Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди

Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди

Тошкент метросининг Юнусобод йўналишида қурилиш ишлари якунланди. Узунлиги 2,9 километр бўлган «Туркистон» ва «Юнусобод» метро бекатлари «Шаҳристон» бекатига уланди. Метро поездларининг синов тариқасида ҳаракатланиш ишлари амалга оширилди.

Ушбу лойиҳа «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонаси тизимидаги 67-Кўприкқурилиш отряди мутахассислари томонидан бажарилди. Объектнинг умумий қиймати 103,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Метрода имконияти чекланган, кўзи ожиз йўловчилар учун бекатлар платформасида қулай ва хавфсиз махсус бўртиб чиққан тактил плиткалар ётқизилган. Шунингдек, бекатларга тушиш ва чиқиш зиналарида ногиронлар аравачаси билан кириб чиқишда фойдаланиладиган замонавий қияли электромобил аравачалари билан жиҳозланганлиги имконияти чекланган йўловчиларнинг зиналардан тушиш ва кўтарилиши учун қўшимча қулайлик яратади.

«Туркистон» бекатининг ички қисми оппоқ мармар плиталар билан безатилган бўлиб, 100 метрлик перрон ва унда 2 қатор оқ мармар тошлар билан пардозланган устунлар ўрнатилган. Бекат деворининг бир томонига Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Туркманистон давлатларининг диққатга сазовор жойлари, тарихий масканлари, иккинчи томонига эса юртимизнинг қадимий Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент шаҳарлари ҳамда Фарғона вилоятининг тарихий мақбаралари, муқаддас қадамжолари мозаика кўринишидаги суратлар ишланган.

Юнусобод линияси янги бекатлар билан ҳисоблаганда 8 та бекатдан иборат. Аҳмад Дониш кўчасида қурилган «Туркистон», «Юнусобод» ҳамда мавжуд «Шаҳристон», «Бодомзор», «Минор», «Абдулла Қодирий», «Юнус Ражабий», «Минг ўрик» дан иборат. Ушбу линиянинг янги бекатлари фойдаланишга топширилгач бир кунда «Юнусобод» бекатида қўшимча 5 минг йўловчига, «Туркистон» бекатида эса 2 ярим минг йўловчига хизмат кўрсатилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг декабр ойида тупроқ ўпирилиши натижасида метро қурилишида ишлаётган 6 йигит вафот этган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг