Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Амир васиятига хиёнат

Амир васиятига хиёнат

Негадир Арк дарвозаси беркитилиб, Бухорога кириб-чиқиш таъқиқлаб қўйилди. Шаҳарда амир сарбозлари кўплигидан халойиқ ҳайрон эди. Бутун шаҳарда назорат кучайтирилганидан сарбозлар кўзига шубҳали кўринган ҳар қандай кимсани тўхтатиб, қаршилик кўрсатса, ҳибсга олишарди. Хутбага шаҳзода Убайдулла номи зикр этилганидан аён бўлдики, амир вафот этибди. Аммо бухороликлар амирнинг васияти бажарилмаганини билиб туришарди. Бироқ не илож! Бу ҳам бир сарой ўйини-да!..

– Аллоҳнинг инояти ила камина 54 йил бошимга тож кийиб, Бухорои Шарифга ҳукмронлик қилдим. Элда оғзи олачилик бўлмаслиги учун салтанатни қатъий қонунлар билан тутиб, уруғ-аймоқчиликка чек қўйдим. Тангрига беҳисоб шукрким, 77 йиллик ҳаётимда мумкин қадар озор етган ожизлар бошини силадим. Айниқса, амирлик давримда Эрону Хива ҳукмдорлари ҳарбий қудратимдан чўчиб, ўлкамизга юриш қилишдан тийилди. Юриш қилганлари муносиб жазосини олди. Энди мен ўз ишимни давом қилдиргувчи валиаҳдни белгиласамгина Бухорои Шариф довруғи оламни тутгай, – дея амир Субҳонқулихон сарой аъёнларига кўз югуртирди.

Аъёнлар тўшакка михланиб, бемажол ётган амирнинг васиятини жим туриб тинглашар, айни пайтда валиаҳд ким этиб белгиланиши, тахтга ким ўтиражаклиги ҳақида ўйлаб туришарди.

– Бу айтмишларимдан мудаао шулким, шул сониядан эътиборан набирамиз Муҳаммад Муқимхонни валиаҳд тайин қилгумдир. Магар дорил бақога рихлат қилсак, тахтга Муқимхон ўтирғусидир, – деди Субҳонқулихон.

Ҳамма таъзим ила бош эггач, Муҳаммад Юсуф Хожа амирнинг васияти бажарилишини айтди. Шундан кейин амирликда Муҳаммад Муқимхоннинг амир васиятига кўра, валиаҳд қилиб белгилангани ҳақида овоза тарқатилди.

Субҳонқулихоннинг ҳукмдорлиги Балхда 31 йил, Бухорода 23 йил давом этган бўлса, шу даврда мамлакатда ички низолар, уруғлару шаҳзодалар ўртасидаги тахт талашиш, мамлакатга қилинадиган босқинчиликларга чек қўйилди. Субҳонқулихон «Нишоний» тахаллуси билан шеърлар ҳам битар, маърифатли амир сифатида довруқ таратган эди.

Субҳонқулихон кўплаб фарзанду неваралари бўлса-да, бироқ Муқимхон айнан ўзига тортганлиги боис унинг келажагига ишонар, шунга кўра валиаҳд деб васият қилганди. Қолаверса, Муқимхон 5 йилдан бери Балхда бобоси каби юртни обод қилиш йўлида ҳокимлик қилиб келарди.

Бир ойча давом этган касалликдан сўнг, 1702 йил сентябрда Субҳонқулихон аъёнларига васиятини яна бир бор эслатиб, оламдан кўз юмди. У ўзининг васиятига кўра, Муқимхон амир бўлади, деб тўла ишонганди. Аммо...

Амир Субҳонқулихон дафн этилмай турибоқ саройда фитна бошланиб кетди.

– Амирни тезда дафн этмоқ керак, – деди оталиқ Муҳаммад Раҳим. – Кун иссиқ, маййитни зудликда тупроққа қўймасак бўлмас. Валиаҳд Муқимхоннинг Балхдан Бухорога келишига эса отда тўрт кеча-кундуз кетади.

Бу вақтда саройдаги энг таъсирли аъёнлардан бири Бек Муҳаммад Дўрмон ва Муҳаммад Хожа ҳам оталиқнинг нимага шама қилаётганини тушунишди: иложини топиб амир васиятини бажармаслик, тахтга бошқа шаҳзодани чиқариш керак эди!

– Муқимхон валиаҳд бўлгани билан у Балхда туғилган. Онда-сондагина пойтахтга келади. Агар у тахтга чиққудек бўлса, саройни, бизнинг ўрнимизни балхлик амалдорлар эгалламайди, деб ким кафолат бера олади? – дея Муҳаммад Хожа Субҳонқулихон васиятини бажармасликка уринди.

Бу гап бошқа сарой аъёнларига ҳам маъқул бўлди. Аммо қайси шаҳзодани тахтга чиқармоқ керак?

– Убайдуллони амир деб, оқ кигизга солиб, тўққиз бор кўтарсак, осмон узилиб бошимизга тушмас. Ахир у ҳам Субҳонқулихоннинг фарзандлари, ҳақи бор. Балхлик валиаҳдни маййит кутиб турмайди-да, – дилидагини тилига чиқарди Муҳаммад Раҳим юз.

Ўзининг қатъий фикрига эга бўлмай, бошқалар таъсири остида иш юритадиган Убайдулло номи кўпчиликка маъқул бўлди. Қолаверса, ўспирин амирни ҳар йўлга солиш, бундан фойдаланиб, беҳисоб молу дунё орттириш учун ҳар бир сарой аъёни тайёр эди.

Шу тахлит 1702 йилнинг кузида Убайдуллони онт ва Аллоҳ номига қасамёд қилдириб, тахтга чиқардилар. Марҳум амир Субҳонқулихон дафн этилмай туриб васияти бузилган эди. Энди Бухоро амирлиги ички низолар ва уруғлар ўртасидаги ғалаёну урушлар гирдобига кириб қолди.

Убайдуллонинг амирлиги 9 йил давом этиб, бу вақтда амирликдан Балх ажралиб, Термиз ва Шаҳрисабз бекликлари бўйсунмай қўйди. Самарқанд ва Ҳисорда халқ қўзғолонлари бўлиб, парокандалик бошланди.

Отасининг васиятини бузиб, тахтга чиққан Убайдуллохон эса 1711 йилда ёнидаги амалдорлар томонидан ўлдирилди.

Умид Бекмуҳаммад, тадқиқотчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг