Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИББ «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган зўравонни қўлга олди

ИИББ «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган зўравонни қўлга олди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББ «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган шахс қўлга олинганини маълум қилди. У Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинаётгани айтилмоқда.

Қайд этилишича, жиноят иши доирасида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари доирасида бир қатор жиноий ҳолатлар аниқланган. Жумладан, Тошкент шаҳрида «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига тўплаб, қатор жиноятларни содир этган.

«Қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларнинг муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидан», дейилади ИИББ баёнотида.

Жиноят иши доирасида гумон қилинувчи Саидазиз Саидалиев ва бошқа бир неча шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ ушбу шахсдан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган фуқаролардан 71-206-45-66, 71-206-49-46 ёки 102 рақамига ёхуд яқин орадаги ИИОга мурожаат қилишларини сўраган.

«Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ тармоқда Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сўнгги бир ҳафта ичида «кўча жиноий гуруҳлари ва жиноий дунёнинг ўнлаб вакиллари»га қарши кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. 2 декабр куни Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётгани тасдиқлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг