Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия энергетика компанияси «Газпром»ни судга берди

Германия энергетика компанияси «Газпром»ни судга берди

Германиянинг энергетика гиганти RWE компанияси газ таъминоти йўқлиги сабабли «Газпром» га қарши арбитраж судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда компания вакилига таяниб, Handelsblatt газетаси хабар берди.

RWE Германиянинг иккинчи энергетика компанияси бўлиб, Россия концернидан шартнома бўйича ёнилғи етказиб берилмагани учун товон тўлашни талаб қилмоқда. Ноябрь ойи охирида Германиянинг энг йирик газ импортчиси Uniper «Газпром»ни миллиардлаб доллар ундириш учун судга бермоқчи эканлигини эълон қилди.

Uniper ва RWE компаниялари «Газпром» билан газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузган. Россия компанияси «Шимолий оқим» газ қувури орқали газ етказиб беришни тўхтатгач, бу фирмалар газни жаҳон бозоридан юқори нархларда сотиб олишга мажбур бўлди ва уни коммунал хизматлар ва бошқа истеъмолчиларга келишилган қулай шартларда етказиб беришни давом эттирди.

Канаданинг «Газпром»га қарши жорий этган санкциялари туфайли Россия газининг «Шимолий оқим» газ қувури орқали Европага етказиб берилиши қисқара бошлади. «Газпром»нинг таъкидлашича, санкциялар туфайли газ қувурининг ишдан чиққан газ турбинали двигателларига хизмат кўрсатиш имконсиз бўлиб қолган.

Германиянинг Uniper компанияси аввалроқ Халқаро арбитраж судида Россиянинг «Газпром Экспорт» компаниясига қарши арбитраж ишини бошлаган эди. Uniper бош директори Клаус-Дитер Мобах компания газни алмаштириш бўйича барча харажатларни ўз зиммасига олиши кераклигини айтди, бу эса ҳозирда камида 11,6 миллиард еврони ташкил этади ва 2024 йил охиригача ўсишда давом этади.

Бироқ «Газпром» Uniper компаниясининг даъвосини тан олмади. Ҳозирда экспортёрнинг адвокатлари ўз манфаатларини судда ҳимоя қилиш мақсадида даъвони ўрганмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг