Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ разведкаси рус армиясида кузатилаётган ноодатий ҳолат ҳақида хабар берди

АҚШ разведкаси рус армиясида кузатилаётган ноодатий ҳолат ҳақида хабар берди

Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда томонлар тин олмоқда. Россия ҳам, Украина ҳам баҳорга амалиётларга куч йиғмоқда. АҚШ разведкасига кўра, бу борада Украина устунликка эга. 

АҚШ миллий разведкаси раҳбари Эврил Ҳейнснинг фикрича, Россия баҳорда яна фаол босқичга ўтиши кутилаётган ҳарбий тўқнашувларга тўлиқ ҳозирлана олмайди.

Қайд этилишича, Россия президенти Владимир Путин мамлакат қуролли кучларининг мағлубиятга етакловчи хатти-ҳаракатларидан ҳайратга тушган.

«Ўйлашимча, у (Путин – таҳр.) Россия ҳарбийлари дуч келаётган муаммолардан эндиликда кўпроқ хабардор этилган. Лекин улар (рус ҳарбийлари – таҳр.) қандай мураккаб ҳолатда қолгани ҳақида у тўлиқ тасаввурга эга ёки эга эмаслиги номаълум», – дейди  Э.Ҳейнс.

Қўшма Штатлар разведкасига кўра, Россия ҳарбийлари Украинада шу қадар кўп ҳарбий захирани ишлатмоқдаки, рус мудофаа саноати камчиликларни тўлдиришга улгура олмаяпти.

«Россия ҳарбий ўқ-дориларни жуда тез ишлатмоқда. Буни ноодатий ҳолат деб атаган бўлар эдим. Ўрганишларига қараганда, улар ҳозирги босқичда ишлатиб бўлинган захира ўрнини мустақил тўлдиришга қодир эмас», – дейди  АҚШ разведка раҳбари.

Аввалроқ президент Владимир Зеленский Россия армияси Украинага 4700 дан ортиқ ракета учиргани, юзлаб ракеталар тураржой бинолари, корхоналар, электр станцияларига келиб тушаётганини айтган эди.

Қўшма Штатлар жосуслик хизмати мушкул вазиятда қолган Россия ҳарбий кўмак сўраб Шимолий Корея ва Эронга мурожаат қилди деб ҳисоблайди. Шимолий Корея чекланган миқдорда кўмак кўрсатган. Эрон эса ҳарбий дронлар етказиб берган.

Якшанба куни Буюк Британия мудофаа вазирлиги Россия жамоатчилиги орасида урушни қўллаб-қувватловчилар сафи сийраклашиб бораётганини маълум қилган. Кремль ахборот маконини назорат қилишга зўр бериб ҳаракат қилаётганига қарамай, сафарбарлик тадбиридан кейин уруш нафаси кўплаб хонадонларга бевосита кириб борди.

Сўнгги ёпиқ ижтимоий сўровлар Россиядаги 55 фоиз аҳоли Украина билан музокара ўтказишни талаб қилаётгани, 25 фоизи эса уруш тарафдори эканини кўрсатди.  

«Левада-центр» ноябрь ойида ўтказган сўровда ҳам шунга яқин натижа қайд этилган: 53 фоиз респондент тинчликни, 41 фоизи эса урушни ёқлаган.

Аввалроқ Россиянинг Қора денгиз флоти Украина билан урушда жанговар кучининг 15 фоизини йўқотгани хабар қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг