Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жанубий Корея Шимолга жавоб ҳозирламоқда

Жанубий Корея Шимолга жавоб ҳозирламоқда

Жанубий Корея ва АҚШ 2022 йил 20 декабрь куни ўтказган қўшма ҳарбий машғулотдан лавҳа.

Фото: AP

Жанубий Корея ҳамда АҚШ ядро машғулотлари ўтказмоқчи. Сеул шу тариқа Шимолий Кореянинг кучайиб бораётган таҳдидларига жавоб ҳозирламоқда.

Yonhap ахборот агентлиги хабарига кўра, Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль Оқ уй билан АҚШ ядро воситаларини ишга солган ҳолда қўшма машғулот ўтказиш юзасидан музокара олиб бормоқда.

Икки иттифоқчи давлат ахборот алмашувини кенгайтириш ва фавқулодда ҳолатларда ҳаракатлар режаси бўйича ҳам ўзаро кенгашмоқда.  

Таҳлилчилар Шимолий Кореянинг сиёсий провокациялари реал ҳарбий таҳдидга айланаётганидан хавотир билдирмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, яқинда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ядровий тактик қуролларни оммавий ишлаб чиқариш, жанговар ядро каллаклари сонини кўпайтириш талабини қўйган эди.

Шунингдек, у 600 мм калибрли ракета тизимлари (MLRS) яратилишини эълон қилди. Бу эса бутун Жанубий Корея ҳудудига зарба бериш имкони пайдо бўлади деганидир.

Янги йилнинг илк куни ҳам Пхеньян кичик масофага учувчи баллистик ракеталарни синаб кўрди. Умуман, 2022 йил давомида Ким Чен Ин маъмурияти 50 дан зиёд ракета синови ўтказган. 

Октябрь ойида Шимолий Корея беш йил ичида биринчи марта Япония устидан ракета учирди.

Декабрнинг сўнгги кунларида эса Шимолнинг учувчисиз учоқлари Жанубий Корея билан чегарани кесиб ўтди. Сеул бунга жавобан қирувчи самолётлар ва ҳужум вертолётларини ҳавога кўтарди.

Кеча, 2 январь куни Европа Иттифоқи Шимолий Корея  раҳбариятини ракета ва дрон учириш каби жанговар тарангликни келтириб чиқараётган хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Брюсселга кўра, расмий Пхеньяннинг БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳужжатларига зид сиёсати Шимолий Корея халқига манфаат келтирмаслиги аниқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг