Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АИ-80 русумли автобензиннинг нархи тўғрисида расмий ахборот берилди

АИ-80 русумли автобензиннинг нархи тўғрисида расмий ахборот берилди

Куни кеча АИ-80 русумли ёқилғининг нархи ошгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан берилган расмий маълумотда айтилишича, 2023 йил 31 декабрига қадар амалда бўлиб келган акциз солиғи билан боғлиқ имтиёз якунига етгани боис, нархда ўзгариш бўлган.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 декабрдаги «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-440-сон ва 2023 йил 23 февралдаги «Истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-80-сонли қарорлар асосида 2023 йил 1 мартдан 2023 йил 31 декабрга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғи «ноль» ставка қўлланилган. Шундан келиб чиқиб, АИ-80 русумли автобензиннинг чакана нархлари 1 литр учун 6 050 сўм этиб белгиланган эди.

2024 йил 1 январь кунидан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги ҳамда «UNG Petro» МЧЖнинг АЁҚШларида АИ-80 русумидаги автобензиннинг чакана нархи 1 литр учун 6 800 сўм этиб белгиланди.

Маълумот учун: импорт қилинадиган ва маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган автобензиннинг акциз солиқ ставкаси 1 тонна учун 303 минг сўм ва якуний истеъмолчига реализация қилинадиган автобензиннинг солиқ ставкаси 1 тонна учун 565 минг сўм ёки бир литр учун 425 сўм», – дейилади «Ўзбекнефтгаз» АЖ Ахборот хизмати томонидан берилган маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабр ойидаги аномал совуқ натижасида газ заправкаларининг фаолиятига чекловлар ўрнатилгач, ҳукумат томонидан Аи-80 русумли бензинга имтиёз сифатида акциз солиғига «нол» қиймат жорий этилди. Натижада бензин нархи 6800 сўмдан 5700 сўмга қадар туширилди, кейинчалик эса 6050 сўм этиб белгиланганди.

Аввалига ушбу имтиёз 2023 йилнинг март ойига қадар давом этиши айтилганди, аммо кейинчалик 2023 йилнинг якунига қадар давом этиши хабар қилинди. 2024 йилнинг январ ойидан эътиборан Аи-80 бензинига қўлланилган имтиёз якунига етиши муносабати билан нарх яна 6800 сўм этиб белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг