Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аҳоли муаммолари билан ишлаш янгича тизимга ўтади

Аҳоли муаммолари билан ишлаш янгича тизимга ўтади

Фото: «uzbekistonovozi.uz»

2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

«Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак». Президент Шавкат Мирзиёевнинг эл-юртимиз қалби ва онгидан чуқур жой олган бу сўзлари бугун мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи қудратли кучга, таъбир жоиз бўлса, уларнинг ғоявий ўзагига айланди. Халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилиш йўлидаги залворли ишлар айнан ана шундай эзгу ва ҳаётбахш ғоялар асосида олиб борилиб, тобора янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда. Бундай тарихий ўзгаришлар силсиласида халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш бўйича тамомила янги тизимга асос солингани, халқаро миқёсда ноёб тузилма сифатида кенг эътироф этилаётган Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари институти яратилгани шубҳасиз марказий ўринлардан бирини эгаллайди.

Ўтган даврда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ёрдамида 2 миллион 500 мингдан зиёд киши ўзини қийнаб келаётган муаммоларга ечим, ўйлантираётган саволларга жавоб топгани уларнинг халқимиз мушкулини осон, оғирини енгил қилиш, жамиятимизда адолат тамойилларини мустаҳкам қарор топтиришда амалий аҳамияти нақадар юқори бўлаётганини яққол кўрсатади.

Халқ қабулхоналари давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, мурожаатлар қонуний ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашда самарали механизмга айланиб, амалда ўзини тўла оқлади.

Албатта, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Замон билан ҳамқадам бўлиш, керак бўлса, ундан бир қадам илгари одимлаш – бугунги кун талаби. Шу маънода, биз яшаётган ҳозирги шиддатли давр, олдимизга қўйган улкан мақсадлар барча соҳаларда бўлгани каби мазкур муҳим йўналишда ҳам ўтган қисқа даврда орттирилган ижобий тажрибаларни янада такомиллаштириш, уни мазмун жиҳатдан ривожлантиришни талаб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ана шу долзарб масалага алоҳида тўхталиб, Халқ қабулхоналари фаолиятида мутлақо янги тизимга – сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтилиши ҳақида маълум қилган эди. Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан давлатимиз раҳбарининг давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фуқаролар билан бевосита ишлашга ўтиши, уларнинг халққа, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига яқин кўмакчи бўлиши, Олий Мажлисга мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Хўш, бу фармоннинг қабул қилиниши қандай сабаб-омиллар билан боғлиқ? Мазкур соҳадаги қандай муаммолар мазкур ҳужжатга асос бўлди? Ушбу йўналишдаги ўзгаришлар қайси жиҳатларда намоён бўлади?

Фармон муқаддимасида қайд этиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти номига кейинги икки йил мобайнида 2,5 миллиондан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани, республика ишчи гуруҳлари томонидан уйма-уй юриш, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни ўрганиш натижасида яна 1,1 миллиондан ортиқ турли муаммолар аниқлангани жойларда ечимини кутаётган масалалар кўплигини, айримлари ўрта ва қуйи бўғиндаги ташкилотлар даражасида ҳал этилмаётганини кўрсатмоқда.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинганда бир қатор камчиликлар мавжуд экани маълум бўлди.

Аввало, мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермаётганини таъкидлаш жоиз. Аниқланган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Халқ қабулхоналари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона механизми мавжуд эмаслиги барча бўғиннинг бутун бир организм каби ўзаро уйғун ишлашига имконият бермаяпти. Шу боис ҳам тегишли ижтимоий-иқтисодий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар, жойларда аниқланган бошқа муаммолар етарли даражада акс эттирилмаяпти. Боз устига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга, зиммасига юклатилган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли бажаришга етарли эътибор қаратмаяпти.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Президент фармонига мувофиқ 2019 йил 1 февралдан бошлаб Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинмоқда.

Мазкур янги тизимнинг биринчи ўзига хос шундаки, бундан буён Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди. Яъни, энди Халқ қабулхоналари мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди, ўзи масъул бўлган ҳудудда мавжуд бўлган муаммоларни уйма-уй, объектма-объект юрган ҳолда аниқлайди.

Мазкур янги тизим жорий этилишининг асосий сабаби мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермаётгани билан боғлиқ. Чунки барча давлат органлари каби Халқ қабулхоналари ҳам ўз фаолиятида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш амалиётидан фойдаланиб келмоқда. Бу эса фақат мурожаат туфайли юзага қалқиб чиққан муаммоларнигина рўйхатга олиш ҳамда у ёки бу тарзда муносабат билдириш имконини беради, холос.

Нега деганда, одам ариза ёки шикоят билан мурожаат қилмаса, бу унда умуман муаммо йўқ, дегани эмас. Айниқса, сабр-қаноат ва шукроналикни ҳаёт мазмуни, орияту ғурурни улуғ қадрият даражасида эъзозлайдиган халқимиз ўртасида дарду-ташвиш қийнаб турган бўлса-да, бу ҳақда маҳалла-кўй, мутасадди идора ва ташкилотларга мурожаат қилишни ўзига эп кўрмайдиган, истиҳола қиладиганлар кўп. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларни ҳал этиш соҳасида янги даврга қадам қўйилмоқда.

Юқорида айтиб ўтилганидек, бундан буён давлат органлари Халқ қабулхоналари бошчилигида ўзлари масъул бўлган ҳудудларда маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўради. “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал” деганларидек, муаммо ҳақида кимдир мурожаат қилиб келишини кутиб ўтирмасдан, халқ ичига, одамлар орасига чуқур кириб бориб, улар дуч келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ҳал қилиш янги тизимдан кўзланган бош мақсад ҳисобланади.

Бинобарин, бевосита мулоқот, юзма-юз учрашувларнинг таъсир кучи янада кўпроқ бўлиб, бундай жонли суҳбатлар жараёнида қоғозларга сиғмай қолган тафсилотлар ойдинлашади, ортиқча оворагарчиликларсиз у ёки бу масалага дахлдор янги ва қўшимча маълумотларни аниқлаштириб олиш имконияти катта бўлади.

Яна ҳам муҳим бир жиҳат борки, бу ҳақда алоҳида айтиб ўтиш айни муддаодир. У ҳам бўлса, бундай иш тизими наинки одамларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилишда, балки уларнинг юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, давлатимиз ва жамиятимизни ҳар томонлама ривожлантиришга доир таклиф ва тавсияларини жамлашда ҳам таъсирчан воситага айланади.

Мазкур фармонда белгиланган яна бир янгилик – туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган секторлар штаблари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларни маҳалла ва хонадонлар, оилалар кесимида таҳлил қилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа – бир йиллик ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиради.

Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси қисқа муддатли – бир йилга мўлжалланган манзилли тадбирлар режалари ижросини таъминлайди. Халқ қабулхоналари ва Президент Администрацияси бўлинмалари эса мазкур тадбирлар режалари ижросини назорат қилади.

Ўрта муддатли манзилли тадбирлар режалари, шунингдек, Президент виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларда акс этган тизимли муаммолар давлат инвестиция дастурлари, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини, халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқишда инобатга олинади. Ушбу дастур ва лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари билан келишилади. Яъни, бундан буён турли дастур ва лойиҳалар бевосита одамлар йўллаган мурожаатлар таҳлили, реал ҳаёт манзарасини инобатга олган ҳолда тайёрланади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, Халқ қабулхоналари ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш жараёнига жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларини кўради.

Бугун «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур дастурлар амалда ўзининг кутилган натижасини бериши учун уларга, биринчи навбатда, энг оғир ва мураккаб шароитда бўлган аҳоли пунктларини киритиш ҳар томонлама тўғри ва адолатли бўлади. Шу масалада реал манзарани аниқлаб олиш учун эса Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни чуқур таҳлил қилиш объектив хулоса чиқаришда ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис давлатимиз раҳбари фармонига кўра, эндиликда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхати Халқ қабулхоналари билан келишилган ҳолда шакллантириши белгилангани авваламбор энг оғир ва мураккаб аҳволда бўлган аҳоли масканларига эътибор қаратиш имконини беради.

Президент фармонида ўз ифодасини топган яна бир принципиал янгилик – Халқ қабулхоналари секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан тегишли Халқ депутатлари кенгашлари мажлисида муҳокама қилиш учун ҳар чоракда ахборот киритиши ҳамда ушбу ахборот юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботи эшитилиши белгилаб қўйилганидир. Мазкур таъсирчан ҳуқуқий механизм ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш борасида масъулият янада кучайиши, хато ва камчиликлар камайишига хизмат қилади, турли даражадаги раҳбарларнинг халқ олдида ҳисобот бериш тизими ҳаётий самара беришига янги бир туртки бўлади.

Ҳудудларни ўрганиш жараёнида аниқланган ва республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳал қилиш учун киритилади.

Президент Фармони билан Халқ қабулхоналарига бир қатор қўшимча вазифалар ҳам юклатилди. Хусусан, энди Президент Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш борасидаги фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб боради.

Халқ қабулхоналарига ҳудудларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазифаси юклатилгани эса соҳага доир қонун ҳужжатларининг ҳамма жойда бир хилда бажарилишининг қўшимча кафолати бўлади, фуқаролар қабуллари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим жиҳати, фармон асосида Халқ қабулхоналари маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиши бу жараёнларда авваламбор мурожаатларда кўтарилган ҳамда уйма-уй юриш пайтида маълум бўлган муаммолар ечими акс эттирилиши учун пухта замин яратади.

Фармонда Халқ қабулхоналарининг доимий эътибор марказида бўлиб келаётган долзарб ижтимоий масала – ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш масаласи юзасидан ҳам масъулиятли вазифа юклатилган. Бундан буён давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур йўналишдаги ишлари Халқ қабулхоналари томонидан мувофиқлаштириб борилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрда қабул қилинган «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизмини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилган норма мазкур янги фармонда янада ривожлантирилган. Яъни, бундан буён Халқ қабулхоналари давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ барча фаолиятни мувофиқлаштиради.

Халқ қабулхоналари ўзининг фаолият йўналишлари бўйича жамоат ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиши юзасидан белгилаб қўйилган вазифалар улар фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан жамоатчиликни мунтазам хабардор қилишда янги имкониятларни яратиб беради.

Юқорида қайд этиб ўтилган кенг кўламдаги долзарб вазифаларни бажариш шунга мутаносиб мақом ва ҳуқуқларга эга бўлишни ҳам талаб этади, албатта. Фармонда масаланинг ана шу амалий жиҳатлари ўз ечимини топган – Халқ қабулхоналарига бир қатор ҳуқуқлар берилиб, катта имкониятлар яратилган.

Биринчидан, Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек, секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этади.

Иккинчидан, Халқ қабулхоналарига секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклифлар киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Учинчидан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ўз фаолияти учун зарур бўлган ахборот ҳамда ҳужжатларни сўраш ва олиш, уларнинг мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Тўртинчидан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан улар фаолияти ва кўрсатадиган хизматларига оид тартиб-қоидаларнинг аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўриш ҳуқуқи берилди.

Ўз-ўзидан равшанки, билдирилган бундай юксак ишончни оқлаш, берилган ҳуқуқ ва ваколатлардан фақат ва фақат қонун доирасида, халқ ва давлат манфаатлари йўлида фойдаланиш Халқ қабулхоналари ходимларининг ҳам инсоний, ҳам фуқаролик, ҳам давлат хизматчиси сифатидаги муқаддас бурчи саналади. Шу билан бир қаторда, уларнинг қонун асосида, холис ва адолатли фаолият юритиши учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий замин яратилиши муҳим амалий аҳамиятга эга вазифа ҳисобланади. Шу муносабат билан Фармонда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилиб, Халқ қабулхоналари масъул ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод этишнинг янги тартиби белгиланган.

Унга кўра, Президентнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари мудирлари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги билан Президент Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Президентнинг туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари мудирлари – Президент Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Халқ қабулхоналарининг бошқа ходимлари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Халқ қабулхоналарининг бошқарув ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ходимлари ҳисобланади.

Фармонда шунингдек Халқ қабулхоналари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ходимларнинг ойлик маошларини сезиларли даражада ошириш, хизмат автотранспорт воситалари билан таъминлаш, фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш юзасидан бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Кадрлар масаласи ҳақида сўз борар экан, Халқ қабулхоналарининг кадрлари таркибини аҳоли билан бевосита ишлаш учун зарур бўлган билимга, ташкилотчилик ва таҳлил қилиш қобилиятига, юксак маънавий-ахлоқий ва психологик фазилатларга эга бўлган малакали мутахассислар билан таъминлаш, уларнинг мунтазам равишда малака оширишини йўлга қўйиш вазифалари белгилангани муҳим аҳамиятга эга. Мисол учун, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда Халқ қабулхоналари ходимлари учун махсус малака ошириш курслари ташкил этилади.

Шулар қаторида Халқ қабулхоналарининг янгиланган низоми, уларнинг секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби, Халқ қабулхоналари фаолиятини баҳолаш тартиби ва мезонларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Мисол учун, Халқ қабулхоналарининг аҳоли муаммолари билан ишлаш самарадорлиги индексини аниқлашда уйма-уй юриш орқали ўрганиб чиқилган уй хўжаликлари, ижтимоий ва бошқа объектлар, муаммоларни ҳудуд даражасида ҳал этилиши ҳолати, республика даражасида ҳал этилиши белгиланган муаммоларни ҳал этиш учун зарур чоралар кўриш даражаси, муаммони ҳал этишнинг ўртача муддати каби мезонларга таянилиши режалаштирилган.

Президент фармонидан келиб чиқадиган вазифаларни ижро этиш асносида энди маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати конкрет маҳалладаги ижтимоий инфратузилмалар, иқтисодий вазият, ижтимоий муҳит, ижтимоий соҳа объектларининг ҳолатидан келиб чиқиб, «намунали», «яхши» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилган ҳолда баҳоланади. Бу шундан далолат берадики, эндиликда турли дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда биринчи навбатда энг оғир ҳудудларга эътибор қаратилиб, муаммоларни ечиш чора-тадбирлари кўрилади.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларига аҳолининг ижтимоий муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг ҳудудларда амалга оширилишини, шу жумладан,
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган вазифаларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Вазирлар Маҳкамасига «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ёшлар – келажагимиз!», «Ҳар бир оила – тадбиркор» ва бошқа давлат дастурлари ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларига тақдим қилиб борилиши ҳамда уй-жойлар, йўл қурилиши, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви тармоқлари, канализация ва бошқа коммунал хўжалик объектлари, ижтимоий соҳа масканларини қуриш ва таъмирлаш режа-дастурлари ҳамда бошқа давлат дастурлари, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида туман ва шаҳар кесимида жойлаштирилиши ва мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган.

Фармонда яна бир муҳим масала ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эгадир.

Унга кўра «Hudud» ахборот тизими янада такомиллаштирилиб, унга барча Халқ қабулхоналари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар интеграция қилинади.

Натижада Халқ қабулхоналари ходимлари, секторлар штаблари аъзолари қоғоз кўринишида турли ҳужжатларни тўлдириш, юритиш, расмийлаштириш, сақлаш каби ишлардан халос бўлиб, асосий вақтини фуқаролар билан кўпроқ бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни жойида ўрганиш учун узоқ ҳудудларга чиқиш ишларига сафарбар этади.

Мазкур тадбирнинг мантиқий давоми сифатида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлимлари фаолияти ҳамда улар кўрсатадиган хизматларга оид тартиб-қоидалар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, мобиль иловалар, веб-сайтлар, электрон тўлов воситалари орқали аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши фуқароларимизнинг ҳам вақтини, ҳам маблағини тежашга хизмат қилади.

Шу билан бир қаторда, 2019 йилнинг 1 июлига қадар барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг вилоят бўлинмалари веб-сайтларини, 2020 йилнинг 1 январига қадар туман ва шаҳар бўлинмалари веб-сайтларини ташкил қилиш вазифаси қўйилгани фуқароларнинг давлат органларининг ҳудудий бўлинмаларига бевосита электрон тарзда мурожаат қилиш имкониятини яратади.

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак». Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқурроқ ўрин олаётган ушбу тамойил юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Бугун пойтахт Тошкент шаҳридан то мамлакатимизнинг энг узоқ ҳудудида яшаётган юртдошимизга қадар ислоҳотларнинг реал натижасини ўз ҳаётида кўра бошлагани, бу янгиланишлар минглаб оилалар ҳаёти, миллионлаб инсонларнинг онги, қалби ва дунёқараши ўзгаришига ҳам туртки бўлаётгани бунинг яққол исботидир. Президентимизнинг «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга кўтариши баробарида ислоҳотларнинг таъсирчанлигини янада оширишга, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиши учун янада кенг имконият ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг