Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқ артисти Тўлқин Тожиев вафот этди

Халқ артисти Тўлқин Тожиев вафот этди

Ўзбекистон халқ артисти, дубляж устаси Тўлқин Тожиев вафот этди. Бу ҳақда Ўзбек миллий академик драма театри хабар берди. 

Тўлқин Тожиев 1936 йил 13 апрелда Тошкентда туғилган. 1959 йили А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатиб, Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига ишга киради.

Ўзбекистон халқ артисти Жўра Тожиев хонадонида ўсиб, вояга етган Тўлқин Тожиев ижодий фаолиятини жуда эрта бошлаган. 1947 йилдан «Ўзбекфильм» киностудияси ва республика радиосида ишлай бошлади. Оиладаги ижодий муҳит унда театр санъатига илк меҳрини уйғотган эди. Актёр бўлиб етишишида отасининг хизмати жуда катта бўлди. Биринчи устози ҳам Жўра Тожиев эди. Шунингдек, Шариф Қаюмов, Александр Гинзбург, Тошхўжа Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Саъдихон Табибуллаев каби устоз санъаткорлардан кўп нарса ўрганди.

Тўлқин Тожиев Ўзбек Миллий академик драма театрида юздан ортиқ ранг-баранг образлар яратган. Бобчинский ва Хлестаков («Ревизор»да), Озрик («Ҳамлет»), Эдгар («Қирол Лир»), Яго («Отелло»), Мансур ва Жомий («Алишер Навоий»), Ориф («Имон»), Абдуллатиф («Мирзо Улуғбек»), Жонтой («Сарвиқомат дилбарим» спектакли) каби образлар ҳаётийлиги, жозибаси ва ёрқинлиги билан ажралиб турарди.

Бу актёр ижодини киносиз тасаввур қилиш қийин. 1954 йили Комил Ёрматов «Абу Али Ибн Сино» фильмидаги Журжоний ролига уни таклиф қилди. Тўлқин Тожиевни кенг жамоатчиликка танитган шу қаҳрамон бўлди. Шундан сўнг «Ўзбекфильм» ва Ҳамдўстлик мамлакатлари киностудияларида суратга олинган бадиий фильмларда 20 дан ортиқ роллар ижро этди. Латиф Файзиевнинг «Иккинчи баҳор» фильмида Ҳаким, ака-ука Алексеевларнинг «Алангали йиллар»ида Ҳайдар, Шуҳрат Аббосовнинг «Маҳаллада дув-дув гап» кинокомедиясида Маҳмуд, Дамир Салимовнинг «Беш оғайнилар»ида Жўра, Ройзманнинг «Ленфильм» киностудиясида суратга олинган беш серияли «Қора балиқ изи» фильмида Қодиров, Розанцевнинг «Ҳаёт сенинг қўлингда» картинасида Ҳасанов ва кўплаб фильмларда суратга тушиб, ўзбек кино санъатида ҳам ўз ўрнига эга бўлди.

Тўлқин Тожиев «Ўзбекфильм» киностудиясида ўзбекчага ўгирилган мингдан ортиқ хориж фильмига овоз берган. «Қилич ва қалқон», «Афоня», «Иван Васильевич касбини ўзгартиради», «Сиздан угина, биздан бугина», «Нофелет қаерда?» «Канонир Долласнинг саргузаштлари», «Садоқат», «Филлар менинг дўстларим» шулар жумласидандир. 

1988 йилда унга Ўзбекистон халқ артисти унвони берилди. 1997 йилда эса санъаткор «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Xabar.uz марҳумнинг яқинларига таъзия билдиради. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг