Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Моралеснинг хатоси: катталарга иқтисодиёт, ёшларга демократия...

Моралеснинг хатоси: катталарга иқтисодиёт, ёшларга демократия...

Фото: «Newscast Pratyaksha»

Ўн тўрт йил мамлакатни узлуксиз бошқарган Эво Моралес истеъфога чиқиб, Мексикага жўнаворди. Боливия байроқларини бошлари узра баланд кўтарган ёшлар «Ҳа, биз буни уддаладик!», дегандек «ғалаба»дан сармаст. Буёқда эса Моралес тарафдорлари «Фуқаролар уруши — ҳозироқ!» шиорлари остида жамланмоқда. Мамлакат шок ҳолатида, нима бўлади: янги президентлик сайловлари, фуқаролар уруши, ҳарбий хунта?.. Ёки ҳаммаси бирваракайига...

Авторитаризмга қарши исён

Ўн тўрт йиллик барқарорликдан сўнг Боливияни таниб бўлмай қолди: бир ойдан бери ҳаммаёқда тартибсизлик. Президентлик сайловларининг шубҳали якуни халқнинг ғазабига ўйнади. Сайлов комиссияси овоз беришнинг авжи палласида маълумотларни беришни тўхтатиб қўйди, кейин эса Моралес биринчи турдаёқ ғалаба қозонганини эълон қилиб қўя қолди. Иккинчи турга куч сарфлаб ўтирмаслик учун ўртада 10 фоизлик устунлик бўлса бас эди, афтидан, Моралес президентлик курсисига шунчалик ўрганиб қолган эдики, рақибига иккинчи имкониятни беришни ҳам ўзига раво кўриб ҳам ўтирмади.

Тан олиш керак, Боливия етакчиси узоқ йиллар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаб келгани айни ҳақиқат, ҳойнаҳой танҳолигига ўзи ҳам қаттиқ ишониб юборган. Бўлмаса референдум натижалари ва ўзи илгари ўрнатган қонунларни ҳам оёқости қилиб, тўртинчи марта ҳам номзодини илгари суриб президент бўлиб олармиди?! Камига, Америка давлатлари ташкилотига ишонадиган бўлсак, овозларни санашда ҳам енг ичидаги ишлар тиқилиб ётибди.

Аммо кекса социалистнинг авторитар усулларини боливиялик ёшлар кечира олишмади ва кўчаларни исёнга тўлдиришди. Моралесгача бўлган Боливияни булар қаердан ҳам билишсин: ҳатто ён қўшни мамлакатларгача геосиёсий иштаҳаларини қондиришга шай бўлиб кўз тикиб турган қўрқинчи ва қашшоқ мамлакат! Моралес Боливияни ана шу ботқоқдан олиб чиққанди. Бироқ энди аён бўляптики, урфга кирган демократик принциплар бугунги ёшлар учун иқтисодий ютуқлардан-да «мазалироқ» туюляпти.

Боливиядаги намойишлари бехосдан бошланиб кетди. Собиқ президентни аҳолининг тенг ярми қўллаб-қувватламоқда. Булар асосан ўша оғир йиллар нималигини кўрган-билганлар: деҳқонлар, кончилар, кокалерослар (кока етиштирувчилар) ва Моралеснинг ўзи ҳам мансуб бўлган тубжой ҳиндулари. Сиёсий инқирозни тўхтатиб бўлмаслиги кундек аён бўлиб қолган бир паллада Моралес тарафдорлари ва уларга қаршилар ўртасида тўқнашувлар бошланиб кетди. Тошлар, таёқлар, тутунли шашкалар ишга тушди, Боливия фуқаролар уруши ёқасида қолди.

Истеъфо

Аввалига ўнг мухолифатчиларни давлат тўнтариши уюштиришда айблаган Моралес фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейин эса халққа мурожаат қилиб, президентлик сайловининг иккинчи турини ўтказиш таклифини ўртага ташлади. Буям ёрдам бермагач, янгитдан президентлик сайловларини ўтказишга ваъда берди. 10 ноябрда эса истеъфога чиққанини эълон қилиб, Мексикага учиб кетди. Сенат вице-спикери Жанин Аньес Боливиянинг муваққат президенти бўлиб қолди.

«Моралес  оқилона йўл тутди, мамлакат тинчланишини, зўравонлар ҳовуридан тушишини истади. Боливияча исён оқибати нималарга олиб келишини ундан яхши биладиган ким бор? Моралеснинг ўзи ҳам ана шундай ижтимоий исёнлар натижасида ҳукуматга келган эди», — деди Россия ФА Лотин Америкаси институти илмий котиби, сиёсат фанлари номзоди Татьяна Воротникова.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг