Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон президенти ЕОИИ келажаги борасида Москвага маъқул келмайдиган гап қилди

Қозоғистон президенти ЕОИИ келажаги борасида Москвага маъқул келмайдиган гап қилди

Фото: «Коммерсантъ»

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)  фақат иқтисодий бирлашма бўлиб қолиши лозимлигини таъкидлади.

Россиянинг «Комсомольская правда» газетасига интервьюсида Тўқаев бир қатор долзарб масалалар қаторида, ЕОИИнинг  эртанги куни борасида ҳам мулоҳазалари билан бўлишар экан, мазкур тузилма, дейлик, Европа иттифоқи каби сиёсий бирлашма бўла олмаслигига урғу берди. 

«Биз учун ЕОИИ ўз номи билан иқтисодий иттифоқ сифатида аҳамиятлидир. Ҳамкорлик робиталарини кучайтириш, товар, хизмат ва ишчи кучининг умумий бозорини яратиш ҳамда аъзо мамлакатларнинг сармоявий имкониятларини кучайтириш орқали биз ЕОИИ глобал миқёсдаги самарали тузилмага айлантиришимиз мумкин», – деди Қозоғистон раҳбари.  

Қосим-Жўмарт Тўқаев тузилма атрофидаги кескин баҳслар ҳақида гапирар экан, бундан фожиа ясамаслик кераклиги, аксинча, бефарқликдан қўрқиш кераклигини айтди.

Қайд этилишича, Қозоғистоннинг Россия ва Беларусь иштирокидаги иттифоқчи давлат тузилмасига ҳам кириш нияти йўқ.

Сир эмас, ЕОИИнинг ташаббускори бўлган Россия мазкур тузилмани ҳар жиҳатдан, шу жумладан, сиёсий жиҳатдан ҳам кучайтиришга интилмоқда. Бу эса аъзо ҳамда кузатувчи мақомдаги мамлакатларда миллий суверенитетни сақлаб қолиш борасида хавотирларни кучайтирмоқда.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев сўнгги икки ҳафта ичида ЕОИИ борасида иккинчи бор расмий Москва позициясига тўғри келавермайдиган гап айтмоқда. У жорий йил 19 май куни ЕОИИга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг онлайн-саммитида миллий суверенитет масаласини кўтарган эди.

Халқаро тузилманинг 2025 йилга қадар ривожланиш стратегияси хусусида фикр билдирар экан, президент Тўқаев ЕОИИ доирасидаги интеграция аъзо мамлакатлар суверенитетига дахл қилмаслиги лозимлигини таъкидлаган эди. Қозоғистон раҳбарига кўра, интеграция йўлидаги саъй-ҳаракатлар, жумладан, таклиф этилаётган тараққиёт стратегияси энг аввало миллий-ҳуқуқий тизимлар устуворлигига таяниши лозим. Акс ҳолда, бу жараён миллий ҳукумат ва парламентларнинг суверен ҳуқуқлари поймол этилишига олиб келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг