Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Ўзинг учун ўл етим...

Ўзинг учун ўл етим...

Деҳқон борки, ҳар йили қайсидир маҳсулотини сота олмай касодга учрайди.

Бу йил пиёз эккан деҳқонлар «синишди». Ҳосилни сотишдан кўра, жойида шудгорлаб ташлаш «арзонроққа тушмоқда» экан уларга.

«Томорқангга экин экмасанг, икки ҳисса солиққа тортамиз», деб дўқ урадиган ҳокимлик вакиллари бугун деҳқон маҳсулотини сота олмай қийналиб қолганида, қорасини ҳам кўрсатишмайди.

Деярли ҳар йили шу такрорланаверади. Мутахассислар деҳқонларни қўллайдиган тизим қилиш керак деб айтаверишади, давлат ва ҳокимлик эса бу муаммоларга пинагини ҳам бузмайди.

Амалдорга «нақди» керак, бюджетга тушадиган пул эмас. Йўқса, аллақачон ўз ҳудудида етиштирилаётган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга мўлжаллаб сотиш, қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиб бўлишарди.

Ўтган йили пандемия давридаги каби қийин вазиятларда аҳолини очликдан сақлаб қоладиганлар шу деҳқонлар. Лекин уларнинг ҳимояси учун, суғуртаси учун бирор қонун ишлашини билмаймиз ҳам.

Ўзи уруғлик сотиб олади, ўзи ерни ижарага олади, ўзи трактор ёллаб ер ҳайдайди, ўзи экади, ўзи сувини қуяди, ўғитини беради (минерал ўғит сотиб олиш муаммо замонда), зараркунандалари билан курашади, ишлов беради, бозорни ўзи қидиради, четга чиқаришга тақиқ тушган маҳсулотини ички бозорда арзон-гаровга сотиб юборади. Шунгаям йўл бўлмаса, экилган жойида ҳайдаб юбора қолади...

Бу ҳолатда ким уларнинг ҳолидан хабар олади? Қайси ҳоким касодга учраган деҳқонлар олдига бориб, «узр, бу йил шундай бўлиб қолди. Зарарингизни бир қисмини қоплаб берамиз, тушкунликка тушманг, ишдан совуманг. Келгуси йил яхши бўлади», деб кўнглини кўтариб келади?

Ҳокимият аралашиб қалампир эктирганиниям (кўчатини катта суммага ўтказиб «бизнес» қилишганди), чириган картошка уруғини кредит асосида фермерларга ўтказишганиниям кўрдик. Ўша фермерлар ҳалигача кредит фоизини тўлашади. Йўқ нарса учун.

Уч йилча олдин Фарғонадан ТВда эфирга узатилган бир репортаж ҳалигача кўз олдимдан кетмайди. Тарғибот (ва маҳаллий амалдорларнинг қистови) кучини қарангки, бир хонадон эгаси ҳовлисида қалампир экиш учун 4-5 йиллик теракзорини бузиб ташлайди. Эмишки, «у теракни 10 йил қараб каттартириб сотганидан кўра, қалампир экса бир йилда шу даромадни оларкан». Ўша навқирон теракларини беҳуда кесиб ташлаган ҳамюртимизнинг эккан қалампири пишиб, ҳеч қаерда ўтказа олмай қолган пайтдаги аҳволини тасаввур қилиб кўрдим. Теракзорини буздиртирган амалдорлар шаънига қандай «раҳмат»лар ёғдирган бўлмасин, унга энди фойдасиз.

Ўтган йили монопол компанияларга давлат қанчадан (миллиардлаб) ёрдам пули тўлаб бергани эсингиздадир-а? Уларнинг «эга»лари борда. Зарар кўрган деҳқоннинг кими бор ҳимоялайдиган? Унга ким бир сўм берди? Бор-будини шу экинига тикиб, ойлаб қора терга ботган ва озгина даромаддан умид қилган шўрпешонани ким ўйлади? Ҳеч ким.

У энди синди. Камида бир-икки йил каттароқ экинзор қилиб деҳқончилик қила олмайди. Бунинг учун унда на уруғлик, на ер, на механизация ишларига сармоя бор. Ейишию кийишидан тежаб-да, ишлатиб бўлган бу йил ҳаммасини. Ҳосил далада чириб ётибди, зиғирча кўмак йўқ. Ё эркаги Россияга кетади, ё аёли Туркияга. Оёққа туриш учун бошқа чораси йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг