Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Корхоналарни табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича қўлланма яратилди

Корхоналарни табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича қўлланма яратилди

Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳамкорлигида цемент, ғишт ва оҳак ишлаб чиқарувчи корхоналарни табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича намунавий методик қўлланма ишлаб чиқилди.

Президентмизнинг жорий йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқариш корхоналарини кўмир ёқилғисига ўтказиш, бу борада тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулай шароит яратиш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини кўриш бўйича мутасадди ташкилотларга зарур топшириқлар берилди.

Биргина қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида 250 та корхонани кўмир ёқилғисига ўтказиш юзасидан манзилли ишлар йўлга қўйилди.

Цемент, ғишт ва оҳак ишлаб чиқарувчи корхоналар учун табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича яратилган намунавий методик қўлланма ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар сирасига киради.

Қўлланмада табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтишда технологик жараёнлар, уларни амалга оширишда зарур бўладиган ускуна ва жиҳозлар, модернизация ва реконструкция ишлари босқичлари, шунингдек, кўмир хом ашёси хусусиятлари, уни тўғри танлаш ва самарали фойдаланиш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган.

Кўмир ёқилғисидан фойдаланишда хориж тажрибаси, илғор технологиялар, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тавсиялар келтирилган.

Бу борада тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган кредит маҳсулотлари ҳақида маълумот берилган.

Қўлланманинг электрон нусхасини «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг uzsm.uz ҳамда Ўзсаноатқурилишбанкнинг sqb.uz расмий сайтларидан юклаб олиш мумкин.

Банк Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг