Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент учта янги ташаббус билдирди

Президент учта янги ташаббус билдирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Кегейли туманида Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган учта янги ташаббус билдирди.

Биринчиси, Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Иккинчиси, кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулклар бўйича тегишли ҳужжатлар қилиб берилади.

Учинчиси, аҳоли талабини инобатга олиб, жорий йилда 4 мингта уй-жой қурилади. Бунга қўшимча, замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилади.

Йиғилишда иш ўринларини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қорақалпоғистонда 72 минг расмий ишсиз бор. Ҳар йили 43 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Шуларни ҳисобга олиб, 193 минг иш ўрни яратиш ва Қорақалпоғистонни «ишсизликдан холи ҳудуд»га айлантириш мақсад қилиб қўйилди. Бу борада йирик корхона ва кластерлар, кончилик, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва қишлоқ хўжалигидаги имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари мўл ва арзон бўлишини таъминлаш мақсадида 2022 йилда аҳолига 6 минг 600 гектар ер брилган эди, бу йил яна 6 минг гектар ажратилмоқда. Бу орқали сабзи, пиёз, картошка каби кундалик маҳсулотларга эҳтиёж қопланади. Бўстон каналини бетонлаш ҳисобига Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида 100 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. Дала четларида 3,6 минг гектарда кади, узум ва сабзавот етиштириб, 42 минг тонна маҳсулот олинади.

Қорақалпоғистонда 51 та мактабда ўқувчилар сони меъёрдан 2 баравар кўп. 208 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти яхши эмас. 120 километр магистрал ҳамда энг серқатнов 600 километр ички йўлларни таъмирлаш керак. Шу боис 9 та туманда мактабгача таълим муассасалари қуриш, мактаб ва шифохоналарни таъмирлашга, шу жумладан иссиқлик таъминотига қўшимча маблағ ажратилиши белгиланди.

Йўлларни таъмирлаш, электр энергияси тақчиллиги чораларини кўриш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Қорақалпоғистонлик фаоллар бу марраларни бажариш ўзларига боғлиқ экани, ҳамма бирлашиб ишласа, натижалар янада яхши бўлишини таъкидлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг