Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳомий топилмаган китоб: унда қўрқинчли воқеалар ҳам баён этилган эди

Ҳомий топилмаган китоб: унда қўрқинчли воқеалар ҳам баён этилган эди

«Хиёнат қилиш даҳшатли ўлим билан жазоланади. Бунга шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. 17 ёшли қиз қариндошлари томонидан ўзининг кўнглига хуш келмаган бир фуқарога унаштирилган эди. У бир маъмур йигитни севиб қолиб, сочларини олдириб ташлайди-да, эркак либосида хизматкор сифатида унинг уйида яшай бошлайди. Куёв билиб қолиб, ҳукуматга арз қилади. Маъмур йигит ўз жонини сақлаб қочиб кетади, қизни эса ҳибсга олишади ва у бор ҳақиқатни қозиларга айтиб беради. Қиз қатл этиладиган куни халқ бозорга тўлиб кетди, уни олиб чиқдилар, майдонда чуқур қазидилар ва кўкрагигача ерга кўмдилар. Биринчи бўлиб жаллод бу бахтсиз қизнинг бошига тош билан урди, кейин оломон тош отиб, унинг бошини мажақлаб ташлади, қариндошлари мурдани қазиб олиб кўмишди», дея ёзган эди Марказий Осиёга саёҳат қилган Филипп Назаров.

Русиялик элчи 1813 йилги сафари давомида шу каби кўплаб воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлган ва кўрган-кечирганларини китоб қилиб ёзган. Аммо Назаровнинг ушбу китоби ҳомий топилмагани боис анча вақтгача нашр қилинмай қолиб кетди...

Бухоро амирлигидан 1709 йилда ажралиб чиққан Қўқон хонлиги тез орада ўз қаддини тиклаб, нафақат Фарғона водийси ва Тошкентни, балки кенг дашт, дала-қирдаги қозоқ жузларини, қирғиз чорвадорларини, Бадахшон ўлкасини ўзига тобе қилди. Ҳатто, хитойликларни Қошғардан қувиб, у ерда ҳам хўжайинлик қила бошлади. Қарийиб бир аср ичида ўз ҳудудини кенгайтирган Осиё харитасидаги бу янги давлат, табиийки, чор империяси эътиборини тортади. Шу боис у ерга элчи юборишга, вазиятни ўрганишга қарор қилишди. Элчи қилиб жўнатиладиган, тилни биладиган киши ҳам танланди. У Сибирь махсус корпусида ишлаган таржимон Филипп Назаров эди.

1813 йили Назаров турли моллар юкланган 100 та туядан иборат карвон билан Тошкент ва Фарғона водийсида бўлди. Ўзбек тилини яхши биладиган Назаров Қўқон хони Амир Умархон қабулига кирди. Водий бозорларида, турли шаҳар, қишлоқларда юриб, вазиятни кузатди.

«Тошкент шаҳри Чирчиқ дарёси бўйида жойлашган. Шаҳар ичида фуқароларнинг деворлар билан ўралган боғлари ва узумзорлари мавжуд, деворлар бир-бирига шунчалик яқинки, улар орасидан қолдирилган йўлаклар кўчадан кўра, кўпроқ узун даҳлизга ўхшайди. Сув Чирчиқдан анҳор орқали келади, шаҳарнинг кўп жойларида фавворалар қилинган, ҳар бир уйнинг ҳовлисида ҳовуз қазилган ёки ариқча ўтказилган, ундан аёллар сув олишади, кир ювишади, бу ҳовузлар атрофида мусиқа чалиб хурсандчилик қилаётган тошкентликларни кўриш мумкин. Бу ерда қадим замонларда қурилган, ҳозир ҳеч ким истиқомат қилмайдиган, гумбазли бўм-бўш обидалар кўп.

 Шаҳардан нимчорак чақирим нарида ўн минг аскар сиғадиган истеҳком бор. Бу истеҳкомнинг Қўқон томондан икки девор ва иккита хандақи, шаҳар томондан эса бир девори ва хандақи бор, хандақларнинг кенглиги 50 қулоч келади. Истеҳкомга сўқмоқ йўл билан кирилади. Унинг ичида баланд деворлар ва чуқурлиги 7 қулоч келадиган 3 та хандақ билан ўралган қалъа мавжуд. Бу қалъада хондан рухсат сўрамай ўлим жазосини бериш ҳуқуқига эга бўлган бош қўмондон истиқомат қилади», дея Назаров Тошкент ва унинг атрофларини тасвирлайди хотираларида.

Назаров ўша вақтдаги ҳукмдор Умархон давридаги воқеаларни шундай тасвирлайди: «Ҳукумат савдогарларни қаттиқ назорат қилиб туради, токи ўлчов ва тарозидан алдамасинлар. Мен ўша ердалигимда улардан бирини кўчаларда яланғоч айлантириб, қамчи билан уриб, «савдода алдаганман», деб қичқиришга мажбур қилишган эди. Умуман, қўқонликлар қоғозга ёзмай, икки кишининг қасам ичиб, гувоҳлик бериши билан ҳукм чиқарадилар. Амалдорларни, гарчи энг мартабали бўлсалар ҳам, жиноятлари учун, масалан, сотқинлик, порахўрлик, давлатга қарши иғво ва шунга ўхшаш айблари учун ўлимга ҳукм қиладилар. Уларнинг ерларини хазина ихтиёрига ўтказадилар, хотинлари ва ёши етган қизларини оддий аскарларга хотинликка беришади.

Камина бозор айланиб юриб, бир қотилни олиб келишгани ва уни ўлдиришларини талаб қилганлари ҳамда шу заҳоти бошини танасидан жудо этишганининг ҳам гувоҳи бўлганман».

Назаров шу билан бирга ўша вақтда бўлиб турган Қўқон ва Тошкент ўртасидаги низо, ҳокимият талашуви, улар келган пайтда Тошкент аскарлари ўртасида фитна чиққани ва айбдорлар топилиб, жазоланганини ҳам келтириб ўтади.

Ана шундай даҳшатли воқеаларга гувоҳ бўлган Филипп Назаров Тошкент ва Қўқондан ташқари Хўжандда ҳам бўлган ва уни шундай тасвирлаган: «Хўжанд катталикда Қўқондан қолишмайди. Бир томонида муҳофаза учун қурилган, айрим жойлари нураб кетган баланд девор бор. Бошқа томонида Сирдарё оқади. Шаҳарда фабрикалар бор, умуман, Қўқонда мавжуд барча муассасалар унда ҳам мавжуд, аҳолиси эса жуда кўп...»

Шу билан бирга Назаров Марғилон, Қўқон, Наманган, Андижон, Ўш сингари ўзи сафар қилган шаҳарларни ҳам ўз хотираларида қаламга олиб ўтади: «Вилоят шаҳри бўлган Марғилоннинг айланаси 30 чақирим келади, қалъа девори йўқ, фақат ундан 5 чақирим нарида, шарқий тоғли форслар чегараси томонида йигирма мингтача аскари бўлган Ёрмозор қалъаси бор, ундан 12 чақирим нарида эса форсларнинг Олой қалъаси жойлашган. Шаҳардаги уйлар лойдан (гувала пахсадан) қилинган, деразалар йўқ, кўчалар тор, қадимий улкан ёдгорликлар ва тимлар бутун, яхши сақланиб қолган. Шаҳарнинг ўртасида муқаддас жой сифатидаги иморат қад кўтарган, унда қизил шойидан қилинган байроқ сақланади. Қўқонликлар уни муқаддас деб эъзозлашади, чунки ривоятларга кўра, у подшо Искандарга (Александр Македонскийга) қарашли бўлган эмиш ва гўёки у Ҳиндистондан қайтаётиб саҳрода вафот этган ҳамда шу ерда кўмилган эмиш (гарчи Плутарх, Ариан, Квинт-Курсий ва барча бошқа изоҳ берувчилар уни Исо туғилгунга қадар 323 йилда Бобилда ўлган ва ўша ерга кўмилган деб бир овоздан тасдиқласалар ҳам) Марғилонда янги шаҳар ҳокими тайинланганда уламолар ўша байроқни кўтариб, ҳокимни табриклагани борадилар, у (янги ҳоким) дин пешволарига совға сифатида байроққа қимматбаҳо мато боғлайди, пул, буғдой (нон) ва олмалар беради.

Бозор қатор-қатор раста қилинган, белгиланган икки кун давомида тумонат одам эртадан кечгача тўдалашиб юради. Ҳукумат одамлари савдогарларнинг ўлчов ва тарозудан алдамасликларини қаттиқ назорат қилиб туришади. Шаҳарда турли корхоналар мавжуд, (уларда) форс парчалари, бархат ва ҳар хил осиё матолари ишлаб чиқарилиб, Бухоро ва Қашқарга юборилади: Қашқардан чой, чинни идиш, ёмбили кумуш, конфа (хитой атласи), бўёқлар ва хитойнинг энг яхши матоларини олишади.

Мен шарқий форсларнинг бозордан пахта ипини сотиб олишгани ва саватларга солиб, Ёрмозор орқали Олой тоғига пиёда ўтиб кетаётганларини кўрдим. Шаҳар аҳолиси хотиржам, маъмур ҳаёт кечиради.

Бизни бир маъмур билан Марғилондан 150 чақирим наридаги Андижон шаҳрига юборишди. Йўлда, Қашқар-Довондан оқиб тушадиган Сирдарё қирғоғида Ўш истеҳкоми жорий қилинган, у ерда Хитойдан келаётган ва Хитойга бораётган карвонлардан солиқ олинади. Ўнг қўл томонда, айтиб ўтилган тоғ қоясида иккита қадимий бинони кўрдик, уларнинг тагида катта ғор бор экан. Бизни кузатиб борувчи айтдики, бинолар Тахти-Сулаймон деб аталади ва осиёликлар бу жойга зиёратга келадилар, чунки бу ерда девлар Сулаймонега таъзим келтирган эмиш. Биноларда ҳеч ким яшамайди.

Андижон Қашқария билан чегарадош, атрофида қишлоқлар кўп, турли меваларга бой; аҳолиси ипак қурти боқиш, пахтадан мато тўқиш ва деҳқончилик билан шуғулланади; кўчманчи тоғорти қирғизлари билан савдо-сотиқ қилишади, улардан ҳар хил чорва моллари олишади. Халқ эътиборини тортмаслик учун биз шаҳарда Осиё тўнини кийиб юрдик. Шаҳар ҳокимининг турар жойи қалъадан ташқарида ва шаҳарда ҳеч қандай истеҳком йўқ эди.

Қалъа 4 та дарвозаси бор девор билан ўралган бўлиб, ичида ўн мингтагача ҳарбий яшайди. Шаҳар ҳокими қўшинни ўз тасарруфида сақлайди, бунинг учун сотишга келтирилган буюмларга қўйиладиган солиқнинг бир қисмини ажратади. Шаҳардаги уйлар лойдан қурилган, кўчалар қинғир-қийшиқ.

Биз шаҳарда икки кун туриб, у ердан 120 чақирим наридаги Наманган шаҳрига кетдик. Йўлда Қўқон хонига қарашли, четида қамишлар ўсган кенг зовурлар билан чегараланган ерларни кўрдик, бу ерлардаги ҳайвонот ва қушлар назоратчилар ила қўриқланади. Хон бу ерда аркони давлат билан овга келади.

Наманган ҳам ҳеч қандай истеҳкомга эга эмас, фақат ҳоким қасри қалъа сифатида қурилган, шаҳарда 1500 дан кўп бўлмаган аскарлик қўшини бор. Шаҳар гавжум, қоғоз ишлаб чиқариувчи корхоналари бор. Наманган мевалари билан ҳам машҳур.

Бизни Намангандан 100 чақирим наридаги кичкинагина Янгиқўрғонга олиб боришди. Йўлда кўп аҳоли яшайдиган қишлоқларни, ўтлоқ ва экинзорларни кўрдик. Ушбу шаҳарнинг ҳеч қандай истеҳкоми йўқ, фақат шаҳар ўртасида кичкинагина қалъа ва аксарият фуқаролардан иборат 200 та аскар бор, холос. Махсус ажратилган уйда тунаб қолдик ва эртасига йўлга чиқиб, шаҳардан 10 чақирим нарида оқадиган Сирдарёдан ўтдик. Сўнгра гилам, мато тўқиш билан шуғулланувчи кўчманчи қорақалпоқлар билан 12 чақирим юриб, 1814 йилнинг март ойида Қўқонга қайтиб келдик. Қўқон анча катта ва аҳолиси кўп, унда тўрт юзтагача мачит бор деб ҳисоблашади, текисликда жойлашган, хон қасридан бошқа истеҳком йўқ, булоқлари кўп, ерлари шўрҳокроқ. Шаҳар кўчалари тор, тош ётқизилмаган, уйлари лойдан (гуваладан) қурилган, шаҳар ўртасида иккита бозор бор, у ерларда ҳафтасига икки марта савдо бўлади, бир неча жойда қадимий ёдгорликлар мавжуд ва қаср яқинида пишган ғиштдан ишланган, хоннинг арғумоқлари турадиган отхона жойлашган, қўшинида йигирма минг одам бор.

Биз шаҳарга кириб келганимизда бозорлар ипак қуртининг уруғи солинган қутиларга тўлиб кетган бўлиб, бу қуртни қандай кўпайтиришлари ҳайратланарли эди. Аёллар уруғларни сотиб олиб, ҳўл латтага ўрайдилар ва буғлатиш учун 12 кун иссиқ жойда сақлайдилар. Қуртлар тухумдан чиқа бошлаганида ҳўл латта ёполган саватчага солиб офтобга қўядилар ва озуқа учун тутнинг баргини солиб қўядилар. Ипак қуртлари шу қадар кўпки, ҳатто Бухорога олиб чиқиб кетилишига ва қирғиз ўрдалари учун жуда кўп матолар тўқилишига қарамай, бу ерда баҳоргача ипак бўлади».

Хуллас, 1813-1814 йилларда Филипп Назаров ўзи борган жойлардаги воқеаларга гувоҳ бўлди, халқ ҳаётини, шаҳарлар, улардаги бозорлар, урф-одат, ўлканинг табиатини кузатди. У ўлкадан 1814 йил 14 августда жўнаб кетди. Россияга боргач, «Сибирь корпуси тилмочи, 1813-1814 йиллари Қўқонда элчи бўлган Филипп Назаровнинг Осиёнинг ўрта қисмидаги айрим халқлар ва ерлар хусусида ёзишмалари» номли китоб ёзди. Империя амалдорлари Назаровнинг ёзганларини ўрганиб чиқиб, императорга ҳисобот беришди. Аммо «ҳомий йўқ», дея китобни нашр эттирмадилар.

Орадан йиллар ўтиб, чор империясининг савдо вазири Н.Румянцев Назаровнинг китобидан хабар топди ва уни ўз маблағи ҳисобига 1821 йили чоп қилдирди. Натижада, мазкур асарни нафақат империя амалдорлари, балки кенг китобхонлар оммаси ҳам ўқиди ва у Ўрта Осиёни тадқиқ этишда қимматли манба бўлиб қолди. Назаровнинг ёзган кузатувларида баъзи бир хатолар бўлса-да, ушбу асар бошқа манбаларга таққослаш орқали Ўрта Осиё тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятли манба ҳисобланади.

Умид Бекмуҳаммад,

тадқиқотчи.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг