Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сенатда талабалар билан сўз эркинлиги муҳокама қилинди

Сенатда талабалар билан сўз эркинлиги муҳокама қилинди

Фото: Senat.uz

Жорий йилнинг 3 май - Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети билан ҳамкорликда «Янги Ўзбекистон журналистикаси: сўз эркинлиги ва қонунчилик амалиёти» мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Давра суҳбатида ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш, сўз ва матбуот эркинлиги доирасидаги масалаларга, бу борада қонунчилик амалиёти, уни ҳаётга татбиқ этишнинг долзарб жиҳатларига эътибор қаратилди.

Мулоқотда хусусий медиа ва блоглар ҳаётимиздан кенг ўрин эгаллаб бораётгани, жамиятимиз ҳаётида йўл қўйилаётган камчилик ва муаммоларни дадил кўтариб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тадбир давомида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш борасида амалга ошираётган ишларининг самарадорлиги ижобий тарафга ўзгараётганлиги, журналистика соҳасида фаолият олиб бораётган малакали кадрларга эҳтиёж сезилаётгани таъкидланди.

Учрашувда ўқувчи талабалар парламент фаолияти билан яқиндан танишди. Қўмитада доимий асосда ишловчи сенатор М.Парпиев қўмиталар томонидан олиб борилаётган ишлар, шунингдек Сенат ялпи мажлислари, қонунлар муҳокамаси қай тарзда ўтиши, муҳокама ва мунозаралар тафсилоти ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Қўмитанинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, ахборот сиёсати ва давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш билан боғлиқ олиб борилаётган фаолият таништирилди.

Талабалар сўз эркинлиги, ахборот сиёсати, журналист ва блогер фаолиятига доир саволларга атрофлича жавоблар олишди. Мулоқот-учрашувда, шунингдек, талабалар томонидан бир қатор ташаббус ва таклифлар илгари сурилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг