Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Канада чет элликлар мамлакатга кириши учун қўйилган чеклов муддатини узайтирди

Канада чет элликлар мамлакатга кириши учун қўйилган чеклов муддатини узайтирди

Фото: ТАСС

Канада ҳукумати хорижий фуқароларнинг аксарият тоифалари учун мамлакатга киришга қўйилган чеклов муддатини 31 июлгача узайтирди. Бу ҳақда CBC телеканали Канада чегара хизмати агентлигига асосланиб хабар берди.

Агентлик вакили Ребекка Пурдининг айтишича, «жамоат саломатлигини муҳофазалашни кўзда тутиб» тақиқлов муддати узайтирилди. Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси сабабли Канадада бу чеклов 16 мартдан жорий этилганди. Чекловлар АҚШ фуқаролари ва Канаданинг доимий резидентларига дахл қилмайди, бироқ икки мамлакат ўртасида ихтиёрий қатновлар тақиқланган.

Шунингдек, дипломатлар, мамлакат фуқароларининг яқин қариндошлари, айрим тоифадаги мавсумий ишчилар ва чет эллик талабалар учун ҳам истиснолар кўзда тутилган.

Мамлакатга кириб келувчилар учун жорий этилган ўзини ўзи изоляциялаш талаби ҳам 31 августга қадар узайтирилди. Акс ҳолда жазоси жуда қаттиқ: карантинни бузганлар 750 минг канада долларигача ($551,5 минг) жарима тўлашлари ёки ярим йилни қамоқда ўтказишларига тўғри келади. Агарда карантинни бузиш бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйса жарима миқдори 1 млн. канада долларигача ($735,4 минг) ошиши, қамоқ жазоси уч йилгача чўзилиши мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, COVID-19 билан касалланганлар сони Канадада 103 918 нафарга етган. Шундан 67 178 нафари тузалган, қурбонлар сони — 8566 нафар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг