Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ипакчилик қўмитаси раҳбари «Kun.uz» нашридан 1 млрд сўм талаб қилмоқда

Ипакчилик қўмитаси раҳбари «Kun.uz» нашридан 1 млрд сўм талаб қилмоқда

Бахром Шарипов.

Фото: yuz.uz

Ипакчилик қўмитаси раиси Баҳром Шарипов Kun.uz ва журналист Шокир Шариповни судга берди. Сайтда унинг ипакчилик соҳасидаги компаниялар билан алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида мақола чоп этилган. Давлат хизматчиси раддия эълон қилиш, узр сўраш ва 1 млрд сўм товон пули тўлашни талаб қилмоқда.

Қайд этилишича, 12 июнь куни нашр журналист Шокир Шариповнинг «Давлат амалдорининг „ипакдан тўқилган“ бизнес тўри. Соҳа шахсий томорқага айлантирилганми?» сарлавҳали суриштирувини эълон қилган.

Материалда айтилишича, Баҳром Шарипов гўёки рафиқаси ва бошқа қариндошлари орқали жун толалари, ипак ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўнлаб корхоналар билан боғланган.

Материалда Баҳром Шарипов соҳани тартибга солувчи қўмитага раҳбарлик қилиши ҳисобга олинса, манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинлигига ишора қилган.

Баҳром Шарипов ўз даъво аризасида (нусхаси «Газета.uz»да мавжуд) Kun.uz мақоласидаги маълумотларни асоссиз деб атайди ҳамда бу ўзи ва оиласининг обрўсига путур етказганини қайд этади.

Амалдор ушбу соҳадаги 74 та компаниянинг ҳеч бирида улуши йўқлигини таъкидлади. Унинг тан олишича, рафиқаси тўртта компанияда улушга эга, бироқ улар уюшма ташкил этилишидан анча олдин тузилган. Бошқа барча корхоналар унга ёки унинг оиласига алоқадор эмас, бу билан боғлиқ ҳолда «соҳани шахсий монополлаштириш тўғрисида»ги сўзлар уйдирма ва туҳматдир, дейилади аризада.

Баҳром Шарипов судланувчилардан раддия эълон қилиш, омма олдида кечирим сўраш ҳамда Kun.uz ва журналист Шокир Шариповдан маънавий зарар учун 1 млрд сўм ундиришни талаб қилган.

Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида суд мажлиси 20 июль куни соат 15:30 га белгиланган. Ишни судья Анвар Ҳамроев кўриб чиқади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг