Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қорабоғ дарвозаси». Муҳим халқаро иншоот Озарбойжон ва Туркия президентлари томонидан очиб берилди

«Қорабоғ дарвозаси». Муҳим халқаро иншоот Озарбойжон ва Туркия президентлари томонидан очиб берилди

Фото: Озарбойжон давлат ахборот агентлиги

Бугун, 26 октябрь куни Озарбойжонда муҳим объект – Фузулий халқаро аэропортининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Бир неча йил аввал ҳам оккупация остида бўлган шаҳарда қисқа муддатда янги ҳаво бандаргоҳининг қуриб битказилиши тарихий ҳодиса ўлароқ баҳоланмоқда.

Халқаро аэропорт Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан очиб берилди. Икки давлат раҳбарига аэропортнинг рамзий калитлари топширилди. Эътиборга молик жиҳати, Туркия раҳбарининг самолётида тўғри мазкур аэропортга қўнди. Шу тариқа Р.Т.Эрдўғон Фузулий халқаро аэропортига ташриф буюрган илк хорижий раҳбарга айланди.

Туркия етакчиси жорий йил июнь ойида Қорабоғнинг маданий пойтахти Шуша шаҳрига ташриф буюрган эди.

Туркия раҳбарининг Озарбойжонга галдаги сафари давомида оккупациядан озод қилинган Қорабоғ ҳудудида инфраструктура объектларини қуриш бўйича яна бир қатор янги лойиҳаларга старт берилиши кутилмоқда.

2021 йил 14 январь куни Фузулий халқаро аэропорти пойдевори қўйилган эди. Йирик иншоот 8 ой ичида қуриб битказилди. 22 август куни дастлабки синов парвозлари амалга оширилди.

Фузулий халқаро аэропорти нисбатан қисқа муддат – 8 ойда қуриб битказилди. Фото: AA

Фузулий шаҳри 1993 йилнинг октябрь ойида Қорабоғ уруши даврида Арманистон Қуролли кучлари томонидан босиб олинган ва 27 йил давомида тан олинмаган “Тоғли Қорабоғ республикаси” назоратида бўлган. 2020 йил 27 сентябрь куни Озарбойжон армияси оккупация остидаги шаҳарларни озод қилиш бўйича операция бошлади. 44 кунлик уруш якунида Озарбойжон ўзига тегишли бўлган ва чорак аср давомида ишғол остида бўлган тарихий ҳудудлар, жумладан, Фузулий шаҳрини қайтариб олди.

Фузулий халқаро аэропорти қайта жонланаётган Қорабоғ ҳудудининг ҳаво дарвозаси сифатида туризм ва савдо-сотиқ ривожига хизмат қилиши кутилмоқда. Қорабоғнинг бош кенти Шуша шаҳрига борувчилар ҳам мазкур аэропорт орқали сафар қилиши мумкин. Янги ҳаво бандаргоҳи Шуша шаҳридан 100, пойтахт Бокудан эса 300 км масофада жойлашган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг