Фоторепортаж: Исёнчилар президент қароргоҳида
8 декабрь, якшанба куни «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилигидаги исёнчилар Сурия пойтахти Дамашққа кириб борди ва президент Башар Асад режими қулаганини эълон қилди.
AP агентлиги томонидан олинган ва Euronews томонидан чоп этилган фотосуратларда исёнчи ҳарбий гуруҳлар Дамашқдаги президент қароргоҳига кириб суратга тушаётгани, сурияликлар кўчаларда байрам қилаётгани, Башар Асаднинг суратлари йиртиб отилаётганини кўриш мумкин.
Шу тариқа Сурияда Асадлар оиласининг 54 йиллик бошқарув даври поёнига етди. Башар Асаднинг отаси Ҳофиз Асад 1970 йилда тўнтариш орқали ҳокимиятга келган ва ўлимига қадар давлатни идора этганди.
2000 йилда отасидан бошқарувни мерос қилиб олган Башар Асад сўнгги 24 йил давомида ўн минглаб қурбонлар эвазига ҳокимиятни сақлаб турди.
Исёнчилар Дамашққа кириши билан Башар Асад мамлакатдан қочгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Башар Асад авиаҳалокатда ҳалок бўлган ёки бирор мамлакатдан қўним топган деган икки тахмин мавжуд.
Жорий йил 27 ноябрдан бошлаб фаол ҳарбий ҳаракатларни бошлаган исёнчилар бирин-кетин Ҳалаб, Идлиб, Ҳама каби йирик шаҳарларни эгаллади.
Аввал хабар берганимиздек, воқеалар ривожи Асад маъмуриятининг энг яқин дўстлари Россия ва Эрон ҳам бу гал уни қутқариб қола олмаслигидан далолат бераётганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter