Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўртамиздаги дунё – Сизнингча ғолиб бўлиш муҳимми ёки бахтли?

Ўртамиздаги дунё – Сизнингча ғолиб бўлиш муҳимми ёки бахтли?

Макстон Холл – Ўртамиздаги дунё сериали, унинг бундай номланиши бир қарашда сирли бўлиб туюлиши табиий. Аммо, сериални кўрганингизда ўзига ишонган Руби Белл билан мол дунёси ва нуфузига ишонган Жеймс Биуфортнинг ўртасидаги дунё сизни ўз домига тортади.

Макстон Холл – оддий мактаб эмас, балки миллионерларнинг кичик бир дунёсидир. «Беш қўл баробар эмас» – зодагонлар мактабида Руби Белл каби стипендия олиш учун ойлаб тайёрланадиган ўқувчилар ҳам таҳсил олади. Ўсмирлар ҳаёти, уларнинг ички кечинмалари, ҳиссиётларини ўзига қамраб олган Макстон Холл мактабига кириш мен учун ҳам жуда қизиқ бўлди.

Икки дунёқарашнинг бир манзилдаги тўқнашуви

Бу сериалда Руби Беллни қаҳрамон қилиб олишингиз турган гап. Негаки унинг орзулари ва тамойиллари бошқалардан ажралиб туради. Фильм аввалида айтган фикр ҳам бунинг ёрқин исботи: «Ҳар бир киши бу ҳаётда ўзи ҳоҳлагандек яшаши мумкин. Лекин бунга фақат бир жойда эришиш мумкин – Оксфорд Университетида. Уни битирувчилар учун ҳамма эшиклар очиқ бўлади. Агар шу ўқув чорагини муваффақиятли тамомласам, 365 кундан сўнг Оксфорд Университетида бўламан. Макстон Холл бу менинг имкониятим!»

Ўзимизда ҳам ОТМларга киришни орзу қилаётган ҳар бир абитуриентнинг қалбидан ўтадиган гаплар эмасми булар?

Руби Беллга ўхшаган ўсмирларда орзуга эришиш учун ўзига бўлган ишончнинг юқорилиги томошабинни ҳайратга солади, албатта. Аммо қанчадан қанча орзуларинг бўлмасин йўлингда учрайдиган тўсиқлар ҳам етарлича.

Аслзода

Бошида Руби учун муаммоларни келтириб чиқарган, лекин кейинчалик уни бутун мактабга танитган, Жеймс Биуфорт ҳам сериалдаги бош қаҳрамонлардан бири. Жеймс мўжазгина тикувчилик фабрикасидан халқаро компания даражасига эришган Биуфортлар сулоласининг давомчиси. (Биуфорт инглиз зодагонлари услубидаги қадимий бренд, уларнинг коллекцияси бир неча юз йиллар мобайнида жамланган)

Шунинг учун бўлса керак, унинг қарашлари кўпроқ аслзодаларга мос келади. У ҳаётни шахмат доналаридек яъни «Пиёдалар бир умр қирол бўлиш учун курашиши мумкин, аммо фақат қирол бўлиб туғилганларгина нуфуз нима эканлигини тушуна олади», деб тасаввур қилади. Чунки унинг отаси Мортимер Биуфорт ёшликдан қўлингда ҳокимят бўлса, ҳаётда ғолиблар қаторида бўласан қуролингни ташлаган кунинг мағлуб бўласан, дея ўргатиб келган. У ҳаётдаги одамларни ғолиблар ва мағлубларга ажратишни биларди ҳалос.

Пул ва мол дунё эса улар ўртасидаги энг катта тафовут.

Бегона бойлик

Бу икки хил дунёқараш инсонлар ўртасида доим баҳс ва мунозаралар келтириб чиқаради. Бир куни дарсда Руби аччиқ бўлсада Жеймсга бор ҳақиқатни айтади: «Ўзинг ҳеч қандай ҳисса қўшмаган бойлигингни кўз-кўз қилиб яшамоқчимисан? Беҳисоб мол-дунё бўлганда ғоя ва орзуларни кераги бўлмай қолади. Мерос ҳам ҳеч нарсага арзимайди. Ўзинг ҳам ҳеч ким эмассан шу сабабдан ҳеч ким сенга жиддий қизиқиш билдирмайди, фақат пулингга қизиқишади».

Бу ҳаётдаги айни ҳақиқат. Баъзи бой оилада туғилган болалар доим ота-онасидан мағрурланишади ва ўзидан қуйи табақадаги одамларга паст назар билан қарашади. Танганинг иккинчи томонида эса, оддий оила фарзандлари бой оилаларнинг имкониятлари чексиз ва ҳар қандай ҳолатда улар учун барчаси муҳайё деб ўйлашади. Аммо, энг катта ғоялар ва орзулар, имконсиз пайтларда туғилишини билишмайди. Сабаби инсон доим ўзида йўқ нарсаларни қидиради. Уларга эришиш учун бор кучи билан каракат қилади, худди Руби Белл каби…

Романтик ҳисобланган бу сериалда, Руби ва Жеймс ўртасида бошланган нафрат кейинчалик чин муҳаббатга айланганини кўришингиз мумкин. Аслида, сериал Моне Кастеннинг «Мени қутқар» романига асосланиб суратга олинган. Жеймс қанчалик мол-дунё ва имкониятлари кўп бўлмасин, ҳаётда ўзига энг яхши йўл кўрсатувчи сифатида Рубини танлайди. Ҳеч ким уни эшитишни хоҳламаганда ҳам Руби унга ёрдам беради.

Диалог

Жеймс:
- Мен матбуат анжуманига боришни ҳам Биуфортни бошқаришни ҳам хоҳламайман. Ҳатто, Оксфордга киришни ҳам унчалик ҳоҳламайман.
Руби:
- Ростанми?
Жеймс:
- Тайёрлов курсида ҳақ гапни айтгандинг, исмим бўлмаса мен ҳеч кимман. Қоғозда кўплаб имтиёзларим, имкониятларим бор. Лекин, ҳаёт борасида ўзим қарор қабул қила олмайман.
Руби:
- Ўзинг нимани хоҳлайсан? Агар танлаш имконинг бўлганда нима сени бахтли қилган бўларди?
Жеймс:
- Буни билмайман тўгриси.
Руби:
- Ўйлашимча, ҳаммада бу дунёни унутадиган лаҳзалар бўлади. Ҳар бир қадами фикридан шубҳаланмайди. Шунчаки, ҳисларига таяниб олға юради шундай ҳиссиётларга эрк беришни ўзи ҳаёт деб ўйлайман. Аслида нима билан шуғулланишга иштиёқинг борлигини билишинг керак!

Бахт ҳамма учун бир хил эмас…

Бахт — маънавий-ахлоқий тушунча. Киши ўз фаолияти натижаларидан, ҳаётда қўлга киритган ютуқларидан тўла қониқиш, яшаш тарзидан мамнунлик, муайян мақсадга етганлик, орзу-умидга етиш, армонлар ушалиши сифатида намоён бўлади. Бахтни қандай маънода тушуниш шахснинг ижтимоий ўрнига, билими, ёши, дунёқарашига боғлиқ.

Бахт учун ҳамма инсонда турли хил таърифлар бор. Мен учун ҳозирги ёшимдан келиб чиқадиган бўлсак, худди Руби Белл каби орзуйимдаги университетга кириш бахтдир. Аммо Жеймс учун бунинг мутлақо акси.

Диалог

Онаси:
- Ҳар бир катта қадам олдидан ҳаяжон бўлади. Келгуси йил университет биноси ичида туриб бу ҳаяжонлар устидан куласан. Оксфорд сенга ёқади.
Жеймс:
- Мободо ёқмасачи? Бу билан бирор нарса ўзгарармиди.
Онаси:
- Нималар деяпсан?
Жеймс:
- Агар ўша университетни ёқтирмасамчи ёки ташлаб кетмоқчи бўлсамчи, ёш Биуфортнинг юзи бўлишни хоҳламасамчи, компания ишига қизиқмасамчи у ҳолда нима бўлади?
Онаси:
- Дунёнинг энг яхши университетларидан бирига кириш имкониятинг бор. Яна мамлакатнинг энг нуфузли компанияларидан бирини бошқариш имкони ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Энг зўрларидан бири бўлишинг учун имконият бу. Қанчалик омадли эканлигингни тушунмаяпсан.
Жеймс:
- Бахт ҳамма учун бир ҳил эмас буни ўзингиз айтгансиз ойи…
Онаси:
- Яхши, агар буни хоҳламасанг, нимани хоҳлайсан?
Жеймс:
- Кимлигимни билиш имконига эга бўлишни истайман!

Сериалнинг сўнгигача, Жеймснинг ота-онаси Биуфортлар компаниясини бошқариш учун уни муносиб номзод сифатида тайёрлашади. Ҳаттоки ота бу компанияни унинг хоҳиш ва истакларидан ҳам устун қўяди. Ана шу вазиятда, Жеймс ҳақ гапни айтди: «Ҳар доим биз ҳоҳлагандан ҳам кўра муҳимроқ нимадир бўлаверади, токи ўзимиз нима муҳимроқ эканлиги билмагунимизча». Тўғри, бу ҳаётда ҳар ким ўз ўрнида бўлмас экан, ҳаёт секин-аста ўз маъносини йўқотади. Жеймс ҳам отаси айтгандек доим ғолиб бўлишни танлади. Аммо, якунда бахтсизликка учради ва онасини бир умрга йўқотиб қўйганини билмай қолди. Шу лаҳзада, на компания, на Оксфорд ва на мол-мулк унинг кўзига кўринди. Аксинча, барчаси ўз маъносини йўқотди, ҳатто, буларни унга ўргатган отаси ҳам…

Рубига эса орзусидаги Оксфорд университетининг эшиклари очилди. Шу саҳнада у ҳаётдаги бахт асли нимада эканлигини англаб етди. «Келажак сари шошилиш ёки ўтмишга қарашни ҳоҳламайман мен ҳозир шу ерда бўлишни истайман. Орзуларни рўёбга чиқариш, ўзи хоҳлагандек инсон бўлиш, хоҳлаган инсонини севиш… Келажагимни ҳар қачонгидан ҳам аниқроқ кўряпман. Ниҳоят бош қотирманинг ҳамма қисмлари ўз жойига тушди. Биз учун ҳамма эшиклар очилди фақатгина ичкарига кирсак бўлгани».

Авваллари Руби ёш ўсмирлардек қачонки орзуйимга эришсам, Оксфордга кирсам бахтли бўламан деб ўйларди. Энди эса, Бахт Оксфорда эмас ўз қўлида яъни бахтиёр оиласи бағрида эканлигини тушунди.

Сериални кўриб бўлганимдан сўнг менда бир савол туғилди: «Мен ҳам бу ҳаётда Руби каби бахтли бўлишга уриняпманми ёки Жеймсдек ғолиб бўлишгами?»

Бу саволга сизда жавоб борми?

Маликабону Муҳаммедова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг