Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Британия армияси Россия таҳдиди туфайли Германияга қайтмоқда

Британия армияси Россия таҳдиди туфайли Германияга қайтмоқда

Фото: «Glas.ru»

Буюк Британия мудофаа вазири Россия ва Хитойдан келаётган таҳдидларга янада самарали жавоб беришга қаратилган Қуролли Кучларни модернизация қилиш режасини тақдим этди. Британия қўшинларини Германиядан олиб чиқилиши тугаганидан бир йил ўтмай, Лондон ГФРга 250 га яқин танк ва жанговар машиналарни қайта жўнатиш, шунингдек, бошқа мамлакатлардаги ҳарбий машғулотларда қатнашадиган армия бригадасини жойлаштириш режасини эълон қилди.

«The Times», «Financial Times» ва «Sky News» нашрлари хабар беришича, Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес 25 ноябрь, пайшанба куни ўз нутқида, миллий қуролли кучлар таркибини қайта кўриб чиқиш ва контингентларини дунёнинг турли бурчакларида жойлаштиришни айтиб ўтган.

Уоллес қуруқликдаги қўшинларни модернизация қилиш бўйича «Келажак аскари» дастурини тақдим этди. Бу Буюк Британия армиясининг 20 йилдан ортиқ вақтдаги тубдан қайта кўриб чиқилишига, янада мослашувчанликка, бирдамлик ва самарадорликка эришишга қаратилган.

Режага кўра, Германия Ўмон ва Кения билан бир каторда Британия армиясининг учта янги минтақавий таянч пунктларидан бирига айланади. Мақсад сайёрамизнинг турли бурчакларида, жумладан, Россия ва Хитойдан келаётган хатарларга муносиб жавоб қайтариш имкониятлари яратишдир, деб таъкидлайди Sky News нашриёти.

«Бизнинг армиямиз бутун дунё бўйлаб кенг кўламли таҳдидларга – киберурушдан тортиб жанг майдонидаги можарогача қарши туриш қобилиятига эга бўлади», деди Уоллес.

Келгуси 10 йил ичида ускуналар сотиб олиш учун қўшимча 8,6 миллиард фунт стерлинг ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ўз қўшинларини Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан кейин Германияда жойлаштирган эди.

Бу 1954 йилги жойлаштириш тўғрисидаги шартнома ва 1951 йилги НАТО кучлари мақоми тўғрисидаги битим асосида амалга оширилган. 2010 йилда бу ердаги Британия ҳарбий контингенти тахминан 20 минг атрофида эди. 2020 йилга келиб эса барча инглиз ҳарбийлари ўз ватанларига қайтиш режалаштирилган эди.

Бу қарор расмий Лондоннинг мудофаа бюджетини тежаш нияти билан изоҳланар эди. Шу билан бирга, бу парламент сайловларида ғалаба қозонган Ториларнинг ҳам бу масала устувор вазифасидан бири ҳисобланарди.

Аммо Қрим муаммоси кўтарилиши билан ушбу режа ўзгарди. 2018 йилда Лондон Германиядаги ҳарбий контингентини нафақат камайтирмаслигини, балки уни кучайтириш зарурлигини эълон қилди. Мабодо, Россиянинг ҳужуми содир бўлса, Европанинг шарқий қаноти мудофаасини кучайтириш ва «рақибдан ортда қолмаслик» асосий мақсад этиб белгиланди.

Эндиликда Германиядаги янги ҳарбий иншоотларга янгиланган Challenger 3, БТР Boxer ва Ajax танклари юборилади . Бундан ташқари, у ерда миналардан тозалаш воситалари, танкерлар ва артиллерия техникаси жойлаштирилади.

Хорижда учта янги база яратилишига қарамай, мамлакат ўзида Британия мунтазам армиясини қисқартириш режалаштирилган, яъни улар миқдори 82 минг кишидан 73 минг кишигача камайтирилади. Шу тариқа Британия 33 та армия объектидан халос бўлади. Уларнинг аксарияти кичик ҳарбий қисмлар, захира марказлари ва курсантлар учун ўқув марказларидир.

Пиёда қўшинлари тизимида 4 минг ҳарбийдан иборат тўртта янги бўлинма қайта ташкил этилади. Уларнинг ҳар бирида инспекторлар отряди бўлади – булар гибрид можароларга ихтисослашган махсус кучлар ҳисобланади.

Мафтуна Аъзамжонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг