Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи аграр соҳада ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи аграр соҳада ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

Фото: Gov.uz

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи турли соҳалар қатори аграр йўналишда ҳам ҳамкорликни янада кенгайтириш истагида. Бу ҳақда 5 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский учрашувида таъкидланди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда Я.Войцеховский сўнгги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни эътироф этар экан, ЕИ мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини айтган.

Ж.Хўжаев эса ЕИ мамлакатларининг AKIS хизматларини ривожлантириш бўйича бой тажрибасини ўрганиш, «Smart AKIS» дастурида иштирок этиш ҳақида гапирган, шунингдек, ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги тадқиқотчиларининг Европа илмий муассаса ва таълим марказларида тажриба алмашиши юзасидан таклиф билдирган.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида Европа тажрибасининг аҳамияти, кейинги 4 йил давомида бу бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилган.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИнинг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский «Денгизга чиқиш йўллари бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар: озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» мавзусидаги халқаро форумда қатнашиш ва Ўзбекистон расмийлари билан музокара ўтказиш учун юртимизга келган.

Жорий йил апрель ойида ЕИ қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонга 6 миллион евро миқдорида грант ажратган эди.

ЕИ ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги келишувга кўра, 2020-2030 йилларга мўлжалланган Миллий қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини қўллаб-қувватлашга жами 20 миллион евро ажратилиши кўзда тутилган.

2023 йил октябрь ойида эса Тошкент ҳамда Брюссель қишлоқ хўжалиги соҳасида лойиҳа амалга ошириш бўйича молиявий битим имзолаганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг