Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода салонида мактаб ўқувчилари бўлган автобус ЙТҲга учради. Қурбон борлиги айтилмоқда

Бухорода салонида мактаб ўқувчилари бўлган автобус ЙТҲга учради. Қурбон борлиги айтилмоқда

Бугун, 18 март куни соат 11:30 ларда Бухоро вилояти Когон тумани Янгиҳаёт мавзесида салонида мактаб ўқувчилари бўлган автобус ЙТҲга учради.

Маълум қилинишича, мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус ва «HOWO» русумли юк машинаси тўқнашган ва ҳар иккаласи ағдарилиб кетган.

Ўзини таништиришни истамаган Когон туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчисининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, автоҳалокат унинг кўз ўнгида содир бўлган.

«Тўғриси, биз истамасак-да, Бухоро вилоят драма театрига ўз ҳисобимиздан томошага олиб кетишаётган эди. Ўғил болаларни бошқа автобусга, қиз болаларни бошқа автобусга жойлаштиришди. Бизнинг автобус автоҳалокатга учраган автобуснинг орқасидан кетаётган эди. Кўз олдимизда шунақа даҳшатли тўқнашув бўлдики, эс-ҳушимизни йўқотаёздик. Ахир, у автобусда бизнинг ўғилбола синфдошларимиз бор эди», – дейди ҳали содир бўлган ҳолатдан ўзига келолмаган қиз.

9-синф ўқувчисининг сўзига кўра, синфдоши О.Ж. исмли ўғил бола воқеа жойида вафот этган ва уни экспертизага олиб кетишган.

«Жароҳатланганлар бор. Яна бир синфдошимиз оғир аҳволда комада экан. 11-синф ўқувчиларидан бирининг ҳам вафот этганини айтишмоқда. Аммо, нечоғли аниқ, билмадим.

Энди бир умр театрга бормайман…» – дейди ўқувчи қиз.

«Xabar.uz» мухбири Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи капитан Улуғбек Шукурлаев билан боғланганида, у воқеа жойида экани боис, батафсил маълумотларни кейинроқ беришини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг