Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Путиннинг ташрифларини ёритган журналист давлатга хиёнатда айбланиб қамоққа олинди

Путиннинг ташрифларини ёритган журналист давлатга хиёнатда айбланиб қамоққа олинди

Фото: ТАСС

Россия Федерал хавфсизлик хизмати таниқли журналист Иван Сафроновни давлатга хиёнатда айблаб ҳибсга олди. Хавфсизлик идораси журналистни Россия мудофаасига доир маълумотларни НАТО мамлакатларидан бирига етказишда айбламоқда. Адвокатларга кўра, бу ўринда гап Чехия ҳақида кетмоқда.

Журналист ҳибсга олинган куннинг ўзида, 7 июль тушдан кейин судга олиб келинди. Ёпиқ тартибда ўтган маҳкамада И.Сафроновни 2 ой муддат давомида қамоқда сақлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Журналистнинг ўзи унга нисбатан илгари сурилаётган айбловларни рад этган. 

Россия Жиноят кодексининг 275-моддасида (давлатга хиёнат) 12 йилдан 20 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган.

Иван Сафронов мамлакатдаги таниқли журналистлардан бири саналади. У узоқ йиллар «Коммерсант» газетасининг махсус мухбири сифатида фаолият юритган. Тажрибали журналист кўп бора президент Владимир Путинга ҳамроҳ бўлиб, давлат раҳбари ташриф ва сафарларини ҳам ёритган.   

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Иван Сафроновни энг профессионал ва иқтидорли журналистлардан бири деб атаган.

И.Сафронов 2019 йил май ойида Россия парламенти юқори палатаси – Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг истеъфога чиқиши ҳақида ёзган мақоласи ортидан «Коммерсант» муассислари қарори билан ишдан бўшатилган. Бир муддат «Ведомости» нашрида фаолият юритган қаламкаш жорий йил май ойидан буён «Роскосмос» агентлиги бош директори Дмитрий Рогозиннинг маслаҳатчиси сифатида ишлаб келаётган эди. 

«Роскосмос» идорасига кўра, И.Сафронов бош директор маслаҳатчиси сифатида давлат сири саналган ҳужжатлар билан танишиш ваколатга эга бўлмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг