Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Британиялик эксперт Путиндан кейин Россияни ким бошқаришини айтди

Британиялик эксперт Путиндан кейин Россияни ким бошқаришини айтди

Фото: «Dennik N»

Британиялик тарихчи олим Марк Галеотти Россияда Владимир Путин бошқаруви даври якунига етаётганини башорат қилди. Бу ҳақда у Словакиянинг «Dennik N» нашрига берган интервьюсида сўзлаган.

«Путин ҳокимиятга келган пайтда уни тизимни қайта тиклашга қодир ёш ва шижоатли менежер дея қабул қилишган. У бунинг уддасидан чиқди. Илк йилларда у инқироз ёқасидаги мамлакатни қутқарди. 2000 йилдан кейин россияликларнинг ҳаёти ижобий томонга ўзгарди. Пул ва барқарорлик пайдо бўлди. Бу ҳол 10 йил давом этди... Аммо вазият ёмонлашгач, Путин дунёни душманликда айблай бошлади», – дея Россия раҳбарининг тарихий миссиясига баҳо беради М.Галеотти.

Мутахассисга кўра, Путин бошқаруви хотимасига оз муддат қолди. Хўш, ундан кейин ҳокимиятга ким келади?

«Менимча, ҳокимият Навальний авлодига ўтади. Мазкур авлод эса қон-қонигача прагматик клептократлардир. Улар Ғарб билан мафкуравий уруш қилишни асло истамайди. Аксинча, улар Ғарб билан робиталарни яхшиловчи иқтисодий усулларни ишга солишади. Ўйлайманки, айнан улар Россияда онгли равишда ҳуқуқий давлатни барпо этишга киришадилар», – дея хулоса қилади Россия тарихи ва замонавий сиёсатига бағишланган китоблар ёзган олим.

М.Галеотти 2019 йили Британиянинг «Guardian» нашрига берган интервьюсида Россия раҳбарини давлат ишидан чарчаган шахс деб таърифлаган эди.

«Менга қолса, Путинни давлат ишидан безор бўлган ва чарчаган шахс деган бўлар эдим. Ҳокимиятнинг машаққатли юмушлари уни қизиқтирмай қўйган. Унинг ваколат муддати 2024 йилда якунланади. Айрим экспертлар у ҳокимият қай тариқа қолиши ҳақида фикр юритмоқдалар. Мен эса у ўзига ворис топиб, «миллат отаси» бўлиб қолади деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, тарих Путин томонида эмас»,деган эди тарихчи олим «Guardian» газетасига интервьюсида.

Россияни 1999 йилдан бери де-факто идора этиб келаётган Владимир Путиннинг ҳокимиятдан кетиши масаласи кўпдан буён жаҳон матбуотида муҳокама қилинмоқда.

2020 йил ноябрда Британиянинг «Sun» таблоиди 68 ёшли Путин саломатлигидаги муаммолар сабаб давлат раҳбари лавозимидан кетиши ҳақида хабар берди. Газета Путинда Паркинсон касаллиги асоратлари зоҳир бўла бошлаганини иддао қилди.

Ушбу версия «Daily Mail» ва «New York Post» нашрлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Кейинроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков муддатдан олдин истеъфо ҳақидаги хабарни рад этди ва президентнинг саломатлигида муаммо йўқлиги, у отдек эканини маълум қилди.

2020 йил декабрь ойида эса «Bloomberg» агентлиги Путин президентликни топшириб, давлат бошқарувида бошқа бир лавозимда иштирок этиши ҳақидаги тахминни илгари сурди.

В.Путиннинг ваколат муддати 2024 йилда якунига етади. Конституцияга киритилган ўзгартиришга кўра, у назарий жиҳатдан 2024 ва 2030 йиллардаги сайловларда ҳам қатнашиши, демакки, 2036 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкин.

«Путин моҳият эътиборига кўра монархга айланади»,деб баҳолаган россиялик экспертлар ушбу ўзгаришларни.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг