Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Машҳур сиёсатчининг қотили қамоқда базми жамшид уюштирди

Машҳур сиёсатчининг қотили қамоқда базми жамшид уюштирди

Фото: «ВКонтакте»

Россиялик машҳур сиёсатчи Борис Немцовнинг қотили Заур Дадаев қамоқхонада шоҳона зиёфат қилаётгани акс этган фотосурат тарқалди. Иркутск жазони ижро этиш муассасасида олингани айтилаётган суратда маҳкумлар тўкин дастурхон атрофида шакаргуфторлик қилаётганини кўриш мумкин. Дастурхонга сархил мева ва сабзавотлар, ҳатто кабоб тортилган. Хилват бўлмадаги зиёфат фототасмага муҳрланганига қараганда, маҳкумлар уяли алоқа телефонидан ҳам бемалол фойдаланган.

Қамоқхонадаги базми жамшид акс этган суратларни Ислом Ирон исмли фойдаланувчи «ВКонтакте» тармоғида эълон қилган. Тахминларга кўра, ушбу сурат Иркутск вилоятидаги 3-сонли жазони ижро этиш муассасасида 2018 йилда олинган.

Можароли суратлар тарқалиши ортидан Федерал жазони ижро этиш идораси ҳудудий бошқармаси мазкур ҳолат жиддий тафтиш этилишини маълум қилди.

Аслида, Россия қамоқхоналарида пулдор ёки амалдор маҳкумларнинг тўкин ҳаёт кечириши янгилик эмас. Аммо Россия ҳукумати раҳбарининг собиқ ўринбосари, кейинроқ Владимир Путиннинг муросасиз мухолифига айланган Борис Немцовни ўлдиргани учун 20 йилга озодликдан маҳрум этилган Заур Дадаевнинг қамоқхонада ҳам тараллабедод ҳаётни давом эттираётгани жамоатчиликда эътироз уйғотди. Дарвоқе, З.Дадаев Иркутск тутқунгоҳида кўп марта қоидабузарлик қилгани сабаб 2018 йил ноябрда Ангарскдаги колонияга кўчирилган.

Россиянинг мухолиф сиёсатчиси, «Халқ эркинлиги партияси» ҳамраиси Борис Немцов 2015 йилнинг 28 февралида Москва марказида отиб кетилган эди. Маҳкама ушбу қотилликда чеченистонлик беш фуқарони айбдор деб топган ва уларга 11 йилдан 20 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

Суд ҳукмида қайд этилишича, Б.Немцовни Заур Дадаев отиб ўлдирган. Анзор Губашев, Беслан Шаванов (қўлга олиш пайти ўлдирилган), Шадид Губашев, Темирлан Эскерханов ва Ҳамзат Бахаевлар жиноятни амалга оширишга кўмаклашган.

Суд бешовлонни Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) бўйича айбдор деб топган. Ҳукм эълон қилингач, Б.Немцовнинг қизи Жанна Немцова судланувчиларга шунчаки қотиллик эмас, балки «жамоат ва сиёсат арбобига суиқасд» моддаси бўйича жазо тайинлашни сўраган. Жиноий иш моддаси шу тариқа қайта малакаланса, жазо янада оғирлашиши мумкин эди.

Тергов идораси қотилликка 2015 йилдан буён қидирувда бўлган, «Север» батальони зобити Руслан Муҳудинов буюртма берган дея хулоса берган ва унга нисбатан сиртдан айблов эълон қилган.

Ўтган йили Амур  вилоятида ҳам Иркутск колониясидаги каби ҳолат кузатилган эди. Гап шундаки, мазкур вилоятдаги 3-сонли колонияда тутқунликда сақланаётган ашаддий қотил Вячеслав Цеповяз тўрт девор орасида ҳашаматли ҳаёт кечираётгани (маҳкумлар ҳатто тансиқ денгиз таомларини ҳам тановул қилган!) фош бўлган эди. Мазкур ҳолат бўйича  жазо муассасаси раҳбари ва ўринбосарига иш қўзғатилган. Уларга 4 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.  

Собир Салим

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг