Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аллергик ринит: кузги касалликдан сақланиш учун нималар қилиш муҳим?

Аллергик ринит: кузги касалликдан сақланиш учун нималар қилиш муҳим?

​Мавсумий касаллик: Аллергик ринитни даволаш ва унинг олдини олиш учун нималарга амал қилиш керак? ССВ бу ҳақда материал эълон қилди

Куз фасли кириб келиши билан кўпчиликда турли сурункали касалликлар қўзғалади. Шулардан бири — аллергик ринит. Статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг тахминан учдан бир қисми ушбу хасталикка чалинган. 

Мазкур касаллик нима сабабдан келиб чиқади? Уни даволаш учун нималар қилиш керак? 

 Бу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг отоларингология бўйича бош мутахассиси Улуғбек Эргашев жавоб берди. 

— Аллергик ринит бурун шиллиқ қаватининг яллиғланиш касаллиги бўлиб, иммунитетнинг турли аллергенларга қарши ўта кучли жавоб реакцияси натижасида юзага келади, — дейди мутахассис. — Бунда тез-тез аксириш, бурин оқиши, битиши, кўзлар қизариши ва қичиши каби белгилар кузатилади. Аллергик ринитнинг келиб чиқишида ирсий мойиллик асосий омиллардан ҳисобланади.

Бу хасталик мавсумий — баҳор ва куз фаслларида авж олиши ёки сурункали, яъни йил давомида кузатилиши мумкин. Кўпинча аллергик ринит конъюнктивит, бронхиал астма, атопик дерматит каби бошқа аллергик касалликлар билан бирга кечади. 

Аллергик ринитни вазомотор ринит, ЎРВИ ва анатомик нуқсонлар туфайли келиб чиққан патологиялардан фарқлаш учун шифокор беморнинг касаллик тарихини чуқур ўрганиб, қатор текширувлардан ўтишни тайинлайди. 

Жумладан, агар хасталик аломатлари маълум ўсимликларнинг гуллаш даврига мос келса, бу мавсумий аллергик ринитга ишора қилади. Бундай ҳолат ўсимликларнинг гуллаш даври билан боғлиқ бўлмаса, аломатлар доимий тус олса ва аллергенни аниқлаш қийинчилик туғдирса, бу сурункали ринитдан далолат беради.

Шунингдек, бурун шиллиқ пардаси ҳолатини ўрганиш учун отоларинголог томонидан риноскопик текширув ўтказилиши зарур. Аниқ ташхис қўйиш учун қоннинг умумий таҳлили, бемор териси ва бурун шиллиқ қаватидан намуна олинади.

Аксарият ҳолларда енгил шаклдаги аллергик ринит антигистамин препаратлар ёрдамида даволанади. Хасталик оғир шаклда кечса, комплекс терапия белгиланади. 

 Агар дори воситаларига қарши кўрсатмалар ёки улар самарасиз бўлса, беморга десенсибилизация, яъни аллерген экстракти дозасини босқичма-босқич ошириб тери остига юбориш буюрилиши мумкин. Бу амалиётни бронхиал астма ва юрак-қон томир тизими касалликлари бўлган беморларда бажариш мумкин эмас.

Агар даволаш самара бермаса, бурунда доимий шиш ва нафас олишнинг қийинлашиши билан боғлиқ ҳолатларда отоларинголог кўрсатмасига кўра беморга жарроҳлик амалиёти — қуйи бурун бўшлиғининг вазотомияси белгиланиши мумкин. 

Мавсумий аллергик ринит айнан кузда қўзғалишининг сабаби шундаки, бу вақтда ҳавода замбуруғ споралари, ўсимликлар чанги кўп миқдорда бўлади. 

Одатда, бу хасталик инсоннинг кундалик ҳаётига жиддий таъсир қилмайди, аммо у оғир шаклда кечса, беморда уйқунинг бузилиши, иш қобилиятининг пасайиши каби аломатлар кузатилиши мумкин. 

Касаллик профилактикаси учун энг самарали чора — аллергенлар билан алоқага киришишдан максимал даражада сақланиш. 

Масалан, аллерген бўлиб уй ҳайвони юнги хизмат қилса, уни уйда сақлашдан воз кечган маъқул. Аллергик реакция ўсимликлар чанги ва замбуруғ спорларига бўлган ҳолда уйда ва иш жойида ҳаво тозалаш тизимларидан фойдаланиш тавсия этилади. 

 Агар аллергик ринитни уй анжомлари ва жиҳозлари қўзғатса, уларни тез-тез тозалаш ва алмаштириш керак бўлади.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг