Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россиянинг биринчи рақамли душмани очиқланди. У АҚШ ҳам, Евроиттифоқ ҳам эмас

Россиянинг биринчи рақамли душмани очиқланди. У АҚШ ҳам, Евроиттифоқ ҳам эмас

Фото: ТАСС

АҚШ наздида Россия глобал қудратга эга давлат эмас. Расмий Вашингтон Владимир Путин бошчилигидаги ўлкани ички муаммолари билан андармон бўлиб қолган, минтақавий қудратга эга давлат деб ҳисоблайди. Бу ҳақда таҳлилчи Дэвид Кларкнинг «EU Observer» нашрида чоп этилган мақоласида сўз боради.

Қўшма Штатлар ўсиб бораётган Хитойни энг асосий таҳдид деб билади. Иқтисодий, ҳарбий ва илмий жабҳада шиддат билан илгарилаётган Чин ўлкаси олдида Россия хатари у қадар жиддий эмас. Президент Жо Байден Россия «ядро қуролига ҳамда нефть конларигагина эга» мамлакат деганида ҳам шу жиҳатни назарда тутган бўлса ажаб эмас.

Бу таъриф Кремлнинг ғазабини қўзғагани аниқ. Аммо таҳлилчи Дэвид Кларк АҚШ президенти фикрларини Россиядаги иқтисодий вазият билан исботлашга ҳаракат қилади.

Владимир Путин 2007 йили, иккинчи президентлик муддатида мамлакатнинг иқтисодий тараққиёт стратегиясини эълон қилди. Унга кўра, Россия 2020 йилда дунёнинг иқтисоди тараққий этган беш йирик давлатидан бири бўлиши керак эди. Аммо мамлакат ўз олдига қўйган мақсадларга эриша олмади. У ҳозирда иқтисодий тараққиёт бўйича рейтингда 11-ўринни эгаллаб турибди. Инновацион ривожланиш кўрсаткичи ҳам кўнгилдагидек эмас. Глобал инновациялар рейтингида 47-ўринга кўтарила олди, холос. Иқтисодий тараққиёт кўрсаткичи 1 фоизни ташкил этмоқда, аҳоли яшаш даражаси эса пасайиб бормоқда.

Иқтисодий депсинишнинг асосий сабабларидан бири мамлакат бюджети энергия манбалари экспортига боғланиб қолганидир. Нефть ва газ сотувидан тушган маблағ федерал ғазнанинг 40 фоизини ташкил  этади. Дунё муқобил энергия манбаларига ўтаётган ва анъанавий энергия манбалари нархи тушиб бораётган пайтда бу хавотирли кўрсаткичдир.

Тўрт йил аввал Россия собиқ молия вазири Алексей Кудрин иқтисодиётни либераллаштириш ҳамда технологик янгиликларни жорий этиш ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлаган эди. Аммо молия идораси раҳбарининг бу даъвати эътиборсиз қолдирилди. Таҳлилчи Д.Кларкка кўра, Алексей Навальнийга берилган қаттиқ жазо ва миллий хавфсизлик стратегиясининг агрессив тус олиши ишбошилар учун ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш муҳимроқ эканини кўрсатмоқда.

2010 йили Москва яқинида «Сколково» инновация маркази очилган бўлиб, мазкур марказ АҚШнинг Кремний водийси каби илм-фан ва янгиликлар бешигига айланмоғи лозим эди. Лекин бу жабҳада ҳам хоҳиш-истак ҳамда имкониятлар ўзаро мутаносиб келмади.

Мустақил суд тизимининг йўқлиги эса иқтисодиётдаги турғунлик тегирмонига сув қуймоқда. Боз устига, рейдерлик фаолияти – тўқима айблов ва сохта жиноий ишлар воситасида юзлаб тадбиркорларнинг мол-мулки ҳамда бизнеси тортиб олинаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Жорж Мейсон номидаги университет қошидаги Терроризм, трансмиллий жиноятлар ҳамда коррупцияни тадқиқ этиш маркази ҳисоботига кўра, мамлакатда 2019 йилда ноқонуний рейдлар 135 фоизга ўсган.

Буларнинг бари иқтисод-молия бўғинига кучли зарба бермоқда. Биргина ўтган йилда мамлакатдан 47,8 миллиард доллар маблағ чиқиб кетган.

Ҳарбий соҳа, мудофаа жабҳасига қанчалик эътибор қаратилмасин, мамлакат иқтисодий тўкинликсиз глобал майдонда куч-қудрат соҳиби бўла олмайди. Боз устига, мудофаа жабҳаси ҳам улкан маблағ талаб этади. Шуларга кўра, мақола муаллифи Россиянинг асосий ғаними унинг ўз иқтисодиёти деган хулосани бот-бот таъкидлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг