Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ироқда ақл бовар қилмас мудҳиш жиноят авж олмоқда. Асосий сабаблар маълум...

Ироқда ақл бовар қилмас мудҳиш жиноят авж олмоқда. Асосий сабаблар маълум...

Фото:«AP»

Оилавий анъаналар юксак қадрланган ва болапарварлиги билан тилга тушган Ироқда сўнгги пайтларда фавқулодда ҳолат кузатилмоқда: ота-оналар томонидан ўз фарзандини ўлдириш жинояти кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда «Al Arabi Al Jadeed» нашри хабар беради.

Ироқ соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, биргина 2020 йилда мамлакатнинг турли шаҳарларида 23 нафар вояга етмаган бола ўз ота-онаси томонидан ўлдирилган. Қурбонлар орасида янги туғилган чақалоқлардан тортиб 13 ёшга қадар бўлган ўсмирлар бор. Айни чоқда болаларга нисбатан зўравонлик ҳам авж олмоқда. Мамлакат судларида 2019 йил давомида болаларга нисбатан зўравонлик бўйича 1606 та жиноий иш кўрилган. Бу расмий рақамлар, асл воқелик бундан-да даҳшатлироқ экани тахмин қилинмоқда. Негаки, қишлоқ жойларда бундай жиноятлар деярли расмий рўйхатларга олинмайди. Никоҳсиз дунёга келган чақалоқларнинг масжидлар ёнига яширинча ташлаб кетилиши эса алоҳида тадқиқотга мавзу бўла олади. 

Бир неча ой аввал Бағдод марказида яшовчи аёл икки фарзандини Тигр дарёсига чўктиргани фош бўлгач, жамоатчилик тангу тонг ҳолатга тушди. Ушбу мудҳиш жиноят тўлқини  ҳали тинмай туриб 5 январь куни пойтахт шарқида ота 3 ёшли ўғлини бўғизлагани ҳақида хабар тарқалди. Бир неча кун аввал эса ота 6 ёшли қизини балкондан улоқтиргани маълум бўлди.  Басра шаҳри полицияси ходими ўз пуштикамаридан бўлган қизини ўласи қилиб калтаклагани ҳам жиддий хавотирлар уйғотди. Карбалодаги фожиа ҳам жамоатчиликни даҳшатга солди: ота 6 ёшдан 13 ёшгача бўлган 4 фарзандини тириклай ёқиб юборган. Курдистон музофотида яшовчи аёл 4 ойлик қизини ўлдириб кўчага ташлаб кетгани-да мамлакатда дув-дув гап бўлди.

Ироқлик олима Асмо Абдул Жабборга кўра, аввал жуда кам кузатилган бундай жиноятларга аввало жамият аъзолари орасидаги руҳий беқарорлик доялик қилмоқда. Шунингдек, ижтимоий тенгликнинг авж олиши, ишсизлик ҳамда қашшоқликнинг кучайиши ақл бовар қилмас жиноятларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Психология профессори Аднан Маҳмуд эса болаларнинг қатл этиш билан боғлиқ ҳолатлар авж олишига урушни асосий айбдор деб билади.

«Сўнгги ўнйилликлар давомида Ироқ жамияти муттасил уруш ҳолатида яшамоқда. Бу эса аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи қашшоқлар ҳаётига мисли кўрилмаган даражада салбий таъсир кўрсатмоқда. Тўхтовсиз давом этаётган урушлар ажрашишлар, ўз жонига қасд қилишлар, умидсизлик, тушкунлик ва қашшоқликка олиб келмоқда.  Бундан ташқари, ота-оналар томонидан ўз фарзандларини ўлдириш ёки уларга куч ишлатиш ҳолатлари авж олмоқда», – дейди профессор А.Маҳмуд.

Қашшоқлик ва йўқчилик айрим ота-оналарни руҳий мувозанатдан чиқариб ўз пуштикамаридан бўлган зурриёти жонига қасд қилишга етаклаётир.

Ироқлик социолог Зайнаб Нотиқ эса коронавирус пандемияси ҳам оилаларда осойишталик ва маънавий мувозанатни издан чиқарганига эътибор қаратади.  

Олима Асмо Абдул Жабборнинг таъкидлашича, болалар жонига қасд қилиш ҳамда оилавий зўравонликларнинг олдини олиш борасида асосий масъулият ҳукумат зиммасига тушади. Бунинг учун бу турдаги барча жиноятлар учун жазо муқаррарлиги таъминланиши, шунингдек, зудлик билан оилавий зўравонликларга қарши қонун қабул қилиниши лозим. Энг асосийси, мамлакатда барқарорлик ўрнатилиб, иқтисодиётни тиклаш ва иш ўринлари яратиш, ижтимоий адолатни тиклаш чоралари кўрилмоғи даркор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг