Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Муфтий ҳазрат Қоҳирада муҳим масалаларни кўтарди

Муфтий ҳазрат Қоҳирада муҳим масалаларни кўтарди

Бугун, 18 октябрь куни Қоҳира шаҳрида бошланган Ислом оламида катта аҳамиятга эга бўлган анжуманда Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳозирги кундаги муҳим масалаларни илгари сурдилар.

Халқаро конференцияда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ қилиб, бугунги таҳдидларнинг олдини олиш учун бир қатор долзарб таклифларни илгари сурдилар. Хусусан, ахборот замонидаги ғоявий хуружлар Ислом оламини ташвишга солаётгани, турли ихтилофлар келиб чиқаётгани, мана шундай муаммоларга ечим топишда Фатво идораларининг ўрни ниҳоятда катта экани, тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва мусулмон уммати ҳамжиҳатлигига эришишда фатвонинг аҳамияти жуда муҳим эканини Муфтий ҳазратлари изоҳладилар. Шунингдек, ушбу йўналишда юзага келаётган муаммолар етарли илм ва малакага эга бўлмаган шахсларнинг фатво бериши оқибатида келиб чиқаётганини ҳам қўшимча қилдилар.

Муфтий ҳазратлари мана шундай муаммоларга ечим топишда Ислом илм-маърифатга асосланган мўътадил дин эканини тарғиб қилиш, уламолар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш кабилар эканини баён этдилар. Бундан ташқари, Интернет ва рақамли ахборот воситалари орқали адашган тоифалар дин ниқоби остида экстремизм, мазҳабсизлик, такфир ва мутаассиб қарашлар тарқатаётгани хавотирли ҳолат эканини алоҳида қайд этдилар.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳасидаги ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётгани, жумладан, жаҳолатга қарши кураш ишлари жадал олиб борилаётгани, Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази самарали фаолият олиб бораётгани кабиларга алоҳида урғу қаратдилар.

Мазкур араб тилида қилинган нутқ ва барча учун долзарб аҳамиятга эга бўлган таклифлар анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг