Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ногирон боласини ташлаб кетиб, ўзи қўлтиқтаёққа суяниб қолган аёл қисмати

Ногирон боласини ташлаб кетиб, ўзи қўлтиқтаёққа суяниб қолган аёл қисмати

Хизмат сафари билан Қаршига йўл олдим. Ишлар кўпайиб кетгани боис, узоқ йўлга тушликдан кейин чиқишга тўғри келди. Чамаси, соат 18:30 ларга яқинлашганда, амаллаб манзилга етиб келдим. Ҳартугул, бизга керакли корхона раҳбари ҳам кутиб турган экан. Суҳбатимиз ярим соатларча давом этди. Келгусидаги ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Хайрлашдик. Зудлик билан яна ортга – Бухорога қайтишим керак. Қарши бекатидан Бухоро йўналишидаги таксилардан бири «юриш»га шай экан. Тезгина жойлашиб олдим. Орқа ўриндиқдан инқиллаган товуш эшитилди. Беихтиёр ўгирилдим. 40 ёшлар чамасидаги аёл. Икки қўлтиқтаёғини қўллари орасига маҳкам ушлаб олган. Тушкун ва ўйчан. Ўзига қарамаган. Ёнида эса ёш йигит.

- Яна бир киши керак, Бухорогача!-дея ён-атрофдан мижоз излаб бақириб чақиряпти ҳайдовчи.

- Уф-ф, кеч қолмасам бўлди, онамни хавотирга қўядиган бўлдим. Шу кечликда ҳайдовчининг ҳам яна мижоз излашини қаранг!-деди йигит безовталаниб.

- Ҳа-а... онангизга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтириб қўйинг!-дедим.

- Тушунтирганим фойдасиз, опа, роса ичикадилар вақтида етиб бормасам...

- Ҳаа... оналар шундай...

Ташқаридан ҳали-ҳануз ҳайдовчининг «Яна бир киши керак, Бухорогача!»-деган овози такрор-такрор келарди.

- Ака, келинг, шу бир кишилик жой учун ҳам ўзим тўлайман. Устига-устак, бу опахон ҳам бемалол кетишлари керак,-деди йигит ёнидаги қўлтиқтаёқли аёлни ишора қилиб.

Бу гап ҳайдовчига мойдек ёқиб тушди. «Гап йўқ!» дея зудлик билан машинасига ўтирди. Биз Бухорога қараб йўлга тушдик...

Йўлбўйи ҳаммамиз яхши суҳбатдош чиқиб қолдик. «Мозорбосди» дея харид қилганимиз Қаршининг патирларию, тандир гўшларидан бир-биримизга улашиб келдик.

- Укажон, тун чўкди. Муборакнинг Қарлуқ қишлоғиданман. Агар ҳамроҳларим йўқ, дейишмаса, мени уйда қолдириб кетсангиз... тўғри олис, аммо, ярим кечада йўлда қолиб кетаманми, дейман-да..,-деди аёл ва қимтиниб,- қўшимча тўлайман,-дея қўшиб қўйди.

Қўлтиқтаёқли аёл Қашқадарёнинг Муборак туманидаги Қарлуқ қишлоғидан экан.

Ҳайдовчи бироз ўйчан қолди.

- Эндииии...

- Мен бемалолман, оиламдагиларни тинчлантирдим, аммо, ану йигитчанинг онасини кўряпсиз, тинимсиз қўнғироқ қилиб, безовталаняпти,-дедим мен.

Суҳбатлар анча қизиган, ҳамроҳлар бир-биримизга «юз йиллик» танишлардек бўлиб қолгандик-да, бир неча соатда. Шу боисми, ҳайдовчи хийла тортиб:

- Опа, ўғилбола гап, вазиятингизни кўриб турибман, сиз айтаётган қишлоқ анча олис. Пулингиз керакмас. Манзилингизга олиб бориб қўяман. Аммо, гап ҳамроҳларда..,-бизга қараб ишораланди ҳайдовчи.

Орада бироз жимлик чўкди...

- Алло, онажон!

- Ҳа, болажоним, яқинлашиб қолдингми?

- Бир илтимосим бор эди, онажон!

- Тинчликми, болам?!

- Биз Муборакка кириб келяпмиз. Бухорога яқин манзил. Аммо, ҳамроҳимиз шу туманнинг сал узоқроқ қишлоғидан экан. Қўлтиқтаёқда. Шунга ҳамроҳлар ўртоқлашиб, опахонни уйларигача етказиб қўймоқчи эдик...

- ...

- Нима дейсиз, онажон?! Бу кишиям кимнингдир онаси... Шунга-а...

- Хўп, болам, нимаям дердим, савоб иш, йўлда қолдирманглар, йўлларинг оқ бўлсин, соғ-саломат етиб келинглар! Дуодаман!

- Раҳмат, онажон!

Биз автоуловдаги ҳамроҳлар она ва боланинг суҳбатидан баҳра олдик.

- Во-о, мужик укам. Сен менга сабоқ бўлдинг, бор-ку!. Ҳатто, ўзимдан ўзим уялдим. Ўйлаб қарасам, онам билан гаплашганимга уч-тўрт кун бўлибди. Шу вақт ичида иш ва йўл билан бўлиб, қўнғироқларига ҳам жавоб бера олмабман..,-ўзини-ўзини койиди ҳайдовчи ва орқа ўриндиқда ўтирган қўлтиқтаёқли аёлга қараб,-ана, опа, шундай ўғиллар кўпайсин, юкингиз ерда қолмайдиган бўлди.

- Раҳмат, ўғлим, раҳмат,-дея синиқиб сўзлади аёл.

Қарлуқ қишлоғи ҳақиқатан ҳам анча олис йўл экан. Чўл оралаб, қумбарханлари оралаб кетяпмиз. Чўл қумларида кўзлари ёниб турган юрмонқозиқларнинг автоулов чироғидан чўчиб, сакраб-сакраб қочишларини томоша қилдик. Саксовул, юлғун дарахтларнинг, сарғайиб қолган исириқларнинг бир-биридан бўй талошиб ётганини кўрдик...

Аммо, кайфиятлар аъло, руҳимиз тетик эди. Чунки кутилмаган тунги «сайр»нинг ҳам ўзига хос гашти бор эди.

 ...Ва ниҳоят, биз аёлнинг манзилига етиб келдик. Атроф қоп-қоронғу, қишлоқ кўчасида чироқ йўқ. Бошқа ҳовлиларда ҳам чироқлар ёқилмаган. Фақат бир-биримизни тун ойининг ғира-ширасида кўрардик.

- Тушинглар, меҳмоним бўлинглар!-деди аёл қўлтитаёғига таяниб, машинадан тушар экан.

- Дарвозингизни қоқаман, опахон!-ҳалиги йигит опанинг елкасига илинган халтасини олиб, ўзидан жавоб ҳам кутмай, дарвозани қоқа бошлади.

Эътибор қилсак, йигитнинг ҳам оёғи анча оқсаган, чап қўл бармоқлари ҳам йўқ экан...

Шу пайт ҳалиги қўлтиқтаёқли аёлнинг «Ҳеч кимим йўқ, болам...»- дея униққани эшитилди.

Ҳаммамизнинг кўнглимиз беҳузур бўлди... Аёл эгнидаги кирчил чопонининг чўнтагидан калитни чиқарди. Йигит дарвозани очди. Шу пайтда «гуриллаб» турган машина «тақ-туқ» қилиб ўчди қолди.

- Оббо-о, мотори ўтирди, шекилли,-машинасидан тушди ҳайдовчи,-кун совуғидаям қизиб кетган, шекилли...

Машинасининг капотини очган ҳайдовчи анграйди-қолди. Пешонаси тиришди, қошлари чимирилди. Машина устабоп бўлиб қолган экан.

- Энди нима қилдим, бу ерда бир таниш-билиш ҳам бўлмаса. Кўринишидан устахонаям йўққа ўхшайди. Йигит ва ҳайдовчи ўйга толишди. Қўлтиқтаёқли аёл бунда ўзини айбдор сезиб, тинмай ўзини-ўзи койирди.

- Энди темир-да, опа! Айб сиздамас!-деди ҳайдовчи ва машинасини тузатишга уринишга ҳаракат қилди. Мен қўл телефон чироғини тутиб турдим.

- Алло, онажон!

- Яхши келяпсизларми, болам!

- Онажоним, ичикманг, худо хоҳласа, етиб борамиз,-дея вазиятни тушунтирди.

- Менга қара, Когон (Бухоро) билан Муборакнинг ораси бир қадам. Сен менга манзилни тушунтир, аканг билан бир зумда етиб борамиз!

- Йўқ, онажон, қўйсангиз-чи! Ҳамроҳларни қолдириб кетолмайман.

- Кўнглим нимагадир нотинч-да, болам!

Шу пайт ҳайдовчи ҳалиги йигитни чақириб қолди.

- Асрор, укажон, кел, ёрдамлашвор!

- Хўп, ҳозир,-деди ва йигит менга қўлидаги телефонни тутқазиб,-опажон, онажонимга тушунтиринг, еру-кўкка ишонмайдилар эрка ўғилларини,-деди мийиғида кулиб.

- Биз ҳамроҳликда келаётгандик Қаршидан. Йўлда шунақа техник носозликлар бўлиб қолди-да. Асроржон ҳозир ҳайдовчига ёрдамга шошганди,-дедим.

- Опаммисиз, синглиммисиз, аммо, илтимос, айтинг, Муборакнинг қайси қишлоғида эдингизлар ҳозир?

- Қарлуқ, дейишди, адашмасам...

- Майли, хайрли бўлсин,-дея телефон гўшагини қўйди суҳбатдош.

Йўловчилар тажангмиз, ҳаммамиз оиламиздагиларга қўнғироқ қилиб, уларни тинчлантирдик...

Уринишларга қарамай, машинани тузатиш имкони бўлмади. Қўлтиқтаёқли аёлнинг хонадонида тунашимизга тўғри келди.

Чоғроққина ҳовли. Таъмирга муҳтож. Деворлари тўкилиб кетган. Хона ичларидан намиққан ҳид келади. Ошхонаси ҳам шароитсиз... Ҳайдовчи айвонда териб қўйилган ўтин ва тарашаларни уйга олиб кириб, қўлбола печни ёқишга тушди. Бирпасда хонани тутун қоплади. Печка карнайларининг уланиш қисмидан буралаб тутун чиқаётган экан. Ҳайдовчи тезда бир идишда сув ва тупроқ қориб, эски латтага боғлаб, печ карнайига айлана қилиб ўради. Тутун чиқиши тўхтади. Болаликни эслаб кулишдик. Милтиллаб ёнаётган газда сув қайнатдик. Йигитча билан бирга қўлтиқтаёқли аёлга кўмаклашиб, камтаргина дастурхон тузадик. Қанд-қурс, мева-чевалар тортилди дастурхонга. Иссиққина чой билан ширинликлар тановвул қилиб, анча илидик.

Ҳол сўрашдик, аҳвол сўрашдик, нега ёлғизлигини ҳам сўрадик.

Аёл индамади. Аёл гапирмади. Жим ва сукутда қолди.

- Фарзандим йўқ,-чуқур хўрсинди,-борини ҳам йўқотганман... ўзимнинг бевошлигим сабаб...

- Қисмат ҳар кимнинг ўзи билан, майли, ўтмишингиз қандай кечган, эслатиб, ярангизни янгиламайлик, онажон,-деди беихтиёр Асроржон.

Аёл шу топда йиғлаб юборди. Қўллари қалтираб, пиёласидаги чой тўкилаёзди.

- Мен умримда биринчи бор ўзимга «онажон» деган сўзни эшитдим...

Суҳбат анча узоқ давом этди. Дастурхон устида суҳбат қизиди. Етти ёт бегоналар худди узоқ йиллик танишлардек бир-биримизга киришиб кетдик.

Анчадан кейин Асроржон бармоқсиз қўлларига таяниб, ўрнидан қўзғалди. Уй бурчидаги эски кравотга ўтириб, ўнг қўли билан оёқларини ёзиб, уқалаган бўлди.

- Бир муддат мизғиб олсам, майлими?

- Ухлай қол, болам, ухлай қол,-дея аёл эмаклаб борган кўйи йигитнинг устига, деб ёпинчиқ узатди.

Ёпинчиққа қўл узатаётган йигитнинг бармоқлари йўқлигига энди кўзи тушди, шекилли, аёл зум қотиб қолди. Ранги оқариб кетгудек тебранди.

- Қў-ў-ўлинг... бармоқларинг..,-сўради аёл.

- Қўрқиб кетдингизми, ҳа-а, эътибор қилманг, туғма, оёғим ҳам шу..,-дея мийиғида кулиб қўйди йигит.

Бир йигитга, бир унинг бармоқсиз қўлларига қарар, титрарди аёл. Унинг гангиб қолганини шунчаки бир кўришда чўчиган бўлиши мумкинликка йўйдик.

- Қалб бутун бўлса бўлди. Асроржон бизниям меҳримизни қозонди. Онасигаям жуда меҳрли экан. Ҳавас қилса, арзийдиган йигит,-деди ҳайдовчи.

Аёл эса бир оғиз сўзлолмас, мунғайган кўйи кроватда чўзилиб ётган Асроржондан кўз узолмай қолганди.

- Мен ҳам шу ерда чўзиламан. Опажон, сиз ҳам бемалол чўзилинг, энди йўл ноқулайликларига сабр қиламиз. Ҳализамон тонг отади,-деди менга қараб ҳайдовчи.

- Сиз ухламанг, ака, печка ўчиб қолса, ким тараша ташлайди, сизни деб тонггача қотиб қолмайлик,- қаҳ-қаҳлаб кулди Асроржон.

- Бўлди, сергакман, ҳам ухлайман, ҳам ўзим печкага қоровуллик қиламан,-кулди ҳайдовчи ҳам.

Милтиллаган чироқ остида ҳар ким жой-жойида уйқуга кетдик.

...Бир пайт уйғонсак, тонг отган, атроф ёруғланиб, қуёш кўтарилаётган экан. Асроржоннинг қўл телефони жирингламаса, ҳали-ҳануз ётиб қолаверар эканмиз.

- Алло, онажон, ассалому алайкум!

- Ваалейкум ассалом, ухлабсанми, дейман-да, ўғлим?

- Борийзга шукур, қўнғироқ қилмаганингизда, ҳалиям ухлайверар эканмиз,-қаҳ-қаҳ отиб кулди Асроржон.

- Биз келдик. Қарлуқдамиз.

- Ним-ма-а?

- Ҳа!

- Оббо-о-о!-Асроржон апил-тапил ўрнидан туриб, кийинар-кийинмас ҳовлига чиқди. Онасига манзилни тушунтириб, кўчада кутиб туришини айтди.

Биз ҳам ҳовлига чиқдик. Бу пайтда қўлтиқтаёқли аёл қумғонга иссиқ сув солиб, дарахт шохига сочиқ илиб қўйган экан...

Орадан кўп ўтмай, дарвозадан Асроржон онаси ва акаси билан кириб келди.

- Мен сабаб ҳамроҳларим шунақа вазиятда қолишди,-дея бир гапириб, бир кулиб, қўлтиқтаёғи билан ҳовлиққанча уларга пешвоз чиқаётган аёл зум ўтмай, турган жойида музлаб қолди. Асроржоннинг онаси ҳам унга қараб донг қотди.

- Ас-са-ло-му а-алай-ку-уум..,-зўрға сўзлади қўлтиқтаёқли аёл.

- Нар-ги-за!- серзарда тикилди Асроржоннинг онаси унга.

- ...

- Се-ен!

- ...

Қўлтиқтаёқли аёл боши айланиб, тебранди. Қўлтиқтаёғига суяна-суяна турган жойида ўтириб қолди. Кўзлари мўлтайиб, бир дарвозадан кириб келган аёлга, бир Асроржонга қарарди... Тили дудуқланиб:

- Нодима овсинжо-о-он,-ҳушдан кетди, йиқилди қўлтиқтаёқли аёл.

Асроржоннинг «Онажон, нима бўлаяпти, бир-бирларингизни қаердан танийсизлар, айтинг!»-дейишига қарамай, Нодима икки ўғлига ҳушдан кетган аёлга кўмак беришларини буюрарди.

Қўлтиқтаёқли аёл – Наргиза ҳушига зўрға келди.

- Биз сени ўлиб кетган, деб юрибмиз! Тирик экансан-да!

- Аллоҳнинг жазосини тортяпман!

- Ўлганинг яхши эди,-нафратомуз сўзлади Нодима.

- Онажо-он, бу нима деганингиз?!-ҳайрон қолди Асроржон.

- Бўлинглар, кетдик, бир зум ҳам қолмаймиз бу ерда. Бу аёл лаънат теккан, қарғиш урган!

- Тушунмадим, онажон?

- Болааааааам, ўғлиииииим, мени кечиииир, Нодима,-қўрқинчли ҳайқириқ билан уввос тортди Наргиза.

- Ўғлим, дема, у сенинг ўғлинг эмас!-терсланди Нодима.

- Мени ке-ечи-ир... ўғли-и-им..!-такрорлади аёл яна.

Асроржон анқайиб қолди.

***

Мен шўрликни кечир, болам. Бундан 18 йил олдин бўлғуси турмуш ўртоғим вақтни тиғиз билибми, тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтмади. Аммо, қандайдир йўллар билан соғломлиги ҳақида тиббиёт варағини ёздириб олган экан. Не-не орзу-умидлар билан элга ош бериб, тўй қилган ота-онамнинг, менинг орзуларим сароб бўлди. Келинликнинг учинчи куниёқ эримнинг гиёҳвандлиги маълум бўлди. Буларнинг барини тўйга қадар аниқлаш ва чора кўриш мумкин эди. Гиёҳванд эримнинг хуружлари бир тараф, ота-онам, акаларимнинг «эр уйидан қайтмайсан» дейишлари бир тараф бўлди. Нодиманинг ҳам менинг ёнимда туриб, берган кўмаклари зое кетди. Калтак ва зарбалар ичида қолгандим. Шу зарбалар остида ўғил фарзандли бўлдик. Афсуски, у ногирон туғилди. Чап қўл бармоқлари йўқ, бир оёғи ҳам иккинчи оёғига нисбатан анча ориқ ва нимжон эди. Дўхтирлар уни «туғма ногирон» дейишди. Дунё кўзимга қоронғу бўлди. Қайси юрак билан бу ишни қилганимни билмайман: ногирон чақалоқ ва гиёҳванд эримни ташлаб, қўшни вилоятлардан бирига қочдим. У ерда кўзимга меҳрибон бўлиб кўринган ва гўё тақдиримга ачиниб, менга иш таклиф қилган хотин, аслида, аёллар ва эркаклар маишати ортидан кун кечирар экан. Мен ҳам аста-секин шу «иш»га кўникдим. Ҳатто, ўзим ҳам у хотиннинг «қўлини олиб» улгурган эдим. Боши деворга теккан қиз-жувонларни пуллаб, тирикчилик қила бошладим. Бизни ушлашди. Қилмишларим жазосини олдим. Ножоиз хатти-ҳаракатларим учун уч йил «ўтириб» ҳам чиқдим. Турмада жазо муддатини ўтаётганимда, тиббий кўрикдан ўтказишди. Менда ОИТС аниқланди...

Йиллар елдек ўтди. Турмадан чиқиб, онам билан қўнғироқлашдим. Онам қайтмаслигимни, борсам отам ўлдириб қўйишини айтди. Қариндош-уруғларим ҳам мендан юз ўгирган экан. Гиёҳванд эрим ҳам вафот этган, ўғлимиз овсинимиз қўлида қолган экан. Бир пайтлар ногирон, деб ташлаб кетганим - ўғлимни кўриш учун қилган ҳаракатларим зое кетди. Шу дард билан Бухородан – Когон туманидан йиғлаб бир неча йил ижарама-ижара санғиб юрганим - Самарқандга қайтаётганимда, автоаварияга дуч келдим... Ҳайдовчи асли Қашқадарёнинг Чироқчисидан экан. Мени «Тез ёрдам»да касалхонага олиб келишганидан тортиб, тузалиб оёққа чиққунимча қаради. Ҳаётим, ўтмишимни эшитиб, нафратланди ҳам. Аммо, жисмонан яроқсиз бўлиб қолгандим. Уй-жойим, ҳеч кимим йўқлигини билгани учун ҳам Қарлуқ қишлоғида холасидан қолган қаровсиз ҳовли борлигини, шу ерда яшашимни айтди. Мана, неча йилларки, шу ерда тимирскилаб юрибман. Ёмонга ўлим йўқ экан, Худоям жонимни олмади. Тақдирнинг жазосини қаранг, бир пайтлар мен ногирон, деб ташлаб кетганим - ўғлим билан тасодифларда юзлаштирди, одамлар кўрса, жирканадиган, жисман заиф ва қўлтиқтаёқда ҳолимда юзлаштирди. Вақтида, бургага аччиқ қилиб, жирканч ботқоққа ботганим жазоси бўлди бу. Мен тобора ўз исканжасига тортаётган ўлимдан эмас, ўз туққан фарзандим билан юзлаштиришидан қўрқиб яшагандим. Шу дард мени тупроққа қоришини истаб яшадим. Афсус.

- Бўлди, бас, етар! – Асроржон бошларини чангаллаб ушлади,- менинг онам битта, менинг ўз онам бор!

***

Нодима ўз машинасида ҳайдовчи машинасини Муборак тумани марказидаги устахонагача судраб келди. Ҳайдовчига кира ҳақини тўлаб, розилик олиб, Нодиманинг машинасида қайтдик. Ҳамма жим. Сукут узоқ чўзилди.

- Мендан ҳеч нима сўрама, ўғлим. Мен сенинг онангман! Сен менинг боламсан!

- Менга 19 йил давомида ақалли, бир марта ҳам қаттиқ гапирмадингиз. Тўполон қилганимда ҳам, акам билан жанжаллашганимда ҳам менинг бошимни силадингиз..,-пичирлади Аббосжон.

- Ҳа-а, аслида, мен ўгай бўлган эканман-да, чунки ҳамма тош мани бошимга келиб синган,-қаҳ-қаҳ отиб кулди акаси.

Сукутни ҳазиломуз кулги бузди.

- Қиш тугагач, аканг билан келиб, Назиранинг ҳовлисини енгилгина таъмирлаб кетасизлар. Отаси ҳам, онаси ҳам шу дардда ўлиб кетди. Энди у кўмакка муҳтож. Сенлардан бошқа ҳеч кими йўқ. Уни шундай ҳолатда ташлаб қўйсак, ундан фарқимиз қолмайди..,-деди Нодима ва бир қўлини ўриндиқ орқасида мен билан ёнма-ён ўтирган Асроржонга чўзди. Бармоқлари йўқ қўлидан ўпиб қўйди...

***

Манзилга етгач, хайрлашиб машинадан тушдим. То кўринмай қолгунча, уларнинг ортидан тикилиб қолдим...

Лайло Ҳайитова

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг