Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Майнинг корхоналари йил бошидан буён 78,8 млрд. сўмлик зарар келтирди

Майнинг корхоналари йил бошидан буён 78,8 млрд. сўмлик зарар келтирди

Фото: «Ўзэнергоинспекция».

«Ўзэнергоинспекция» берган маълумотларга кўра, йил бошидан буён ноқонуний майнинг корхоналари 78,8 млрд. сўмлик зарар келтирди. 

Крипто-активлар ишлаб чиқаришда ноқонуний майнинг фаолияти билан шуғулланувчи шахслар томонидан энергия ресурсларни талон-торож қилинишини фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этилган ноқонуний майнинг фаолияти билан боғлиқ 104 та ҳолат фош этилиб, 78,8 млрд. сўмлик (21,4 млн. кВт-соат) электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

Ушбу ҳолатлар бўйича 63 та жиноят иши қўзғатилиб, 30 нафар шахс қамоққа олинган.

Мисол учун, Чилонзор туманида фуқаро Қ.О. ўзининг яшаш хонадонида майнинг қурилмаларини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 680,6 млн. сўмлик электр энергиясини ўғирлаган.

Ёки, Фарғона шаҳридаги «Б.М.» оилавий корхонаси раҳбари А.А. корхонага тегишли қандолат цехи ҳудудида майнинг фаолиятини амалга ошириш мақсадида электр тармоғига ноқонуний уланиб, 787,4 млн. сўмлик электр энергиясини талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар процессуал тартибда ушланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг