Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фарғонада хизмат хонасида қимор ўйнаган масъуллар жаримага тортилди

Фарғонада хизмат хонасида қимор ўйнаган масъуллар жаримага тортилди

Бир муддат олдин Фарғонада ҳокимлик ходимлари қимор ўйнаётгани акс этган сурат тарқалган ва кейинчалик уларнинг ўз вазифасидан озод қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Олий суд Матбуот котиби Азиз Абидовнинг Xabar.uz'га маълум қилишича, 26 октябр, пайшанба куни мазкур шахсларга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судида кўриб чиқилган.

Суд терговида аниқланишича, Учкўприк туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошқарувчиси Д.Д., тумандаги Оқсув маҳалласи ҳоким ёрдамчиси О.Қ., туман Молия бўлими бошқарувчиси Р.С. ва фуқаро Р.А. лар жорий йил 26 август куни соат 18:00 ларда Учкўприк туманида Боғи-Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Д.Д. га тегишли бўлган тикув фабрикаси биносида белгиланган тартибни бузиб, ўртага пул тикиб, қимор ўйнаган.

Ҳуқуқбузарлар судда, содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрор бўлиб, ҳақиқатдан ҳам юқоридаги ҳолат содир бўлганлигини, ҳозирда эса қилган ишидан пушаймонлигини билдириб кўрсатув берган.

Суд, мазкур шахсларни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 191-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, уларга БҲМнинг 3 (уч) баравари миқдорида, яъни 990 минг жарима жазоси тайинлади.

Суд ҳукмига кўра, жарима давлат фойдасига ундирилади.

Ўз навбатида, суд қароридан норози тарафларнинг қарор эълон қилинган, ҳуқуқбузарлар қарор нусхасини олган кундан бошлаб йигирма сутка ичида Фарғона вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг