Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жамшид Хўжаев инвесторлар нима учун Ўзбекистонни танлаши кераклигини айтди

Жамшид Хўжаев инвесторлар нима учун Ўзбекистонни танлаши кераклигини айтди

Самарқандда «Ўзбекистон-Венгрия» бизнес-форумида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев инвесторлар нима учун Ўзбекистонни танлаши кераклиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

Биринчидан, инвестициялар учун қулай муҳит.

Инвесторлар ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланиши бўйича амалий тизим яратилди. Натижада 2017 йилдан бошлаб ($3,3 млрд.) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 баробарга ошди ($8,6 млрд.).

Қарийб 8 мингта товар турларига импорт божлари камайтирилди. Бизнесга оид ҳар хил турдаги 70 та лицензия ва 34 та рухсатномалар берилиши бекор қилинди.

Шунингдек, янги бизнес субъектларини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди. Ер участкалари онлайн савдолар орқали тақдим этилмоқда.

Умуман олганда, қулай инвестицион муҳитни барпо этишда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ишлар фаол давом эттирилади.

Иккинчидан, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш сиёсати.

Иқтисодиётимизнинг йиллик ўртача ўсиши –  5 фоизни, саноат соҳалари – 8 фоизни ташкил этмоқда. 2021 йилда бу кўрсаткич 7 фоиздан ортди. Экспорт ҳажмлари 1,5 баробарга ошди.

Ўзбекистон – аҳолиси 72 млн. кишилик Марказий Осиё ва 300 млн. кишилик Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги бозорларига чиқиш имкониятига эга.

Шу билан бирга, GSP+ кенгайтирилган преференциялар тизими Европа бозорларига 6 мингдан ортиқ маҳаллий маҳсулотлар турларини имтиёзли шартларда экспорт қилиш имкониятини яратди. Шу туфайли Европа мамлакатларига қилинган экспортимиз хажми бу йилнинг ўзида 70 фоизга ошди.

Учинчидан, малакали ишчи кучи.

Ўзбекистон – иқтидорли, ёш ва юқори салоҳиятга эга кадрларга бой.

Аҳолимизнинг 60 фоизидан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташқил этади. Улар билимга интилувчан, турли касб-ҳунарларни ўзлаштиришга иштиёқи баланд ҳамда чет тилларида сўзлашадиган олий маълумотга эга фуқаролар ва ёшлардир.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, қисқа давр мобайнида мамлакатимизда 82 та янги олий таълим юрти ташкил этилди. Булардан 23 таси – хорижий давлатлардаги етакчи университетларнинг филиалларидир.

Қолаверса, мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражаси олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Келгуси беш йилда эса, бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш бўйича аниқ дастуримиз бор.

Тўртинчидан, бизда табиий бойликларнинг улкан захиралари мавжуд.

Ўзбекистон олтиннинг ресурс базаси бўйича дунёда 2-ўринни, мис бўйича-7, вольфрам бўйича-8, кумуш бўйича-9, уран бўйича 12-ўринни, табиий газ ишлаб чиқариш бўйича эса 16-ўринни эгаллайди.

Булар нафақат тоғ-кончилик, балки, электротехника, рангли металлургия ва машинасозлик каби соҳаларда янги технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи мамлакатларга чиқиш учун улкан замин яратади.

Ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш мақсадида икки мамлакатнинг йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарини жалб қилган ҳолда саноат кооперацияси дастурини қабул қилишга ва унинг доирасида корхоналар ўртасидаги амалий ҳамкорлик ўрнатишни вақти келди деб аниқ айта оламан.

Бешинчидан, тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқаришлари узлуксизлигини таъминлаш мақсадида барча зарур инфратузилмаларни яратмоқдамиз.

Хусусан, жойларда саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва туризмга ихтисослашган 22 та махсус иқтисодий зоналар барпо этдик.

Ушбу зоналар автомобиль йўллари, электр энергия, табиий газ, ичимлик суви ва канализация, интернет тармоғи каби барча муҳандислик коммуникация инфратузилмалари билан таъминланган.

Шунингдек, мазкур зоналарда фаолият юритаётган тадбиркорларга 10 йилгача мол-мулк, ер, сув ресурсларидан ва фойда солиқларидан озод қилинади.

Биз ушбу йўналишда минтақадаги энг илғорлардан бўлиш учун бу каби шароитларни такомиллаштиришни ҳамда шу орқали янги инвесторларни кенг жалб қилиш учун янада қулай муҳит барпо этишни давом эттирамиз.

Олтинчидан, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга молиявий ёрдам ва субсидиялар тақдим этмоқдамиз.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини экспорт қилишини рағбатлантириш учун транспорт ҳаражатларининг 70 фоизгача қоплаб бериш механизмини яратганмиз.

Шунингдек, инвесторлар билан қўшма лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш учун Инвестициялар жамғармасини таъсис этганмиз.

Еттинчидан, дивесификацияланган транспорт коридорлари салоҳияти.

Ўзбекистон йирик транспорт йўлаклари кесишувида жойлашган бўлиб, Ғарб билан Шарқ, Шимол билан Жануб мамлакатлари бозорлари ўртасида кўприк вазифасини, муҳим логистика майдони вазифасини ҳам бажара олади.

Айнан шу сабабдан, биз Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ҳамда Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўллари лойиҳаларини илгари сурмоқдамиз.

Бу лойҳалар стратегик аҳамиятга эга ва биз уларни албатта амалга оширамиз. Улар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишда мутлақо янги имкониятларни очиб беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг