Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хитойдан олинган қарз Қирғизистонга қимматга, жуда қимматга тушиши аён бўлмоқда

Хитойдан олинган қарз Қирғизистонга қимматга, жуда қимматга тушиши аён бўлмоқда

Фото: Google Images

Қирғизистон аҳолисидан мамлакатнинг тобора ошиб бораётган ташқи қарзини узиш учун хайрия маблағи йиғиш сўралмоқда. 2020 йил якунига қадар республиканинг ташқи қарзи 5 миллиард долларга етади. Унинг 45 фоизи (1,7 миллиард доллар) Хитой ҳиссасига тўғри келади. Расмий Бишкек 2021 йил январдан Пекинга қарз тўловини бошлаши керак. Акс ҳолда, Тожикистон ёки Шри-Ланка мамлакатлари каби табиий бойликлари ёки ҳудуди орқали товон тўлаши лозим. 

Қирғизистон парламенти депутати Айнура Алтибоевага кўра, молия вазирлиги махсус банк ҳисоб рақами очишга ҳозирлик кўрмоқда. «Тома-тома йиғилиб кўл бўлур» – аҳолидан ушбу рақамга исталган миқдорда хайрия маблағи ўтказиш сўралмоқда. Депутатнинг таъкидлашича, нақд маблағи йўқ ватандошлар тилла ёки кумуш тақинчоқлар ҳам пешкаш қилиши мумкин. Парламент аъзоси шахсий ўрнак сифатида бир ойлик маошини хайрия қилишга сўз берди.

Давлат қарзини фуқаролар ҳисобидан қоплашга уриниш аввал ҳам кузатилган. Хусусан, 2018 йилда Қирғизистон ҳукумати аҳолидан хайрия маблағи йиғишни илтимос қилган. Аммо аксар аҳоли давлат қарзини коррупция йўли билан давлат орттирган шахсларнинг мол-мулки ҳисобидан қоплашни талаб қилган.

Пул йиғиш хусусидаги навбатдаги чақириқ ҳам қирғиз жамиятида кескин норозилик уйғотгани айтилмоқда. Йўғон чўзилиб, ингичка узилаётган пандемия даври шундоқ ҳам иқтисодий муаммолар домидаги мамлакатни янада оғир ҳолатга солди. Ҳисоб-китобларга кўра, ташқи қарз ҳозирча аҳоли жон бошига 723,3 долларга тўғри келмоқда. Пандемия даврида кунини аранг кўраётган раиятга пул йиғиш кампанияси ёқмаслиги аниқ. Боз устига, аҳоли Хитой томони мамлакатнинг табиий бойликлари ёки ҳудудини олиб қўйишидан ҳам хавотирда. Жамоатчилик коррупция йўли билан давлат орттирган Раимбек Матраимов каби собиқ давлат мансабдорларидан пул ундиришни талаб қилмоқда.

2008 йилга қадар Қирғизистон Хитойдан атиги 10 млн доллар қарз олган. Аммо кейинги йилларда Бишкекнинг Пекиндан қарзи 200 бараварга ортиб, қарийб 2 миллиард долларга етди.

Йил сайин «туғаётган» кредитларнинг асосий қисми Алмазбек Атамбаев президентлиги даврида олинган. Айни пайтда қамоқда жазо ўтаётган собиқ президент йўл, иссиқлик станцияси ва бошқа объектларни қуриш учун мўл-кўл қарз кўтарган.

Дўппи тор келиб қолгач, Қирғизистон ҳукумати, хусусан, собиқ президент Сооранбой Жээнбековнинг шахсан ўзи Хитой раҳбариятидан қарз тўлови муддатини узайтириши сўраб мурожаат қилди. Аммо Хитой томони катта бошини кичик қилиб сўров йўллаган Қирғизистон етакчисининг илтимосини рад этди.

The Wall Street Journal нашри тадқиқотларига қараганда, сўнгги йилларда расмий Пекин йирик миқдорда кредит ажратиш йўли билан ривожланаётган мамлакатларда таъсир доирасини кучайтирмоқда.

Камбағал давлатларга ажратилган кредит миқдори 200 миллиард доллардан ошади. Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармасидан фарқли равишда Хитой қарз олувчи томонга кредит миқдорини ошкор этмаслик шартини қўяди. Кредит тўлай олмаган давлатлар Хитойга табиий бойликлари ёки ҳудудини беришга мажбур бўлганига мисоллар талайгина.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг