Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ижарадаги ерини сотаётган раҳбар қўлга олинди

Ижарадаги ерини сотаётган раҳбар қўлга олинди

Бухорода масъулияти чекланган жамият раҳбари Ромитан туман ҳокимлиги томонидан интенсив боғ ташкил қилиш мақсадида 10 йил муддатга ижарага берилган ерини сотаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га ҳуқуқ-тартибот идораси масъул вакили маълум қилди.

Таъкидланишича, Бухоро шаҳрида туғилган 58 ёшли фуқаро Ш.Ж. интенсив боғ ташкил қилиш ваъдаси билан Ромитан туман ҳокимлиги томонидан 10 йил муддатга 35.0 гектар ер майдонини ижарага олган. Бироқ, орадан кўп ўтмай, аввалдан ўзига таниш бўлган фуқаро У.Т.га ўзининг ваколатли танишлари орқали ижарадаги ушбу ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришини айтган. Бунинг эвазига У.Т.дан 34.500 АҚШ доллари талаб қилган. Ўз-ўзидан фуқаро У.Т. шунча миқдордаги пул сарфлаётгани боис, МЧЖ раҳбари Ш.Ж.нинг хатти-ҳаракатлари нечоғли қонунийлиги билан қизиққан. Бироқ, ҳужжатларга кўра, Ш.Ж.нинг интенсив боғ ташкил қилиш мақсадида 10 йил муддатга ижарага олган ер майдонини сотиш ҳуқуқига эга бўлмагани аён бўлган.

У.Т.нинг ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаати юзасидан тезкор тадбир ташкил этилган.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари, ДХХ  вилоят бошқармаси ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тезкор тадбир давомида масъулияти чекланган жамият раҳбарининг ўзбошимча ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари ошкор бўлган. Ш.Ж. ўз номига ўн йил муддатга берилган ер майдонини сотиш эвазига 30.000 АҚШ доллари ҳамда 20 000 000 сўм миқдоридаги пулларни олаётган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг