Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Августда қандай об-ҳаво кузатилиши мумкинлиги эълон қилинди

Августда қандай об-ҳаво кузатилиши мумкинлиги эълон қилинди

Фото: Xabar.uz

Ўзгидромет август ойида эҳтимолий об-ҳаво маълумотини тақдим этди. 

Август иссиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг биринчи беш кунлигида кундуз кунлари ҳаво 39-41 даражагача, жанубда 42-44 даражагача исийди.

Кейиналик иссиқ бироз пасаяди ва ҳудуднинг катта қисмида биринчи ўн кунликнинг охиригача кундуз кунги ҳаво ҳарорати 36-39 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда 40-42 даражагача бўлади.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кечалари 22-25 даражадан 17-20 даражагача, кундуз кунлари 35-38 даражадан 30-33 даражагача ўзгариб туради.

Август ойи қуруқ бўлиши кутилмоқда. Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кам бўлиши прогноз қилинмоқда.

Шунга қарамай, август ойининг иккинчи ярмида куз фасли яқинлашаётгани сезилади. Салқин ҳавонинг кириб келиш сони кўпаяди. Ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони июль ойига нисбатан сезиларли даражада камаяди.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида август ойида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлмаган йиллар ҳам кузатилган ва фақат шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда айрим кунларда ҳаво 41-43 даражагача исиган. Сўнгги йилларда бундай август ойлари 2020, 2021 ва 2022 йилларда кузатилди.

Тоғ тизмаларига яқинроқ жойлашган ҳудудларда, кўп йиллик кузатув маълумотларига кўра, август ойида ҳарорат деярли ҳеч қачон 40 даражагача кўтарилмаган.

Ойнинг учинчи ўн кунлигининг айрим кунларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.

Ўзбекистонда август йилнинг энг қуруқ ойидир.

Август ойида ёмғирлар жуда кам ёғади, ҳудуднинг катта қисмида ўртача  1 кундан 3 кунгача бироз ёмғир ёғади, ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори эса  1-2 мм дан, Фарғона водийсида 3-5 мм дан кўп бўлмайди.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир тез-тез ёғади ва ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори баъзи жойларда 12-15 мм ни, Фарғона вилояти тоғларида ва Тошкент вилоятининг баланд тоғларида 20-22 мм ни ташкил этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг