Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Япония Ўзбекистонга замонавий тиббий ускуналар тақдим этмоқда

Япония Ўзбекистонга замонавий тиббий ускуналар тақдим этмоқда

9 январь куни Тошкентда Япония ҳукуматининг «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида грант шартномаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Япониянинг юртимиздаги элчиси Такаши Ҳатори ҳамда Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятининг тиббиёт ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Грант битимларига мувофиқ, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига 111720 долларлик, Республика перинатал марказига 75840 долларлик, Болалар онкологияси, гематологияси, иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказига эса 27876 долларлик замонавий тиббиёт ускуналари тақдим этилади.

«Япония бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ҳисса қўшишда давом этади», – дейилади Япония элчихонаси хабарномасида.

2023 йил декабрь ойида Кунчиқар ўлка Ўзбекистон тиббий муассасаларига замонавий жиҳозлар тақдим этган эди.

2022 йил август ойида ҳам Япония умумий қиймати 4,6 миллион долларни ташкил этувчи тиббий-диагностика ускуналари туҳфа қилган.

2022 йил февраль ойида ҳам икки давлат расмийлари Қорақалпоғистондаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган ҳужжатни имзолаган. Лойиҳа доирасида муассасага 7,35 миллион доллар миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг