Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қирғизистонлик Трамп». Президентлик сайловида ғолиб номи маълум бўлди

«Қирғизистонлик Трамп». Президентлик сайловида ғолиб номи маълум бўлди

Фото:«AFP»

10 январь куни Қирғизистонда ўтказилган президентлик сайлови натижаси деярли маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 52 ёшли Садир Жапаров мамлакат президентлигига сайланди. Қирғизистон марказий сайлов комиссиясига кўра, 80 фоиз бюллетень ҳисоблангач, С.Жапаров 79 фоиз овоз йиққани маълум бўлди.

Сайловда мамлакат халқи президентлик ҳамда парламент бошқаруви бўйича ҳам ўз нуқтаи назарини билдирди. Дастлабки ҳисоблар кўпчилик электорат президентлик бошқарувини ёқлаганини кўрсатмоқда.

Ўтган йил октябрь ойидаги оммавий норозиликлар пайти жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган С.Жапаров (у гаровга олиш ва ҳокимиятни босиб олишда айбдор деб топилиб 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди) кутимаганда намойишлар етакчисига айланди. Кейинроқ бош вазир ва муваққат президент вазифаларини бажарди.

Таҳлилчилар сайлов кампанияси давридаёқ Жапаровнинг ғалабасини башорат қилган эдилар. Негаки, ижтимоий сўровлар унинг қўли баланд келишига ишора қилаётган эди. Боз устига, унинг яқин тарафдорлари ҳукумат бошқарувида муҳим лавозимларни эгаллаган эди.

Маълумотларга қараганда, у сайлов кампанияси учун 600 минг евро миқдорида пул сарфлади. Бу 20 га яқин номзод орасида энг юқори кўрсаткичдир.

Вашингтондаги миллий мудофаа университети профессори Эрика Маратнинг фикрича, сайловни легитим деб аташ амримаҳол. Аввало, президентлик сайлов ўтказилиши ҳақида атиги икки ой аввал маълум қилинди. Э.Маратга кўра, муддатдан олдин ўтказилган ҳамда қонунчиликка у қадар мувофиқ келмаган сайлов ғалаба қозонган номзоднинг давлат раҳбари сифатида мақомини қонунийлаштиришга хизмат қилди, холос.  

С.Жапаровнинг қамоқдан чиққанидан беш кун ўтиб бош вазир лавозимини эгаллаши кўпчилик томонидан кутилмаган ҳол ўлароқ баҳоланди. Сиёсатчи қамоқда жазо муддатини ўтаётган пайтда ота-онаси ҳамда фарзанди вафот этди. Бу орада тўрт девор орасида у ўз жонига қасд қилишга уринди. Шу тариқа жамоатчилик онгида тақдир томонидан оғир синовларга рўбарў бўлган С.Жапаровга нисбатан ҳамдардлик ва хайрихоҳлик шакллана бошлади. Сиёсатчи қамоқда туриб амалдаги ҳукуматги қарша танқидий баёнотлар бериш билан эса нуфузини янада мустаҳкамлашга муваффақ бўлди.

Таҳлилчи Азим Азимовга кўра эса, Қирғизистон раҳбарияти томонидан содир этилган кетма-кетма хатолар Садир Жапаровнинг сиёсий етакчи бўлишига олиб келди. Яъни амалдаги раҳбарлардан ҳафсаласи пир бўлган жамоатчилик унга ишонч билдирди.

Қирғизистон сиёсий доираларида С.Жапаров АҚШ президенти Дональд Трампга қиёсланади. Айниқса, сўнгги ҳафталарда Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб киргач, ушбу муқояса янада кенгроқ доираларда янграй бошлади.

«Бир неча кун АҚШда Капитолий биноси босиб олинди. Бу эса популистлар ҳамда автократлар қашшоқ ҳамда билимсиз аҳоли табақаси онгини чалғитиш орқали ҳокимиятни сақлаб қолишга уринишининг ёрқин намунасидир. АҚШда улар қўлга олинди ва қонун бўйича жазо олади. Қирғизистонда эса буткул ўзгача сценарий», – дейди профессор Эрика Марат.

С.Жапаровнинг ўргамчик сиёсатчи ҳам деб бўлмайди. У 2005 йилда депутат сифатида иш бошлаган. Тез орада эътибор қозониб президент Қурманбек Бакиевнинг маслаҳатчиси этиб тайинланган. 2010 йилда рўй берган ҳамда икки мингдан ошиқ инсон ҳаётига зомин бўлган этник низолар пайтида у очиқдан-очиқ титул миллат тарафини олган, мамлакатдаги миллий озчилик вакилларини эса «ижарачи»га ўхшатган.

С.Жапаров сайловолди кампанияси даврида конституцияга ўзгартириш киритиш, халқ қурултойи деб аталган янги тузилма ташкил этишни таклиф қилди. Россия, Қозоғистон ҳамда узоқ хориж мамлакатларида меҳнат қилаётган қирғизистонлик муҳожирлар ҳам С.Жапаров тарафдори экани айтилади.

Сиёсатчининг мухолифлари эса уни конституцияга ўзгартириш киритиш орқали ҳокимиятни ўз қўлига олишга уринишда айбламоқда. Қамоқдан чиққан сиёсатчининг дастлаб ҳукумат, сўнгра давлат раҳбари лавозимини эгаллаши ҳам ғайриқонуний ҳолат деб баҳоланган. Аммо С.Жапаровнинг тарафдорлари мамлакатда парокандалик ҳукм сураётган ҳозирги шароитда ҳокимият жилови ягона кучли қўлда тўпланиши энг мақбул йўл деб ҳисобламоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг