Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент симпозиум иштирокчиларига табрик йўллади

Президент симпозиум иштирокчиларига табрик йўллади

Навоий вилоятида «АЛИШЕР НАВОИЙ ВА ШАРҚ РЕНЕССАНСИ» халқаро симпозиуми ўз ишини бошлади.

Буюк мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ҳамда вилоятда 2025 йил Алишер Навоий йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан ўтказилаётган «АЛИШЕР НАВОИЙ ВА ШАРҚ РЕНЕССАНСИ» халқаро симпозиумида Белгия, АҚШ, Венгрия, Покистон, Россия, Эрон, Миср, Озарбайжон, Туркия, Шимолий Кипр, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 20 га яқин давлатнинг, шунингдек республикамизнинг навоийшунослари, арбоблар, маданият ва санъат намояндалари, йирик олий ўқув юртлари профессорлари бевосита ва билвосита (онлайн платформалар орқали) иштирок этмоқда.

Халқаро симпозиум доирасида Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат масканида ялпи мажлис ўз ишини бошлади. Унда президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов давлат раҳбари  Шавкат Мирзиёевнинг симпозиум иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

«Қадимий Ўзбекистон заминида, гўзал Зарафшон воҳасида Шарқ Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси, буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий номи билан аталадиган навқирон шаҳарда илк бор  ўтказилаётган ушбу форумнинг нуфузи дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда. Бу галги анжуманда Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъалари мамлакатларидан кўплаб таниқли олим ва тадқиқотчилар иштирок этаётгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди. 

Мазкур анжуман Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили» деб эълон қилинган жорий йилда, улуғ аждодимизнинг 584 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган кунларда ўтаётгани унинг файзи ва шукуҳини янада оширмоқда.

Жаҳон адабиёти ва тафаккури тарихида ўчмас из қолдирган Алишер Навоийнинг серқирра ижтимоий-сиёсий, ижодий, илмий-маърифий фаолияти, бой адабий-бадиий мероси асрлар давомида юксак инсонпарварлик, Ватанга садоқат, адолат ва эзгулик тимсоли сифатида ҳамиша жаҳон аҳлининг эътиборини тортиб келмоқда.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий ўта мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний ғояларни  баланд кўтариб майдонга чиққани, ўзбек адабий тилига асос солиб, унинг ўлмас руҳи, қудрати ва латофатини ҳар томонлама исботлаб бергани чинакам маънавий жасорат намунаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бу мумтоз сиймо жаҳон адабиёти мезонларига, замон ва тарих синовларига тўла жавоб берадиган дурдона асарлар яратиб, нафақат ўзбек, балки барча туркий адабиётлар ривожига беқиёс ҳисса қўшгани ҳам юксак ҳайрат ва таҳсинга муносибдир.

Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий мероси ҳақли равишда жаҳон адабиёти даҳоларининг буюк асарлари билан бир қаторда туриши бизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди», дейилади табрикда.

Ялпи мажлисда вилоят ҳокими Нормат Турсунов ҳам нутқ сўзлади.

Симпозиум 8-9 февраль кунлари бутун вилоят бўйлаб шўъба йиғилишлари, «Назм ва наво» адабий кечалари, семинарлар, олимлар билан учрашувлар, Ҳазрат ҳайкаллари пойига гулчамбарлар қўйиш маросимлари ва шу каби маданий тадбирлар билан давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг