Тахт теграсидаги иғво ва низолар

– Бу жорияни ечинтир, зора қип-яланғоч бўлса хоннинг қаерга яширинганини айтур, – деб буюрди Муҳаммад Раҳимбий аскарларига.
Аммо гўзал жорияни ечинтиришга ҳожат қолмади. Негаки, у қўрққанидан ҳукмдорнинг ер ости яширин йўли – лаҳм орқали қочиб кетганини айтиб берди.
Шундан сўнг бий жория кўрсатган лаҳм йўлидан юриб, оёқ излари орқали Мир Араб мадрасасига яширинган хонни топди. Муҳаммад Раҳимбий оталиқ шу тарзда шиддат билан аскарлари қуршовида ҳужрага кирди-да, кескир қиличи ила Абулфайзхоннинг бошини сапчадай узиб ташлади...
1711 йилда Бухоройи шариф тахтига чиққан Абулфайзхон иродаси заифлиги боис, ҳукмдорлигининг илк йилидаёқ саройдаги бийлар таъсири остида сиёсат юритди. Бийлар ҳам бир-бирларига қарши иғво, фитна кўтариб, ҳар қайсиси ёш хонни ўз йўриғига солмоқчи бўларди. Шу тариқа саройда гоҳ Жавшан қалмоқ, баъзида Абдуллабий хожа, сўнгра Хўжақулибий ва Неъматуллабий каби аёнлар турли йўллар билан Абулфайзхонни ўз таъсирига олиб, бойлик орттиришга берилиб кетдилар.
Хуллас, Абулфайзхон турли уруғлар ўртасидаги низо, бийлар орасидаги нифоқ, қайсидир шаҳарга ҳоким бўлиш истагидаги мансабпарастлар исканжасига тушиб қолди. Ҳар ҳафта, ҳар ойда хон таъсири катта бий тазйиқи билан кимгадир тўқсабо, яна бировга қушбеги, ҳоким лавозимларини берар, бир оз вақт ўтиб эса бошқа бир бийнинг йўриғига кириб, фармонларини бекор қилар ва яна кимларгадир мансаб улашарди.
Шу тахлит Абулфайзхоннинг фармони узоқ бир ҳокимлик у ёқда турсин, Бухоройи шарифнинг энг чекка маҳалласида ҳам ижро этилмас, бий ва ҳокимлар ўз билганидан қолмас эди.
Оқибатда халқнинг аҳволи оғирлашиб, солиқлар кўпайгани, зулм ҳаддан ошганидан бир неча бор исёнлар бўлди.Аммо турли уруғлардан таркиб топган хонликда бошлар бирикмас, бармоқлар мустаҳкам бўлмасди.
Бу орада Султон қушбеги, Иброҳимбий оталиқ, Хўжақулибий девонбегилар бир гуруҳ, Аваз тўқсабо, Қоплон эшикоғабоши ва Абдулкаримбийлар бир гуруҳ бўлиб уруғлар ўртасидаги нифоқни авж олдирган, ҳар қайсиси зимдан Абулфайзхонни тахтдан тушириб, ўз одамига тож кийдиришни истарди. Шу тариқа 1719–1723 йилларда уруғлар ўртасида тахт учун курашлар кучайди. Аммо ҳар бир бий ўзича ҳаракат қилгани боис улар ўртасида ҳам сотқинлик ва фитна авж олиб, сарой амалдорлари бири-бирининг кўзини ўйиш билан овора эди.
Ана шундай вазиятда Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ ўзаро ички низолар авж олганидан фойдаланиб, Бухорога ҳужум қилмоқни афзал кўрди. Босқинга баҳона тайёр эди. Зеро, 1737–1739 йилларда Абулфайзхон Хива хони Элбарснинг гапига учиб, Нодиршоҳ Ҳиндистон билан бўлаётган урушда оворалигидан фойдаланган ҳолда иттифоқдошлик қилиб, баъзи бойлик исканжасидаги бийлар таъсири билан Эроннинг шимолий ҳудудларига ҳужум уюштирган эди. Шу боис, ўз даврининг замонавий қуролларига эга бўлган Нодиршоҳ қўшини туркманлар ва Хива хонлигини босиб олиб, Бухорога ҳам йўл олди.
Бу пайтда Бухорода оталиқ Муҳаммад Ҳакимбий ва ўғли Муҳаммад Раҳимбийлар ўзаро низолар, уруғлар ўртасидаги ғалаён авж олган хонликда зимдан Абулфайзхонга мухолифликда эдилар.
Улар 1740 йили Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг Бухорога босқини даврида, ҳатто эроний шоҳ олдига Абулфайзхон томонидан элчи бўлиб ҳам боргандилар. Суҳбат асносида Нодиршоҳ Бухородаги вазиятни тўла билиб олади. Аммо у шахсан Абулфайзхон билан учрашмоқчи эканлигини айтади. Шу тахлит тахтни қўлдан чиқармай, таслим бўлишни афзал деб билган Абулфайзхон Нодиршоҳ ёнига бош эгиб боради.
Эгилган бошни қилич кесмайди, деганларидек, Нодиршоҳ Абулфайзхонни тахтдан туширмай, хонликда ўз босқинчилигини давом эттиради. Босқинчилар Самарқандда сақланаётган Амир Темурнинг қиличи ва қалқони, Чингизхоннинг дубулғасию садоғини, темурийзода Бойсунқур Мирзо кўчиртирган Қуръони Каримнинг ноёб нусхаси ва бошқа бойликларни Эронга олиб кетадилар. Абулфайзхон бойликлари таланса-да, тахтини сақлаб қолганидан қувониб, босқинчи Нодиршоҳ кетганидан кейин ҳам ҳукмдорлигини давом эттирди.
Бу пайтда Эронда ҳам ҳокимият талашув авж олиб, 1747 йил 19 июнда Нодиршоҳ суиқасд қурбони бўлади. Эронда ҳокимиятга эришган Аҳмадшоҳ Дурроний бухоролик Муҳаммад Раҳимбийнинг яқин дўсти эди. Негаки Нодиршоҳ Бухорога босқини даврида Муҳаммад Раҳимбийни ўз хизматига қабул қилиб, Эронга олиб кетган, бий ва Дурронийнинг дўстлиги Эронда бошланганди. Шу сабаб, Эронда дўсти подшоҳ бўлгани, қолаверса, отаси Муҳаммад Ҳакимбий оталиқнинг вафот этгани боис, Муҳаммад Раҳимбий Бухорога келиб, Абулфайзхон саройида отаси ўрнида оталиқ, кейин амирул умаро мансабини эгаллайди.
Муҳаммад Раҳимбий бошбошдоқлик, низо ва иғво авжга чиққан Бухорои шарифда Абулфайзхонни тахтдан қулатиш пайида юрарди. У ўйлаган режасини 1747 йилнинг кузида тўлиқ амалга оширди.
Абулфайзхон Мир Араб мадрасасида ўлдирилиб, тахтга Абдулмўмин султон, кейинчалик Убайдуллахон номигагина чиқди. Аммо барча ишни Раҳимбийнинг ўзи амалга оширарди.
1748 йилга келиб, Муҳаммад Раҳимбий аштархонийлар сулоласига бутунлай барҳам беришни лозим топди. Тахтга ўзи чиқди. Шу тахлит Муҳаммад Раҳимбий 1748 йилдан эътиборан Бухорода ўзи мансуб бўлган манғитлар сулоласига асос солди ва амир мақомида давлатни бошқара бошлади.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter