Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Толибон Тожикистон чегарасига етиб келди: Шерхон-Бандар назорат пункти қўлга олинди

Толибон Тожикистон чегарасига етиб келди: Шерхон-Бандар назорат пункти қўлга олинди

Фото: «AFP», иллюстрация

Aфғонистонда НAТО қўшинларини олиб чиқиш фонида ҳукумат ва толибонлар ўртасидаги зиддият яна авж олди. Бадахшоннинг Тожикистон билан чегарадош учта қишлоғида оғир жанглар бўлиб ўтмоқда. Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти раҳбари ҳудудига 30 минггача қочоқ кириб келишидан чўчимоқда.

Бугун, 22 июнь куни Толибон ҳаракати жангарилари Aфғонистон билан Тожикистон ўртасидаги асосий чегара пунктини эгаллаб олди. Бу ҳақда маҳаллий ҳукумат вакили ва армия зобити France-Presse (AFP)га хабар берди.

Шу билан бирга, афғон хавфсизлик кучлари Шерхон-Бандар назорат-ўтказиш пункти ҳудудида ўз позицияларини тарк этгани, баъзилари эса чегарадан Тожикистонга қочиб кетгани айтилмоқда.

Қундуз вилояти кенгаши аъзоси Ҳолиддин Ҳакимийнинг айтишича, толибонлар Шерхон-Бандарни, унга туташ шаҳарчани ва барча чегара постларини қўлга киритган». Армия зобити AFP билан суҳбатда «Биз барча назорат-ўтказиш пунктларини тарк этишга мажбур бўлдик ва баъзи аскарларимиз Тожикистон билан чегарани кесиб ўтдилар».

Толибон Шерхон-Бандар божхона ва Тожикистон билан Aфғонистон ўртасидаги савдо-сотиқ пунктини ўз назоратига олди. Бу ҳақда Aфғонистоннинг «Пажвок» агентлиги мухбири Aжмал Кокар тасдиқлади. Маълумотларга кўра, Шерхон-Бандар аҳоли пунктининг божхона бўлими Толибон қўлига жангсиз ўтган.

Шерхон-Бандар чегара пункти Тожикистон билан Aфғонистон ўртасидаги муҳим савдо ва юкни қайта юклаш пункти бўлиб, у орқали Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдан, шу жумладан, Покистон ва Эрондан республикага импорт қилинади. Текширув пункти Тожикистоннинг Хатлон вилояти Панж тумани ва Aфғонистоннинг Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб тумани чегарасида жойлашган. Бир кун олдин Имом Соҳиб вилоятининг ўзи Толибон томонидан қўлга олинган.

Aжмал Кокарнинг сўзларига кўра, ҳозирда назорат-ўтказиш пункти орқали барча транспорт ҳаракати тўхтатилган ва Толибон жангарилари қуршовида бўлган Қундуз шаҳри атрофида жанглар давом этмоқда.

«EADaily» хабарига кўра, ўтган ҳафта толибонлар Aфғонистоннинг яна учта тумани: Бағлон вилоятидаги Даханай-Хури, Ҳиротдаги Оба ва Фарёб вилоятидаги Ширин Тагабни эгаллаб олишди. Натижада Кобулдаги марказий ҳукумат томонидан йўқотилган мамлакат қисмларининг умумий сони 37 тага етди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва уларнинг НAТОдаги иттифоқчилари қуролли кучлари Aфғонистонни тарк эта бошладилар. Ушбу жараённи 2021 йил 11 сентябргача якунлаш режалаштирилган. Ўтган ҳафта AҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги Вашингтон Aмерика контингентининг Aфғонистондан олиб чиқилишининг 50% дан ортиғини амалга оширгани тўғрисида маълум қилди.

АҚШнинг юқори мартабали генерали Марк Мили Оқ уйни Афғонистондаги АҚШ қўшинларига ёрдам берган барча 18 минг таржимонни эвакуация қилишга чақирди. Агар улар вақтида олиб чиқиб кетилмаса, Толибон уларни ўлдириши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг