Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Халқ ҳисобидан сахийлик» – Шуҳрат Абдураҳмонов албаниялик футболчига машина совға қилди

«Халқ ҳисобидан сахийлик» – Шуҳрат Абдураҳмонов албаниялик футболчига машина совға қилди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов суперлиганинг 17-турида «Олимпик» клубини 2:1 ҳисобида мағлуб қилган «Андижон» жамоаси ўйинчиларга қимматбаҳо совғалар ваъда қилди. Бу ҳақда «Championat.asia» хабар берди.

Саховати жўшиб кетган вилоят раҳбари гол муаллифи Рубин Ҳебайга истаган автомашинасини танлаши мумкинлигини айтган. Ҳоким 90 дақиқа давомида умид билан копток тепган бошқа футболчиларни ҳам қуруқ қўймаган: уларнинг ҳар бирига iPhone 14 смартфон ваъда қилинган. Абдураҳмонов футбол клубига молиявий дастак берилишидан ҳам баҳс этган.

«Championat.asia» хабарига кўра, футболчиларга смартфон аллақачон тарқатилган. Албания фуқароси бўлган Рубин Ҳебай эса Tracker машинасини танлаган. Унга ҳам янги улов қисқа муддатда етказилиши билдирилган.

Андижон ҳокимининг бу «қўли очиқлиги» ижтимоий тармоқ фаоллари, блогерларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров расман хусусий мақомдаги клубга ҳоким ёрдам кўрсатиши нечоғли мақсадга мувофиқлигини савол остига олди.

«Илгари «Андижон» ФК бюджетдан пул олмаслиги, хусусийлаштирилгани ҳақида кўп баёнотлар янграган. Шу ўринда ўзбек футболининг ҳозирги ривожланиш босқичида футбол клубларининг «хусусийлаштирилиши» уларни боқимандаликдан қутқармаслигини очиқ тан олиш керакка ўхшайди. Хусусан, «Андижон» ФК мисолида ҳам бир неча йил аввалги «қиммат шприц можароси» ҳам айнан шундай илдизларни очиб беради», –деб ёзди О.Бакиров.

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов ҳолатни прокуратура ўрганиши керак деган фикрда.

«Агар Абдураҳмонов машина ва iPhone'ларни футболчиларга ўз маблағидан олиб бермоқчи бўлса, марҳамат, декларация топширсин, бундай қимматбаҳо совғаларга етадиган қонуний даромади борлигини исботласин-да, кейин истаса осмондаги ойни совға қилаверсин. Лекин давлат бюджетидан, солиқ тўловчилар пулидан бўлса, унинг бундай қилишга ҳаққи йўқ. Прокуратура бу ишни ўрганиши керак. Халқнинг пулини халқ вакиллари халқ учун керакли харажатларга сарфлаши лозим», – деб таъкидлади у.

Телеграмдаги «Файзбоғ» канали муаллифи Темурмалик Тожиддинзода бу йил Андижон вилояти мактаб битирувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичи бўйича мамлакатда энг охирги ўринни эгаллаганига эътибор қаратди.

Блогер ўз постига ушбу ҳажвий суратни илова қилди.

«Халқ пули ҳисобига сахий бўлиш мазза-да!» дея ҳолатга муносабат билдирди «Troll.uz» саҳифаси асосчиси Умид Ғафуров.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати жамоатчиликнинг танқидий муносабати юзасидан расмий баёнот берди.

«Куни кеча 21 августда футболчиларга берилиши айтилган ушбу рағбатлар шу кунни ўзидаги ташаббус эмас. Футболчиларни рағбатлантириш ташаббуси бир неча ҳафта олдин илгари сурилган. Уни амалга оширишда Андижонда профессонал спортни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва спортчиларни қўллаб-қувватлаш истагини билдирган ҳомийлар жалб этилган», – дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, ҳомийлик манбалари жамғарилгач, вилоят раҳбари уларни спортчиларга Андижон аҳли номидан топшириши кўзда тутилган.

Ш.Абдураҳмоновнинг спортчилар кўнглини қимматбаҳо туҳфалар билан хушнуд қилиши кўп бора кузатилган.

Ҳоким ММА жангчиларига биттадан «Спарк» ва юз миллион сўм пул улашган.

UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоевни аввал машина, кейин уй билан сийлаган. Оғир атлетикачи Руслан Нуриддиновга «Жентра» автомобили, боксчи Ҳасанбой Дўсматовга уч хонали уй совға қилган.

Дарвоқе, ҳокимнинг саховатидан қизиқчи Ғайрат Аҳмедов ҳам бенасиб қолмаган.

Ш.Абдураҳмоновнинг бир муддат аввал «Андижон» жамоаси аъзолари ёнига «қопда пул билан келгани» ҳам эътирофу эътироз уйғотган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг