Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Миллионлар, миллиардлар: она заминимиз неча ёшда?

Миллионлар, миллиардлар: она заминимиз неча ёшда?

Инсонларни атроф-муҳитга эътиборли бўлишга ундаш мақсадида ҳар йили 22 апрелда Халқаро ер куни (Earth Day) нишонланади. У тоза сув, тоза тупроқ, тоза ҳаво байрамидир. Чунки шу куни сайёрамизда содир бўлган экологик ҳалокатлар ёдга олинади. Одамлар мавжуд экологик муаммоларни қандай бартараф этиш лозимлиги борасида ўйлаб кўрадилар. Аслида Ер куни кўплаб мамлакатларда баҳорги тенг кунлик бўлмиш  21-22 март кунлари байрам қилинади.

Байрам тарихи узоқ XIX асрга бориб тақалиши айтилади. Жон Жулиус Стерлинг Мортон исмли биолог ва фермер Небраска штатига ташриф буюрганида бир қатор муаммоларга тўқнаш келади. Дарахтлар қурилишда ишлатилгани боис аёвсиз кесилган ва ҳудуд даштга айланган эди. Жон Жулиус Стерлинг Мортон аҳолига мурожаат қилиб, минтақани кўкаламзорлаштириш таклифи билан чиқди. Ўшанда Небраска штатига 1 миллионга яқин кўчат экилган ва «Дарахтлар куни» дея эълон қилинди.

Жон Мортон 22 апрелда туғилгани боис, унинг шарафига шу кунни «расмий байрам сифатида эълон қилиш керак» деган таклиф берилди. Ташаббусга нафақат АҚШ, балки бошқа давлатлар фуқаролари ҳам қўшилди.

Илк бор Ер куни 1970 йил апрелда АҚШда ўтказилиб, байрам муваффақиятли бўлгани боис, ташкилотчилар мунтазам равишда Ер кунини нишонлашга қарор қилишди. Америкалик таниқли сиёсатчи ва сенатор Гейлорд Нельсон бир гуруҳ талабаларни тўплаб, бу ғояни тарғиб қила бошлади. Гуруҳга Гарвард университети талабаси Деннис Хайес бошчилик қилди. Ўша пайтларда талабалар ҳаракати жудаям оммалашгани боис, уларнинг ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

Аммо уларда оммавий тадбирларни ўтказиш учун тажриба ва маблағ деярли йўқ эди. Шу сабабли илк тадбирлар мактабларда ўтказиларди. Гейлорд  Нельсоннинг таъбири билан айтганда, Ер куни ўз-ўзидан пайдо бўлди.

1971 йилда сенатор Нельсон Ер ҳафтасини эълон қилди. Бу тадбир апрель ойининг уч ҳафтаси мобайнида ўтказилди. Буни АҚШ аҳолиси бажонидил қўллаб-қувватлади.

Сиёсий ва оммавий фаоллик туфайли АҚШда атроф-муҳит муҳофазаси йўлида кўплаб қонун ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. 2009 йил БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йили 22 апрелда Халқаро Она ер кунини нишонлаш борасида  резолюция қабул қилди. Ўшанда бу ташаббус 50 дан ортиқ мамлакат томонидан илгари сурилган ва бошқа давлатлар якдиллик билан қўллаб-қувватлаган эди. 2010 йилдан бошлаб ҳар йили 22 апрелда бу байрам халқаро миқёсда нишонлаб келинмоқда.

Айни дамда Ер байроғи ҳам қабул қилинган. Тўғри, бу байроқ норасмий сифатида кўрилади. Ер байроғи фазодан суратга олинган ер  шарини эслатади. Ер куни нишонланар экан, бир қатор мамлакатларда инсонларни тинчликка чақириш ва сайёрамизнинг гўзаллигини сақлаб қолишга ундаш мақсадида Тинчлик қўнғироғи чалинади. Тинчлик қўнғироғи дўстлик, тинч ҳаёт, халқлар ўртасидаги бирдамлик, хотиржамлик рамзи саналади. Бундан ташқари ер юзидаги ҳаётни, тинчликни, инсонлар ҳаёти ва маданиятини сақлашга даъват тимсоли ҳамдир.

Биринчи Тинчлик Қўнғироғи 1954 йилда БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи олдига ўрнатилган эди. Бу қўнғироқ ер юзидаги болалар томонидан тўплаган танга пуллар ва таниқли кишиларнинг орден, медалларидан ясалган. Қўнғироқда «Яшасин дунёдаги тинчлик» деган сўзлар битилган. 1996 йилда бу каби қўнғироқ БМТнинг Венадаги қароргоҳига ҳам ўрнатилди. Шунингдек, Тинчлик қўнғироғини Германия (1989), Польша, Туркия (1989), Мексика (1990), Австралия (1992), Мўғулистон (1993), Филиппин (1994), Канада (1996), Бразилия (1997), Аргентина (1998), Эквадор (1999), Ўзбекистон (2003) ва бошқа мамлакатлардаги шаҳарларда ҳам учратиш  мумкин.

Бир сўз билан айтганда, 22 апрелда оддий байрам эмас, балки глобал аҳамиятга эга Халқаро Она ер куни нишонланади. Халқаро ер кунининг нишонланиши замин ва унинг экотизими инсониятнинг умумий уйи эканлиги тан олинишини англатади. Она ер иборасининг ўзиёқ инсоннинг ерга боғлиқлигининг тан олинишидир.

Ер ҳақида қисқача маълумот. Олимларнинг сўзларига қараганда, Она заминимизнинг ёши 4,5 миллиард йилга тенг. Агар экватор бўйлаб юрадиган бўлсак, 40 минг 10 километр масофани босиб ўтишимиз керак бўлади. Сайёрамизнинг энг иссиқ жойи Калифорниядаги Ўлим водийси ва Ливиядаги Эль Азизия ҳисобланади. Энг совуғи эса Антарктика дея тан олинган. Ернинг ягона табиий йўлдоши тунда ҳамма учун яққол кўринадиган Ойдир.

Ер шари – бизнинг уйимиз, бизнинг Онамиз. Шу сабабли ҳам уни асрашимиз керак. Чунки бугун фарзандларимиз, келажакда эса авлодларимиз ифлосланган сув ичиб, ифлосланган ҳаводан нафас олиб яшашларига йўл қўймаслигимиз лозим.

Шарофиддин Тўлаганов
журналист.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг