Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёмғирдан қочиб дўлга?.. Британия раҳбарияти Brexit ортидан бошқа бир даҳмазага рўбарў келди

Ёмғирдан қочиб дўлга?.. Британия раҳбарияти Brexit ортидан бошқа бир даҳмазага рўбарў келди

Бош вазир Борис Жонсон тўртлар иттифоқини сақлаб қола олармикан?

Фото: “The Guardian”

Жорий йил 1 январдан Буюк Британия Европа Иттифоқини бутунлай тарк этди. Ягона жуғрофий макон, яхлит сиёсий муҳитда умргузаронлик қилган инглизлар Европа “пропискаси”дан ўз ихтиёри ила воз кечди. 2016 йилги референдумдан буён инглиз арбоблари омманинг қулоғига қуйган “тўлақонли суверенитет”га ҳам эришилди гўё. Аччиқ ичакдек чўзилган Brexit музокаралари якунига етиб, томонлар яхшиликча ажралгач мурод ҳосил бўлмоғи керак эди. Аммо ЕИ таркибидан чиқиши ортидан Буюк Британия раҳбарияти олдида бошқа бир даҳмаза пайдо бўлди: Англия, Шотландия, Уэльс ҳамда Шимолий  Ирландиядан таркиб топган Бирлашган Қироллик парчаланиб кетиши ҳақида тахмин-фаразлар ўртага чиқди.

Шимолий Ирландияда салкам 30 йил давом этган фуқаролик уруши ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилганича йўқ. Етилиб келаётган сиёсий танглик Лондон билан тузилган битимлар омонат эканига шоҳидлик бераётгандек. Шимолий Ирландиянинг Ирландия республикаси билан бирлашувини ёқловчи кучлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона ҳаракат қилаётгани сир эмас. Brexit ҳодисаси улар фойдасига хизмат қилиши мумкин.

Ирландия республикаси Европа иттифоқи таркибида қолди. Шимолий Ирландиянинг 56 фоизи аҳолиси эса ЕИдан чиқиш бўйича референдумда қарши овоз берган эди. Қиролликнинг иттифоқ таркибидан чиқиши оға-ини ўлка – Ирландия республикаси ҳамда Шимолий Ирландия ўртасидаги чегараларнинг қайта тикланишини англатади. Коронавирус пандемияси сабаб юзага келган кўп томонлама инқироз ҳам бирлашув тарафдорлари сафи кенгайишига олиб келди. Тахминларга кўра, 2025 йилда бошланадиган сайловларда қироллик таркибидан чиқиш муҳим ташаббуслардан бири бўлади.

Шотландия, таъбир жоиз бўлса, ота ҳовлидан ажралиб, мустақил ҳаётга чиқишни талаб қилаётган қайсар ўғил. “Қулоқсиз фарзанд” Лондоннинг йўриқларига кўп-да юрмайди, буйруқларни очиқ-ошкор рад этади. Шотландия биринчи вазири Никола Стержен қиролликнинг ЕИ таркибидан чиқиши ҳақидаги хабарни ҳам хушламай қабул қилди ва қулай фурсатдан фойдаланиб мустақиллик ғоясини яна бир карра ёдга солди.  “Европа, Шотландия тез муддатда бағрингга қайтади. Дарвозаларни ёпма!” деб ёзди Стержен хоним Twitter саҳифасида.    

2014 йили Шотландияда мустақиллик учун референдум ўтказилган. Ўшанда кўпчилик электорат суверенитет ғоясини рад этган. Аммо Brexit бўйича умумхалқ овоз бериш тадбирида учдан икки қисм аҳоли ЕИ таркибида қолишни ёқлади. Эндиликда ЕИга хайрихоҳлик руҳи мустақиллик кайфиятига эврилмоқда. Сўнгги ижтимоий сўровлар аҳолининг 55 фоизи мустақилликни ёқлашини кўрсатди. Тўғри, Шотландия Англия билан иттифоқ тузганига кўп замонлар бўлди, 1707 йилда икки ўлка ягона қиролликка бирлашган эди. Аммо асрлар ўтса-да, умуминглиз руҳи шотланд миллатпарварлигини ютиб юбора олмади. 2021 йилда ўтадиган сайловда айнан миллий манфаатларни байроқ қилган партия узил-кесил ғалаба қозониши кутилмоқда. Бу эса Эдинбургнинг яна мустақиллик борасида қатъий талаблар қўйишини англатади.

Англиянинг энг ишончли иттифоқчиси саналган Уэльсда ҳам жамоатчилик фикри ўзгаришга юз тутмоқда. Brexit ҳодисаси, бундан ташқари, коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича марказий ва минтақавий ҳукуматлар ўртасидаги турлича ёндашувлар миллий манфаатлар ҳимоячилари бўлган сиёсатдонларга қўл келмоқда. Охирги ижтимоий сўровларга қараганда, Уэльсдаги аҳолининг 21 фоизи мустақиллик тарафдори эканини билдирган. Уэльс қиролликка XV-XVI асрларда қўшилгани инобатга олинса, аҳолининг бешдан бири бўлса-да мустақилликни ёқлаётгани расмий Лондон учун хавотирли сигнал экани аён бўлади.

Уорик университети профессори Чарльз Тернер Politics нашрида чоп этилган мақоласида “Буюк Британия қай тариқа парчаланади: Чехословакия каби тинч йўл билан бўлинадими ёки Югославия каби қонли тўқнашувлар майдонига айланадими?” дея савол қўяди. Олимнинг таъкидлашича, Югославия варианти ҳақида ўйлашнинг ўзи инсонни даҳшатга солади. Чех ва словаклар каби муросаи мадора ила мустақил давлат барпо этиш эса мақбул йўл саналади.

Қироллик аҳолиси коронавирус пандемияси билан андармон бўлиб турган ҳозирги пайтда ушбу ўткир сиёсий масала фаол муҳокама этилаётгани йўқ. Аммо таҳлилчилар ковид балоси бирёқлик қилиниши билан Шотландия, Уэльс ҳамда Шимолий  Ирландияда мустақиллик учун курашлар янада фаоллашишини башорат қилмоқдалар. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг