Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«World cleanup day» — Вазир шахсий ташаббус кўрсатди

«World cleanup day» — Вазир шахсий ташаббус кўрсатди

Кеча, 20 сентябр куни Республикамизнинг барча ҳудудларида «World cleanup day» — «Бутунжаҳон тозалик куни» муносабати билан «Ҳаёт учун жой ажратинг» шиори остида оммавий плоггинг эко-акцияси ташкил этилди.

Акция Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази томонидан «Coca-cola» компанияси ва «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳамкорлигида «Ҳаёт учун жой ажратинг» шиори остида ўтказилди.

Тадбирда Экология вазири Азиз Абдуҳакимов, Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази, Тошкент вилояти Экология бошқармаси ҳамда тизим ташкилотлар вакиллари, ёш эко-фаоллар, мактаб ўқувчилари, оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

«Чиқиндидан тозаланадиган жойдан чиқинди ташланмайдиган жой покизароқдир. Шунинг учун, аввало, чиқиндиларни дуч келган жойга ташламаслик керак, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Асосий мақсадимиз кенг жамоатчиликнинг чиқиндиларга бўлган муносабатини ўзгартириш ва бу орқали чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш. Аслида, фақат «Бутунжаҳон тозалик куни»да эмас, ҳар куни атроф-муҳитни тоза сақлашимиз лозим».

Акция давомида иштирокчилар вазир бошчилигида белгиланган ҳудудни чиқиндилардан тозалашди. Шунингдек, 12 та жамоа плоггинг мусобақасида беллашди. Унда 120 кг чиқинди тўплаган Тошкент вилоятининг 31-мактаб жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Плоггинг давомида жами 575,13 кг чиқинди йиғилди. Акция давомида тўпланган 100 кг пластик идишлар қайта ишлаш учун юборилди.

Бундан ташқари, ёш эко-фаол рассомлар томонидан атроф-муҳитни озода сақлашга доир суратлар чизилди. Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, «Бутунжаҳон тозалик куни» тадбирларида республика бўйича 1000 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудлар жами 36,506 тонна чиқиндилардан тозаланди.

Маълумот учун, «World cleanup day» акцияси дастлаб 2008 йилда Эстонияда бўлиб ўтган. 2023 йилда ҳаракат 211 мамлакатдан 19,1 миллион кишини сафарбар қилгани учун БМТнинг Барқарор ривожланиш мукофотига сазовор бўлди. Ўзбекистонда 2019 йилдан буён Бутунжаҳон тозалик куни нишонланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг