Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Толибон ҳаракати уч йирик шаҳарни эгаллашга уринмоқда. Улардан бири пойтахт деб эълон қилиниши мумкин

Толибон ҳаракати уч йирик шаҳарни эгаллашга уринмоқда. Улардан бири пойтахт деб эълон қилиниши мумкин

Толибон ҳаракати Қандаҳорни эгаллаб муваққат пойтахт деб эълон қилишни кўзламоқда. Фото: “Getty Images”Толибон ҳаракати Қандаҳорни эгаллаб муваққат пойтахт деб эълон қилишни кўзламоқда.

Фото: “Getty Images”

Афғонистон жануби ва ғарбида ҳукумат кучлари ҳамда Толибон ҳаракати ўртасида шиддатли жанглар кечмоқда. Толиблар мамлакатнинг уч йирик шаҳри – Ҳирот, Қандаҳор ва Лашкаргоҳни эгаллашга уринмоқда. 

CNN телеканали маҳаллий журналистларга таяниб хабар беришича, Толибон ҳаракати вакиллари Лашкаргоҳ шаҳрининг бир қатор туманларини ўз назоратига олишга муваффақ бўлган. Мазкур шаҳар стратегик нуқтада жойлашган бўлиб, уни эгаллаш орқали Қандаҳор, Ҳирот ва мамлакат жанубидаги муҳим қишлоқ хўжалиги марказлари йўлини назорат қилиш мумкин бўлади.

Ҳозирга қадар толиблар асосан қишлоқ жойлар ҳамда Эрон ва Покистон чегарасидаги муҳим туманларни босиб олган. Аммо улар ҳозирга қадар бирор йирик шаҳарни эгаллаганича йўқ. Ҳаракат мамлакатнинг 80 фоиз ҳудудини эгаллаганини даъво қилмоқда. Аммо бошқа манбалар бу кўрсаткич 50 фоизни ташкил этишини айтмоқда.

Ҳилманд музофоти пойтахти Лашкаргоҳ шаҳри Толибон назоратига ўтган илк йирик шаҳар бўлиши мумкин. Хабарларга қараганда, айни пайтда шаҳарнинг ҳар бири қаричи учун кўча жанглари давом этмоқда. Толиблар шаҳар марказий майдонида турганлари акс этган кадрларни эълон қилишга улгурган.

Emergency инсонпарварлик ташкилоти Лашкаргоҳ шифохонаси жангу жадалда жабр кўрган тинч аҳоли вакиллари билан тўлгани ҳақида хабар берган.

Мамлакатнинг яна бир йирик шаҳри – кўҳна Ҳирот учун ҳам омонсиз кураш кетмоқда. Толиблар Ҳирот аэропортига олиб борувчи йўлда назорат ўрнатган, аммо аэропорт ҳозирда ҳукумат кучлари тасарруфида.

Caption

Ҳукумат Ҳиротни сақлаб қолиш учун жон жаҳди билан интилмоқда. Мудофаа вазирлиги ушбу шаҳарга юзлаб махсус тайёргарликдан ўтган аскарлар сафарбар этилганини маълум қилган.  АҚШнинг «Long War Journal» нашрига кўра, толиблар Ҳирот провинциясининг 16 туманидан 13 тасини назорат қилмоқда.

Қандаҳор шаҳри устида ҳам қора булутлар тўпланган. Якшанба куни Қандаҳор аэропортидан барча рейслар бекор қилинган. Гап шундаки, толиблар томонидан отилган ракета аэропорт иншоотларига зарар етказган.

Афғонистон парламентининг Қандаҳордан сайланган депутати Гул Аҳмад Ҳамин BBC нашрига шаҳар Толибон ихтиёрига ўтиши мумкинлигини айтган. Депутатга кўра, ўн минглаб одам уйини тарк этишга мажбур бўлган, музофот гуманитар инқироз ёқасига келиб қолган.

Толибон Қандаҳорни эгаллаш учун катта куч ва аслаҳани ишга солган. Чунки айнан ушбу шаҳар ҳаракатнинг муваққат пойтахти бўлиши кўзда тутилган. Агар ушбу режа амалга ошгудек бўлса, минтақадаги 6 та музофот ҳам осонликча улар назоратига ўтиши мумкин.

Caption

 

20 йиллик урушдан кейин АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этмоқда. Толибон ҳаракати ҳамда АҚШ президенти маъмурияти ўртасида 2020 йил февраль ойида имзоланган битим ана шуни тақозо этади. Президент Жо Байден қўшинни олиб чиқиш жараёни 11 сентябрга қадар тўлиқ якунланишини маълум қилган.

АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистонни тарк этаётган бир паллада Толибон ҳаракати ҳужумлари кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Кейинги ойларда мазкур ҳаракат қўшни давлатлар билан чегарада назорат ўрнатишга зўр бермоқда.

Аввал хабар берганимиздек, ҳаракат БМТнинг Афғонистондаги миссиясининг Ҳиротдаги офисига ҳам ҳужум уюштирди.

Афғонистондаги беқарорлик яна қочқинлар муаммосини кун тартибига чиқармоқда. БМТ маълумотларига қараганда, 2021 йил январь ойидан бери 294 минг афғонистонлик уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Мамлакат бўйича қочқинлар сони 3,5 миллион кишидан ошган.

Эслатиб ўтамиз, Толибон 1996-2001 йилларда Афғонистонни идора қилган. 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ бошчилигидаги кучлар Афғонистонда аксилтеррор операцияларини амалга оширган ва Толибон бошқарувига барҳам берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг