Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қўйлиқ» деҳқон бозори фаолияти расман тугатилди

«Қўйлиқ» деҳқон бозори фаолияти расман тугатилди

Фото: «Xabar.uz»

«Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» АЖ («Қўйлиқ» бозори) фаолияти расман тугатилди. Бу ҳақда акциядорлар қарори қабул қилинди.

Компания ижроия органининг акциядорларга ахборот беришича, жамиятнинг ҳудудида тадбиркорлар фаолияти 2024 йил 5 январдан тўхтатилган.

«Ўтган икки ой давомида бозор фаолиятини қай тартибда давом эттириш, таъмирлаш, реконструкция қилиш бўйича бирор бир расмий ёки норасмий маълумотлар бугунги кунда мавжуд эмаслиги, айни пайтда ер солиғи, мулк солиғи ҳисобланиши давом этаётганлиги, модомики ҳолат давом этса, компаниянинг молиявий аҳволи қийинлашиб қолиши кутилиши сабабли жамиятни юридик шахс сифатида ихтиёрий тугатиш мақсадга мувофиқ деб топилган», дейилади акциядорлар қарорида.

«Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» расмий сайти 1 март куни эълон қилган хабарга кўра, тугатилаётган бозор бўйича мурожаатлар икки ой давомида қабул қилинади.

Акциядорлик жамияти расмий сайтига кўра, бозорда Тошкент шаҳар ҳокимлиги улуши 93.2%ни, эркин савдо ва меҳнат жамоаси улуши эса 6.8%ни ташкил қилади.

2024 йил январида Тошкент шаҳри ҳокимлиги Қўйлиқ бозорида реконструкция ишлари бошланиши ҳақида хабар берган эди.

«Бозорга келтирилаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилмоқда, автомобил йўлларнинг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда», дейилганди хабарда.

Реконструкция даврида тадбиркорларга фаолиятини «Food City», «Тошкент индекс» ва бошқа савдо мажмуаларида давом эттириш таклиф қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг