллий байрами муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон ҳукумати номидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов қатнашди.

Маълумот ўрнида, 1830 йили Жазоирга француз мустамлакачилари бостириб кирган. 1920-30 йилларда мамлакатда миллий озодлик ҳаракати кучайган. 1945 йилда рўй берган дастлабки қўзғолон бостирилган. 1954 йил 1 ноябрда эса миллий озодлик фронти ташкил этилган. Шу тариқа миллий озодлик йўлида қарийб 8 йилга чўзилган кураш бошланган. 1962 йил 5 июлда Жазоир мустақилликка эришган.

Аввал хабар берганимиздек, Муҳаммад Ирқий жорий йил 7 май куни президент Шавкат Мирзиёевга янги тайинланган элчи сифатида ишонч ёрлиғини топширганди.

Ўшанда Ўзбекистон президенти Жазоир араб-мусулмон дунёсида жадал суръатда тараққий этаётган мамлакат, Африка қитъасидаги истиқболли шерик экани, араб давлатлари орасида биринчи бўлиб Тошкентда ўз элчихонасини очганини таъкидлаганди.

Жорий йил 3 июль куни бўлиб ўтган Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Жазоир элчиси Муҳаммад Ирқий учрашувида эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш, савдо муносабатларига тўсқинлик қилувчи муаммо ва омилларни аниқлаш ва тезкор тартибда бартараф этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишилган.

Томонлар бир қатор йўналишлар, хусусан, кимё, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, нефть-газ саноати, туризм соҳаларида ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга тайёрлигини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг